Жасур Жалолиддиновнинг дастлабки интервьюси

Москванинг “Локомотив” клуби билан беш йиллик шартнома имзолаган иқтидорли легионеримиз Жасур Жалолиддинов куни кеча ижара эвазига “Тамбов” клубига кўчиб ўтди.

Бунгача эса ҳамюртимиз “Локомотив”да анча муддат бўлди, машғулотларда доимий равишда қатнашиб юрди. Фақат рақобат кучли эди. Жасурга эса ўйин амалиёти муҳим эди. Шу сабабли “Локомотив” умидли футболчисини ижарага беришга қарор қилди. Жалолиддинов эса “Тамбов”га кўчиб ўтганидан кейин дастлаб sports.uz мухбирига интервью берди.

– Дастлаб сизни “Тамбов” клубига кўчиб ўтганингиз билан табриклайман. Аввалига ушбу ўтиш қандай юз бергани ҳақида тўхталсангиз…

– Табрик учун раҳмат. “Тамбов” жамоасига ўтишим жуда тез содир бўлди. Менимча, ҳамма мени Россияда қолишимни хоҳлаётганди. Айниқса, Россия премьер-лигасида ўйин амалиётига эга бўлишим ҳар томонлама муҳим эди. Буни агентларим ҳам, мухлисларимиз ҳам хоҳлаб туришганди. Шунинг учун барча истаётган нарса амалга ошганидан хурсандман. “Локомотив”дагилар мени Ўзбекистонга қўйиб юборгиси келмаётганини, Россиядан клуб топиб бермоқчилиги ҳақида айтишганди. Бу билан уларнинг кўз остида бўлиб туришимни хоҳлаётганларини маълум қилишганди. Яқинда эса клубдан қўнғироқ қилишиб, ҳамма масала ҳал бўлганини айтишди ва менга “Тамбов” варианти ҳақида айтишди, мен эса розилик билдирдим. Икки кун ичида ҳаммаси ҳал бўлди. Икки кун олдин эса “Тамбов” ҳақида билмасдим. Янги жамоада эса мени яхши кутиб олишди, ҳаммаси жойида.

– Янги клубда 7-рақамда ўйнайдиган бўлибсиз-а? Бу рақамни ўзингиз танладингизми ёки клуб тавсия қилдими? Шу билан бирга “Тамбов” бош мураббийи Сергей Першувин билан учрашувингиз қандай ўтди?

– Мен ҳали рақам ҳақида ўйламагандим. Биринчи навбатда ўтиш хусусида ўйлаб юргандим. “Тамбов”га борганимда ўзлари менга, сенга 7-рақамни берамиз, сени қониқтирадими, деб айтишди ва мен “ҳа” дедим. Албатта, бош мураббий билан ҳам гаплашиб олдик. У билан ҳамма масала бўйича суҳбатлашдик. “Тамбов”га қўлимдан келганича ёрдам беришимни айтдим. Улар ҳам мени қўлга киритишни хоҳлашгани ҳақида айтишди. Худо хоҳласа, биргаликда яхши иш олиб борамиз, деб менга ишонч билдирди. Янги жамоам менга жуда ёқди. У ерда кўпроқ ёши катта ўйинчилар тўп суришади. Тўғриси, менга айнан ёши катта футболчилар билан бирга ўйнаш ёқади. Чунки улардан кўп нарса ўрганса бўлади, тажрибалари катта. Шу сабабли керак бўлса, ҳар куни янги жиҳатларни ўрганиш мумкин. Қолаверса, керакли маслаҳатларини ҳам бериб туришади. “Бунёдкор”да ҳам Лутфулла Тўраев, Анвар Ғофуров ва Мурод Зуҳуров каби ёши катта ўйинчилар билан ўйнаб, улардан анча нарса ўрганганман. “Тамбов”даги фаолиятим эса мен учун фақат фойдали бўлади деб ўйлайман.

жасур

– Албатта, биз ҳам у ердаги фаолиятингиз ўзингиз учун фойдали бўлишига ишонамиз. Аслида эса сизни Россияга кўчиб ўтганингиз ҳамда “Локомотив” билан 5 йиллик шартнома тузганингиз фаолиятингизда катта қадам бўлганди. Аммо у ерда рақобат ўта кучли бўлганини ҳам яхши биламиз. Сизни чемпионатда қатнашадиган ўйинчилар рўйхатидан чиқаришганида агентингиз Юрий Белоус бу масалада сизни қўллаб-қувватлаб ўз муносабатини билдирганини ўқидик. Мана шу жараён қандай юз берганига ҳам тўхталсангиз…

– Буни тўғри ва оддий қабул қилиш керак деб ўйлайман. Чунки бу нарсалар ўзидан-ўзи бўлиб қолгани йўқ. Менимча, ҳамма “Локомотив”даги вазият қандайлигини билиб турибди. Клуб Европа Чемпионлар лигасида ўйнаши керак. Жамоанинг олдида эса катта мақсадлар турибди. Ҳозирги вазиятдан келиб чиқиб айтадиган бўлсак, “Локомотив”га тайёр ва тажрибали ўйинчилар керак эди. Агар легионерлар бўйича лимит бўлмаганида у ерда қолардим деб 100 фоизга айта оламан. Фақат лимит масаласида муаммо бўлиб қолди. Клубда легионерлар кўпайиб кетди. Натижада мени ижарага беришди. Лекин мен билан боғлиқ вазиятда барчаси олдиндан аниқ эди, деган гапларга қўшилмасдим. Ишонч билан айтишим мумкинки, олдиндан ҳеч нима маълум эмасди. “Локомотив”да бекорга бунча кўп вақт юрганим йўқ. Фақат клуб охирги лаҳзаларда мени ижарага бериш қарорига келди. Агар ҳаммаси аввалдан аниқ бўлганида “Локомотив”га келган кунимнинг эртасигаёқ кетган бўлардим. Ўзим эса жамоада қолиш учун охиригача ишондим. Бироқ ижарага кетсам ҳам ҳеч қандай фожеа бўлмаслигини, аксинча ўйин амалиётига эга бўлишимни ва ҳаммаси яхши бўлишини билиб юргандим. Яъни, вазиятни тўғри тушуниб тургандим. Аммо ўзим “Локомотив”да охиригача қолишга ҳаракат қилдим. Лекин менинг ижарага кетишим ёмон нарса эмас. Ўйлашимча, барчаси яхши бўлди.

– Бўлмасамчи! Ахир сиз ҳамон Россия премьерлигасида ўйнаш имкониятига эгасиз. Бу “Локомотив” бўладими ёки “Тамбов”ми, муҳими ёшингизга нисбатан қарасак, барибир сиз кучли чемпионатда қолдингиз. “Локомотив”да тақдирингиз ҳал бўлаётган маҳалда тушкунликка тушиб қолиш ёки хавотирли вазиятлар сизда кузатилмадими?

– Йўқ, кайфиятга ҳеч қандай таъсири бўлмади, тушкунликка ҳам тушиб қолмагандим. Чунки юз бераётган вазиятни тўғри тушуниб тургандим. “Тамбов”га ўтганимдан хурсандман. Бу ерда ўйин амалиётига эга бўламан деб умид қиламан. “Локомотив”да юрган пайтларимда эса тушкунликка тушмадим. Жамоа билан доимий равишда машғулотларда қатнашиб юрдим. Ҳаммаси яхши эди. Фақат ўйнамай тургандим холос. Ҳолбуки, “Локомотив”да мени яхши қабул қилишганди. Ҳаммси зўр эди. Мураббийларнинг менга эътибори яхши эди, ўйинчилар билан ҳам муносабатим жойида эди.

жасур6

– Воқеалар ривожи мана шундай тус олаётган пайтда ўзингизга ёки клубингизга яна бошқа таклифлар ҳам бўлдими?

– Тўғриси, бошқа таклифлар ҳақида билмадим. Қаерлардан қизиқишлар бўлгани хусусида қизиқмадим ҳам. Бутун ҳаёлим фақат “Локомотив” билан банд эди. Лекин ўзим ҳам бошқа клубга ижарага кетишим мумкинлигини тахмин қилиб тургандим. Шунчаки, қаергалигини ҳеч кимдан сўрамаётгандим. Фақат икки кун ичида ҳаммаси ҳал бўлди. Шунчаки, менга ҳаммаси ҳал бўлганини, тезроқ ҳаракат қилиш кераклигини айтишди.

– Ишонамизки, сиз “Локомотив”га янада тажрибали ўйинчи сифатида қайтасиз. Бунинг учун “Тамбов”да ўзингизни кўрсатишингиз лозим. Янги жамоангизда дастлабки машғулотингизни ҳам ўтказдингиз. Аммо “Локомотив” билан “Тамбов”нинг мақсадлари турлича. Бундай пайтда янги жамоада ўзингизни қандай ҳис қиляпсиз ва олдингизга шахсий қандай вазифалар қўйяпсиз?

– Ўзимнинг мақсадим янада ўсиш ва Россия премьер-лигасига мослашиш. Бу ерда ўзимни яхши томонлама кўрсатишни истаяпман. Тўғри айтяпсиз, “Локомотив”га тайёр ўйинчи сифатида бормоқчиман. “Тамбов”нинг мақсади эса элитада жон сақлаб қолиш. Бу йўлда мен ҳам бор кучимни ишга солиб ёрдам беришга ҳаракат қиламан.

жасур2

– 18 октябрь куни “Тамбов” чемпионат доирасида “Ротор”га қарши ўйнайди. У ерда эса ҳамюртимиз Максим Шацких мураббийлар штабидан ишлаётганини яхши билсангиз керак. У эса сиз ҳақингизда маълумотларга эга эканлигини ва кузатганини айтди. Яъни, “Ротор”га қарши баҳс сизнинг премьер-лигадаги дебютингизга айланиши мумкин. Шу боис бўлажак учрашувни қанчалик кутяпсиз?

– Ҳаммасидан хабарим бор. Шацкихнинг мен тўғримда билдирган фикрлари учун катта раҳмат. Кўп вақт ўйин амалиётисиз қолиб кетганим учун ўзим ҳам тезроқ ўйнашни кутяпман, соғиндим десам ҳам бўлади. Аммо “Ротор” билан учрашувда дебютим бўладими ёки йўқми, буни аниқ билмайман. Чунки “Тамбов”га тўрт кун дам олгач, кейин қўшилдим. Шу боис нима бўлишини билмайман. Мураббийлар ҳолатимга қараб қарор чиқаришса керак.

– “Локомотив”га борган дастлабки кунларда сиз билан гаплашганимизда клубнинг тажрибали ўйинчиларидан бири Гильерме анча-мунча ёрдам бераётгани ҳақида айтгандингиз. Ўтган вақт давомида “Локомотив”да яна қайси футболчилар билан яқин муносабат ўрнатдингиз ва “Тамбов”га келгач, кўпроқ қайси ўйинчилар билан мулоқот қиляпсиз?

– Ўтган кунлар мобайнида “Локомотив”нинг ҳар бир футболчиси билан яқин муносабат ўрната олдим. Алоқаларимиз яхши бўлди. Аммо энг кўпи барибир Гильерме билан кўпроқ гаплашардим. “Тамбов”да эса энди иккинчи куним. Ҳали ҳамма билан тўлиқ танишиб чиқишга улгурмадим. Яқин кунларда жамоанинг барча аъзоси билан танишиб оламан.

жасур4

– Россия премьер-лигасида сиздан ташқари Остон Ўрунов ва Элдор Шомуродов ўйнаётганди. Элдор эса яқинда “Женоа”га кетди. Улар билан ҳам доимий равишда алоқада бўлдингизми, яъни, ўзингизни ёлғиз ҳис қилмадингизми?

– Ҳа, улар билан доимий алоқада бўлиб турганман. Остон ака билан Москвада тез-тез кўришиб турардик. Элдор ака билан ҳам доимо гаплашиб тураман.

– Яқинда миллий терма жамоамиз йиғин ташкил қилиб, иккита ўртоқлик учрашувини ўтказди. Вадим Абрамовнинг ушбу йиғинга сизни ҳам чақиришини кутганлар кўп эди…

– Ҳозирги пайтда ўзимни терма жамоага лойиқман деб ўйламайман. Чунки ўйин амалиётисиз қолиб кетдим. Шу томонлама қараганда, мени чақиришмагани тўғри бўлди деб ҳисоблайман.

– Суҳбат учун раҳмат, “Тамбов”даги фаолиятингизда омад тилаймиз.

– Миннатдорман.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *