Жисмоний тарбия ва спорт вазирининг ўринбосари ҳоким этиб тайинланди

Бугун Тошкент шаҳар ҳокимлигида Халқ депутатлари Тошкент шаҳар кенгашининг навбатдан ташқари сессияси бўлиб ўтди. Сессияда ташкилий масалалар кўриб чиқилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг махсус қарори билан шу кунга қадар Жисмоний тарбия ва спорт вазирининг ўринбосари лавозимида фаолият кўрсатиб келган Шукуров Элбек Ҳабибуллаевич Тошкент шаҳар Сергели тумани ҳокими этиб тайинланди.

Элбек Шукуров – 1988 йил 18 мартда Тошкент шаҳрида туғилган. 2005-2009 йилларда Тошкент давлат аграр университетида таҳсил олган. Меҳнат фаолиятини 2009 йил “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати Марказий Кенгаши Халқаро муносабатлар, спорт ва ёшларни ҳарбий ватанпарварлик руҳида тарбиялаш бўлими бош мутахассиси сифатида бошлаган. Сўнгра “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати Марказий Кенгаши Халқаро алоқалар бўлими мудири, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати Тошкент шаҳар Кенгаши раиси ўринбосари, раиси, 2015-2018 йилларда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси аъзоси, 2018-2020 йилларда Тошкент шаҳар ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари, 2020 йил февраль ойидан ҳозирга қадар Жисмоний тарбия ва спорт вазирининг ўринбосари лавозимида фаолият олиб борган.

Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги жамоаси Шукуров Элбек Ҳабибуллаевичга вазирликда олиб борган самарали фаолияти учун самимий миннатдорлик билдиради ҳамда келгуси фаолиятида омад тилайди.

Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги
Матбуот хизмати​

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *