Жанубий Кореяда коронавирусга чалинганлар сони 23 кишига ошиб, 11 165 нафарга етди

Жанубий Кореяда ўтган бир суткада 23 киши коронавирусга чалиниб, қайд этилган касалланишларнинг умумий сони 11 165 нафарга етди, деб хабар бермоқда «РИА Новости» мамлакат Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Касалликлар назорати ва профилактикаси маркази (KCDC) маълумотларига таяниб.

Сўнгги сутка давомида 32 киши касалликдан тузалиб, мамлакат бўйлаб соғайганларнинг умумий сони 10 194 нафарга етган. Вирус қурбонлари сони эса 266 нафарни ташкил қилмоқда.

Жанубий Кореядаги битирувчи синф ўқувчилари 20 майдан бошлаб онлайн таълимдан сўнг мактабларга қайтганди. Бироқ биринчи кунданоқ айрим шаҳарларда коронавирусга чалиниш ҳолатлари қайд этилган. Шу сабабли аксарият мактаблардаги ўқувчилар яна уйга қайтарилган. Икки ўқувчи коронавирус юқтириб олган Инчхон шаҳрида ҳукумат вояга етмаганларнинг барчасига караоке-клубларга боришни тақиқлаб қўйди. Караоке хоналари эса барча фуқаролар учун бутунлай ёпилди.

Янги касалланиш ҳолатлари кўпайишига коронавирус борлиги гумон қилинган ва кейинчалик тасдиқланган 29 ёшли йигитнинг 2 майга ўтар кечаси Кёнгидо провинциясидаги Йонъин шаҳридан Сеулнинг одам гавжум бўлган Итхэвон ҳудудига боргани ва у ерда бир нечта клуб ва барларга киргани сабаб бўлган. Клублардаги бошқа шаҳарлардан дам олгани келган бир қатор шахслар ҳам вирус юқтириб олган. Айни пайтда клуб билан боғлиқ ҳолда касаллик юқтирганлар сони 215 нафарга етган.

Касаллик авж олмаслиги учун ҳукумат барча клублар ва кўнгилочар масканларни 7 июнгача ёпган. Касалланганлар сони камайган тақдирда ҳам аҳолини ҳушёр туришга чақирган.

Мамлакат соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, коронавирусга чалиниш билан боғлиқ аниқланган барча ҳолатларнинг 94 фоиздан ортиғида касаллик аломатларсиз кечган. Бу эса мамлакатда аслида қанча одам касалликка чалинган бўлиши мумкинлиги ҳақида ҳукуматни ўйлантириб қўйган. Шу муносабат билан 2020 йилда коронавирус антитанасини аниқлаш учун мамлакатдаги барча аҳолини скрининг текширувдан ўтказиш режалаштирилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Жанубий Кореяда бир ойлик пасайишлардан сўнг 10 май куни коронавирусга чалинганлар сони кескин ошганди.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *