Дунёдаги вазият: Covid-19 изларини канализациядан излашмоқда, эпидемия ёзгача тугамайди

Дунёда коронавирусдан зарарланиш ташхиси қўйилганлар сони 43 миллионга яқинлашди. Сўнгги бир кунда дунёда яна 465,3 минг киши коронавирусга чалинди ва бу бутун пандемия даврида бир кеча-кундузда Covid-19 билан касалланиш ҳолатлари сони бўйича энг юқори кўрсаткичдир. Бундан аввалги энг юқори кўрсаткич 23 октябрда қайд этилган, ўшанда бир кунда 423,8 минг кишида коронавирус аниқланганди.

Фото: Reuters

Жонс Ҳопкинс маълумотларига кўра, жаҳон рейтингида АҚШ, Ҳиндистон ва Бразилиядан кейин тўртинчи ўринда Россия жойлашган. Узоқ вақт давомида Испания эгаллаб турган бешинчи ўринга эса Франция чиқиб олди, олтинчи ўринга Аргентина чиққан, Испания еттинчи ўринда. Саккизинчи ўриндаги Колумбияда ҳам касалланиш ҳолатлари сони миллиондан ошган.

Шу кунларда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти шимолий яримшарда жойлашган мамлакатлар «критик босқич»да тургани ҳақида огоҳлантирди.

«Биз Covid-19 касаллиги пандемиясининг жуда муҳим чорраҳасида турибмиз, айниқса, шимолий яримшарда. Кейинги бир неча ой жуда оғир бўлади, баъзи мамлакатлар хавфли траекторияда турибди», дея огоҳлантирган ЖССТ бош директори Тедрос Адханом Гебрейесус. 

ЖССТ раҳбари кўплаб давлатларда касалланиш ҳолатлари кескин ошиши кузатилгани, бу эса яқин вақт ичида соғлиқни сақлаш тизимидаги ресурсларнинг тугаб қолиш хавфини юзага келтиришини айтиб, дунё мамлакатлари раҳбарларини шошилинч чоралар кўришга ва ўлим даражаси, касалланиш тезлиги ошишининг олдини олишга чақирган.

АҚШ: иккинчи тўлқин ва президентлик сайловлари
АҚШда ҳукумат иккинчи тўлқинни тийиб туриш учун кўраётган чораларга қарамасдан кунлик касалланиш ҳолатлари рекорд даражага етмоқда.

BOSTON GLOBE/GETTY IMAGES

Соғлиқни сақлаш соҳаси бўйича федерал органлар маълумотларига кўра, жума куни мамлакатда коронавирусдан зарарланиш билан боғлиқ 83010 та янги ҳолат қайд этилди, шанба куни ҳам бу кўрсаткич 80 мингга яқин бўлди.

АҚШнинг бош жарроҳи Жером Адамс шифохонага ётқизилаётганлар сони ҳам кескин ўсиб бораётгани, шу билан бирга, шифокорларнинг саъй-ҳаракатлари эвазига ўлим даражаси пасайишда давом этаётганини қайд этиб ўтган.

Covid Tracking Project маълумотларига кўра, АҚШда пандемия бошидан буён 8,5 миллиондан ортиқ ҳолат қайд этилган. Жума куни кунлик касалланиш ҳолатлари 6 мингга ўсган, бундан аввалги рекорд 17 июль куни кузатилганди – 76,8 минг ҳолат.

Сўнгги бир ҳафтада АҚШда қарийб ярим миллион киши касалликка чалинди – бу ҳам июль ойи охиридан буён қайд этилган янги рекорд кўрсаткичдир.

Коронавирусдан зарарланиш оқибатида вафот этганлар сони ҳам сўнгги етти кунда доимий равишда ўсган, аммо бу ҳали апрелдаги кўрсаткичдан кам – апрелда кунига 2 минг киши ўлими қайд этилганди.

Шифохоналарга оғир аҳволда келтирилаётганлар сони ҳам ўсмоқда. Жума куни ҳолатига кўра, шифохоналарда даволанаётганлар сони 40 мингдан ошиқни ташкил этган.

АҚШнинг Ўрта Ғарби пандемиядан энг кўп жабрланган ҳудуд бўлиб қолмоқда, Covid-19’дан зарарланиш ҳолатлари сони, айниқса, Шимолий Дакота, Монтана ва Висконсинда кўп.

АҚШ президентлиги учун сайловларда муҳим штатлардан бири бўлмиш Оҳайода қаторасига уч кун давомида кунлик касалланиш ҳолатлари бўйича рекорд қайд этилган.

Бошқа штатларда, хусусан, Иллинойс ва Индианада ҳам рекордга яқин кунлик ўсиш ҳолатлари кузатилган.

Коронавирус АҚШда президентлик кампаниясига қандай таъсир қилмоқда?
АҚШда коронавирус авж олиши президентлик кампанияси даврида асосий мавзулардан бўлди.

Президент Дональд Трамп унинг рақиби Жо Байден пайшанба кунги дебатларда ҳам бу масалани муҳокама қилди, икки номзод пандемиянинг кейинги даври бўйича бир-биридан кескин фарқ қилувчи қарашларини ифодалашди.

Жума куни Флоридадаги митинг вақтида президент Трамп ўз тарафдорларига пандемия тез орада тугашини ваъда қилди ва Байденни одамларни қўрқитиб, кўпроқ овозга эга бўлиш мақсадида инқирозли ҳолатни бўрттиришда айблади. 

Ўз навбатида, Делавэрда чиқиш қилган Байден президент вирусни жиловлаб туришни истамаётганини қайд этиб ўтган.

Собиқ вице-президент агар сайловда ғалаба қозонса, штатлар губернаторларидан тиббий ниқобни мажбурий қилишни, коронавирусни аниқлаш бўйича миллий тест режасини жорий этишни ва махсус ҳимоя воситаларини кўпроқ ишлаб чиқаришни йўлга қўйишни сўрашини ваъда қилган.

Шунингдек, Байден ҳар бир америкалик учун текин вакцина ваъда қилган. Шунга ўхшаш режа сентябрь ойида Оқ уй ташаббуслари доирасида федерал ҳукумат томонидан ҳам эълон қилинганди.

Польша президенти Covid-19’га чалинди

Польша президенти Анжей Дуда коронавирусга чалинди. Матбуот котиби мамлакат раҳбари ўзини яхши ҳис қилаётганини айтган. 

48 ёшли Дуда жума куни тест топширган, шу куни мамлакатда янги касалликка чалинганларнинг кунлик сони бўйича навбатдаги рекорд қайд этилганди – 13600 янги ҳолат.

Дуда – Covid-19га чалинган илк давлат раҳбари эмас: бунга қадар АҚШ президенти Дональд Трамп, Буюк Британия бош вазири Борис Жонсон, Бразилия президенти Жаир Болсонару, Боливия президенти вазифасини вақтинча бажарувчи Жанин Анес ва Қозоғистоннинг биринчи президенти Нурсултон Назарбоев ҳам ушбу касалликни бошдан кечирганди.

Польшада умуммиллий карантин жорий этилган, унга кўра, мактаблар ва ресторанлар ёпилган.

Дуда коронавирусни қаерда юқтириб олгани маълум эмас, аммо у душанба куни Таллинда бўлиб, Болгария президенти Румен Радев билан учрашганди, у ҳозирда ўзини иҳоталаган.

Британияда вирус канализациядан изланмоқда

Англия, Уэльс ва Шотландияда 90 та оқова сув тозалаш иншоотларида канализация сувлари таркибида коронавирус борлигини текшириш ишлари олиб борилмоқда.

Бундан мақсад коронавирус кенг авж олишини олдиндан аниқлаш ҳисобланади.

Аввалроқ олимлар вируснинг генетик моддаси парчаларини одам ахлатидан ҳам топиш мумкинлигини айтишганди.

Плимутда ўтказилган муваффақиятли синов ушбу ҳудуддаги инфекция кластерини аниқлади, Шотландиядаги олимлар ҳам тадқиқ этилган ҳудудларда оқова сувда вирус изларини топишди.

Натижалар Covid-19’дан зарарланиш ҳолатлари қайд этилган ҳудудларга тўла мос келган.

Маълум бир ҳудудда аҳолининг аксар қисми касалликни аломатларсиз ўтказсада, вирус парчаларини аниқлаш мумкинлиги муҳимдир.

«Биз сўнгги 10 йил мобайнида оқова сувда норовирус ва гепатит каби вирусларни кузатиб келганмиз. Биз шу йил мартида Covid-19 ни ҳам рўйхатга қўшгандик», деган ушбу тадқиқотда иштирок этаётган профессор Дэйви Жонс.

Неаполдаги тартибсизликлар

Ivan Romano/Getty Images

Неаполда қатъий карантин чораларига қарши бўлганлар намойишларга чиқишди. Акция полиция билан тўқнашувларга айланиб кетди.

Айрим намойишчилар полициячиларга қарата тутунли гранаталар ва петардалар улоқтиришган, бунга жавобан полиция кўздан ёш оқизувчи газ қўллаган.

Намойишчилар Кампания вилоятида касаллик авж олиши туфайли жума куни кечқурун кучга кирган комендантлик соатини бузишган.

Минтақа раҳбари Винченцо де Лука аввалроқ умуммиллий карантин жорий этишга чақирганди.

Франция: коронавирус ёзгача қолади, иккинчи тўлқин биринчисидан ёмонроқ бўлиши мумкин

Франция президенти Эмманюэль Макрон шифохонага ташрифи вақтида олимларнинг сўзларига асосланган ҳолда, вирус ҳеч қаерга йўқолмаслиги ва энг ижобий сценарийга кўра кейинги йил ёзигача сақланиб қолишини маълум қилди.

У ҳозирча Францияда тўлиқ ёки қисман локдаун жорий этиш тўғрисида гапиришга эрталигини ҳам қўшимча қилиб ўтган.

Бу ҳафтада мамлакатнинг 38 та ҳудудида комендантлик соати жорий қилинган – бу чоралар мамлакат аҳолисининг 46 миллионга яқинига таъсир кўрсатганди.

Кечқурунги соат 21:00дан эрталабки соат 6:00га қадар амал қилувчи комендантлик соати вақтида одамлар уйида қолиши, фақат ишга бориш ёки ишдан қайтишда ёки тиббий ёрдам учун борувчиларга ҳаракатланишга рухсат берилади. Акс ҳолда, 135 евролик жарима қўлланади.

Макроннинг айтишича, комендантлик соати кунлик касалланиш ҳолатлари сони 3-5 мингтагача тушганида юмшатилиши мумкин. Мамлакатда сўнгги марта бундай паст кўрсаткичлар август ойи охирида қайд этилганди.

Бу вақтда Париждаги шифохоналар гуруҳи раҳбари иккинчи тўлқин биринчисидан кўра ёмонроқ бўлиши мумкинлигидан огоҳлантирмоқда.

«Сўнгги ойларда иккинчи тўлқин йўқлиги ёки бундан кейин катта тўлқин бўлмаслиги ҳақида фикрлар шаклланди. Лекин асл вазият бунинг тескариси», деган Мартин Ҳирш.

Россиядаги вазият

Фото: Reuters

Россияда сўнгги кунларда кунлик ўсиш 16 мингдан паст бўлмаяпти.  Жума куни 17,3 минг, шанба куни 16,5 минг, якшанба куни 16,7 минг янги касалланиш ҳолати қайд этилди. Сўнгги бир кунда 229 киши вафот этди (бир кун олдин 296 киши).

Шу вақтгача касаллик аниқланганлар сони 1,5 миллиондан ошган. Шу вақтгача 1,1 миллион бемор тузалиб, 26 мингдан ортиқ киши коронавирус қурбони бўлган.

Москвада сўнгги бир кунда яна 4455 кишида коронавирус аниқланган. «1339 киши шифохонага ётқизилган. Москвадаги шифохоналарда 300дан ортиқ киши реанимация бўлимларида қолмоқда», дейилган оператив штаб маълумотида.

Шу кунларда Москва мэри Сергей Собянин коронавирус эпидемияси секинлашаётгани ва кўтарилиш кутилмаётгани ҳақида гапирганди.

Бошқа давлатлардаги вазият
Испания шу ҳафта бошида Европада миллиондан ортиқ ҳолат қайд этилган илк Европа давлати бўлганди. Аммо жума куни мамлакат бош вазири Педро Санчес пандемия даврида қайд этилган ҳақиқий касалланиш ҳолатлари сони уч миллиондан ошиши ҳақида гапирди.

Санчес испанларни «қатьиятли бўлишга, ижтимоий масофа сақлашга ва карантин қоидаларига амал қилишда якдилликка» чақирди, аммо коронавирусга қарши кураш доирасида қандайдир янги чоралар ҳақида эълон қилмади. Мамлакат соғлиқни сақлаш вазирлиги Санчесдан комендантлик соати жорий этишни талаб қилганди, аммо ҳудудий маъмурлар иқтисодиётга келтириши мумкин бўлган зарари туфайли бундай чеклов чоралари жорий этишга розилик билдиришмаяпти.

Мадридда икки ҳафталик чеклов чоралари муддати ҳам якунланди – маҳаллий расмийлар бунга қарши бўлишганди. Бу даврда шаҳарда ёпиқ муассасаларда кечки пайт йиғилиш тақиқланганди. Барларга ташриф буюрувчилар сони 50 фоизга чекланганди.

Чехия бош вазири Андрей Бабиш республика соғлиқни сақлаш вазири Роман Примулидан истеъфога чиқишни сўради – аввалроқ журналистлар уни карантин даврида ёпиқ туриши керак бўлган ресторандан ниқобсиз чиқаётганида пайқаб қолишганди.

Нидерландлар беморларни яна Германияга юбора бошлашди, бу давлат интенсив терапия бўйича муваффақиятли натижаларга эришган.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *