Женевада Ўзбекистон президентининг БМТда берган таклифларини амалга оширишга киришилгани маълум қилинди

БМТнинг Женевадаги бўлинмасида Ўзбекистоннинг доимий вакили Улуғбек Лапасов президент Шавкат Мирзиёевнинг БМТ Бош Ассамблеяси 75-сессиясида илгари сурган таклифларига халқаро доирада қандай муносабат билдирилаётгани ҳақида маълумот берди.

«Ўзбекистон раҳбарининг БМТ Бош Ассамблеяси 75-сессиясида берган таклифлари долзарб ва жаҳон ҳамжамиятида талаб бўлган ташаббуслар сифатида баҳоланмоқда.

Масалан, БМТ Парламентлараро иттифоқи раҳбари Мартен Чунгонг барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш ва инсон ҳуқуқларини таъминлашда парламентларнинг ўрнини кучайтириш муҳимлиги тўғрисидаги ташаббусни юқори баҳолади. Унинг айтишича, Парламентлараро иттифоқ бу ташаббусни амалга оширишда ҳар томонлама ёрдам беришга тайёр.

Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияни қабул қилиш тўғрисидаги таклиф ҳақида Швейцариянинг International diplomat нашри бош муҳаррири ёшлар мавзусидаги ташаббусларни илгани суришда Ўзбекистон бошқа ҳар қандай давлатдан бир қадам олдинда юришини айтиб ўтди», – дея таъкидлади у.

Ўзбекистон коронавирус курашида сараланган 28та мамлакат қаторида

Улуғбек Лапасов
Фото: twitter.com/orbisswissphoto

Улуғбек Лапасовга кўра, пандемия даврида мамлакатларнинг ихтиёрий мажбуриятларни қабул қилиш тўғрисидаги кодексни ишлаб чиқиш таклифи Шавкат Мирзиёев томонидан биринчи марта шу йилнинг июль ойида Халқаро меҳнат ташкилоти ўтказган саммитда илгари сурилган эди.

«Ўзбекистоннинг коронавирус ва унинг оқибатларига қарши курашиш бўйича қилаётган ишлари ЖССТнинг бош директори Тедрос Гебрейесус ва ХМТ бош котиби Гай Райдер томонидан юқори баҳоланиб келинмоқда.

Дунёнинг фақатгина 28та мамлакати қаторида Ўзбекистон ҳам ЖССТ бош директори томонидан COVID-19’га қарши курашиш учун воситалардан фойдаланишни тезлаштириш ташаббусининг координацион кенгашига таклиф этилган.

Бу – республикага пандемияга қарши курашишда мувофиқлаштирилган глобал ҳаракатларни амалга ошириш, асосий муаммоларни ечиш учун қарор қабул қилишда фаол иштирок этишда ёрдам беради», – дея қайд этди Ўзбекистон вакили.

Тошкент халқаро иқтисодий форумга мезбонлик қилади

Таъкидланишича, давлат раҳбарининг иқтисодий соҳага оид таклифлари Женевада жойлашган халқаро иқтисодий ташкилотлар томонидан фаол қўллаб-қувватланмоқда. Масалан, яқинда БМТ Европа иқтисодий комиссиясининг минтақавий маслаҳатчиси Мария Апостолов Ўзбекистон томонидан берилган ҳар бир таклиф ташкилотда қизиқиш уйғотишини айтган.

Улуғбек Лапасовнинг фикрича, Ўзбекистонда кузатилаётган ривожланиш динамикаси бутун минтақага яхши таъсир кўрсатмоқда.

Шу муносабат билан Ўзбекистон 2021 йилда Марказий Осиё иқтисодиёти учун махсус дастур – СПЕКАда раисликка таклиф қилинган ва унинг доирасида йирик иқтисодий форум Тошкентда ўтказилиши режалаштирилмоқда.

«Қисқача айтганда, охирги йилларда президент томонидан олиб борилаётган изчил ички ва ташқи сиёсат, ижобий ўзгаришлар Женевада жойлашган халқаро ташкилотлар томонидан ижобий баҳоланмоқда. Масалан, бир вақтлар Ўзбекистон ХМТнинг «қора рўйхат»ида эди. Ҳозир эса ташкилот томонидан бошқаларга ўрнак қилиб кўрсатиладиган давлатлар қаторидамиз. Бу мамлакатдаги сиёсатнинг тўғрилиги ва у қўллаб-қувватланиб келинаётганини билдиради.

2017 йилда БМТ сессиясида Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган ташаббуслар ҳам оқилона амалга оширилмоқда. Халқаро доирада улар фақат Ўзбекистон эмас, балки бутун ҳамжамият тенг манфаатдор экани ҳақида билишади. Женевада халқаро шерикларимиз билан ҳамкорликда президентнинг ташаббусларини амалий бажаришга киришдик», – дейди Улуғбек Лапасов.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *