Жасур Бойқўзиев: «Ўзим ета олмаган орзуга шогирдим орқали эришмоқчиман»

Бу спортчига ортиқча таъриф беришга ҳожат йўқ, оғир вазмин, ҳаётнинг турли синовларига бош эгмасдан фақат олдинга қараб интилади. Ўзбек таэквондосида ёрқин ғалабаларга эришган атлет.

2015 йил Россиянинг Челябинск шаҳри мезбонлик қилган таэквондо бўйича жаҳон чемпионатининг 87 кг вазн тоифасида кумуш медалига эга чиққан, 2012 йил Осиё чемпионатида шохсупанинг иккинчи поғонасидан жой олган, 2014 йил қитъа чемпиони ва 2016 йил Осиё чемпионатининг бронза медали соҳиби, 2014 йил Инчеонда ўтган Осиё ўйинлари ғолиби. Ҳозирда Ўзбекистон терма жамоасида катта мураббий бўлиб фаолият олиб бораётган Жасур Бойқўзиев билан суҳбатлашдик.

– Ҳар бир инсоннинг спортни танлашига кимдир сабабчи бўлади, сиздачи?
– Спортни танлашимга дадам сабабчи бўлганлар. 6 ёшдан спорт билан шуғулланиб келаман ва ҳамма спорт турларига меҳрим баланд. Дзюдо, карате, футбол ва 2002 йилдан таэквондо спорт тури билан шуғулланаман.

– Спорт сизни нимага ўргатди?
– Спорт мени тарбиялади, меҳнат қилишни ўргатди. Ҳар бир сониядан унумли фойдаланишни, одобни, одамлар билан муомала қилишни, жамоада ишлашни, кимга қандай муомала қилишни, иродали бўлишни ва йиқилганда тура олишни ўргатди.

– Жуда вазмин инсонсиз. Сизни хурсанд ва маҳзун бўлган вақтингизни ҳам билиш қийин. Бу сизнинг табиатингизми?
– Тўғрисини айтсам бу саволга жавоб беришим қийин, балки бу менинг тактикамдир (кулади). Хурсанд ёки маҳзун бўлишимни билиш қийин. Сабаби табиатан озгина тортинчоқ бўлсам керак.

– Ҳаётда инсон ўрнини топиш учун нима қилиши керак?
– Биринчи навбатда ўзи яхши кўрадиган касбини танлай олиб, шунинг устида тинмай меҳнат қилиши керак деб ҳисоблайман.

– Спортда кўплаб ютуқларга эришдингиз, лекин қалбингизни бир четида яшириб қўйган ва амалга ошмаган қайси мусобақа армон бўлиб қолди?
– Тўғри, деярли ҳамма мусобақаларда совриндорлар қаторидан жой олганман. Мен учун Олимпия ўйинларида қатнашиб, шоҳсупага кўтарила олмаганим армон бўлиб қолган. Лекин бундан хафа бўлмайман. Сабаби Ўзбекистон тарихида биринчилардан бўлиб Осиё чемпиони ва Осиё ўйинларида олтин медаллар олганман, Гран-При турнирларида совриндорлар қаторидан жой олганман …

– Бугунги кунда мураббийсиз. Мураббийликнинг нонини ейиш қийин эмасми?
– Албатта, мураббийлик жуда масъулиятли иш экан ва шу билан бирга сизни руҳлантирадиган касблардан бири. Сиз мусобақадан олдин ойлаб, йиллаб жуда қийналасиз, ўйлайсиз, асабийлашасиз. Лекин шогирдингиз мусобақаларда сиз қўйган талабни бажара олса, роҳатланар экансиз. Сониялар ичида сиз ўзингизда йўқ хурсанд бўласиз. Ҳамма қийинчиликлар эсдан чиқиб кетар экан …

– Бугунги вазият барчамизда уйда қолишни тақозо этмоқда. Шу вазиятда нималар билан машғулсиз?
– Ҳар куни уй шароитида машғулот қилаяпман, китоб ўқияпман, кино кўраяпман ва шогирдларим билан онлайн машғулотлар олиб боряпман.

– Ҳаётда Жасур Бойқўзиев бўлиб ўз ўрнингизни топишда ёрдам берган қай бир инсонга таъзим қилган бўлар эдингиз?
– Биринчи навбатда ота-онамга. Қолаверса, мана шундай натижаларга эришишим учун кўмак бўлган мураббийларимга, мен билан шуғулланган тенгдошларимга. Шунингдек, доимий мен билан бирга бўлган аёлимга…

Тилакларингиз?
– Барчани ҳозирги карантин кунларида барча қоидаларга қатъий риоя этишларини ва соғ-саломат мана шу қийинчиликлардан чиқиб олишимизни тилаб қолардим. Ҳеч ким касал бўлмасин. Ёшларимиз эса ҳамиша интилишдан толмасин деб қоламан.

Ўзбекистон таэквондо ассоциацияси матбуот хизмати.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *