Енгил атлетикачиларимиз янгича форматда онлайн машғулот ўтказишди

Хабарингиз бор, Олимпия спорт турлари бўйича терма жамоамиз вакиллари карантин даврида онлайн машғулотлар олиб боришмоқда. Бугун ана шундай машғулотлардан бири енгил атлетика бўйича терма жамоамиз учун ташкил қилинди. Тадбирда МОҚ, Ўзбекистон енгил атлетика федерацияси мутасаддилари, спортчи ва мураббийлар иштирок этишди. Машғулотни терма жамоа бош мураббийи Гузал Хуббиева олиб борди.

Таъкидлаш жоиз, бугунги машғулот янгича табата-машқлар форматида ўтказилди. Дастввал, Гўзал Хуббиева табата-машғулот қандай дастур экани ва унинг хусусиятлари ҳақида гапириб берди. Табата-машғулот анаэробик машқлар рўйхатига киритилган ва бир нечта блокларга бўлинади. Бу тўплаб спортчининг иродасини мустаҳкамлаш ва мушакларини ривожлантиришда катта ёрдам беришини таъкидлади.

Машғулот танани қиздириш машқлари билан бошланди. Кейин атлетлар навбати билан юклама машқларини бажариб боришди. Тўпламдаги ҳар бир блок алоҳида машқларни ўз ичига олади ва спортчилар уни бажаргач ҳордиқ чиқариб олиш имкониятига эга бўлишади. Бунда машғулот ҳам, дам олиш ҳам 10 сонияни ташкил қилади.

Онлайн машғулот якунида мураббий спортчилардан янгича йўналиш ҳақидаги фикрларини сўради. Атлетларимиз эса бу методни бир овоздан маъқуллаб, ўзгача ёндашув учун мураббийга ўз миннатдорчилигини билдириб ўтишди. Сўз якунида федерация раҳбарияти спортчилардан доимо хавфсизлик ва карантин қоидаларига риоя қилишларини яна бир карра сўраб қолди.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *