Жисмоний тарбия ва спорт вазири Дилмурод Набиев АОКАда ташкил этилган матбуот анжуманида иштирок этди

​Пандемия шароити туфайли Ўзбекистонда 2020/2021 ўқув йили учун олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонлари очиқ стадионларда ўтказилишидан хабарингиз бор. Бугун Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида ташкил этилган матбуот анжумани айнан шу мавзуга бағишланди. Унда Жисмоний тарбия ва спорт вазири Дилмурод Набиев ҳам иштирок этди.

Маълум бўлишича, жорий йилги ОТМларга кириш имтиҳонлари икки сменада ҳамда республика бўйича танлаб олинган 40 та стадионда ўтказилади.

–  155 та стадионни танлаб олиш жараёнида абитуриентларга қулай шароитлар яратиш нуқтаи назаридан куннинг чиқиши ва ботиши, умумий стадионнинг соялик даражаси неча соатга мўлжалланганига ҳам эътибор қаратилади. Маҳаллий ҳокимият органлари билан биргаликда соябонлар қўйилади, ота-оналарга кутиш жойлари, шифокорларга ҳам етарлича шароитлар яратиш каби ташкилий масалалар кўриб чиқилади, – деди матбуот анжуманида Д.Набиев. – Йиллар давомида спорт иншоотларимиз ва очиқ стадионларга етарлича эътибор қаратилмаган. Аммо муҳтарам Президентимизнинг жисмоний тарбия ва спорт соҳасини ривожлантириш, унинг моддий-техника базасини такомиллаштиришга қаратилган қатор қарорлар қабул қилинди. Шу кунгача ҳар йили 60-70 та спорт иншоотини қураяпмиз, қолаверса реконструкция ва капитал таъмирлаш ишларига ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Айтиб ўтаётган стадионларимизда 3 йил давомида таъмирлаш ишлари олиб борилган.

Матбуот анжуманида таъкидланишича, тест синовларини шаффоф ҳолда ўтказиш учун ёшларни ортиқча сарсон қилмаслик мақсадида таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича давлат комиссияси, ҳокимликлар, Ички ишлар вазирлиги, Миллий гвардия, Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, Давлат хавфсизлиги хизмати томонидан зарур чоралар кўрилади. Шунингдек, Давлат тест маркази директори ўринбосари Сардор Ражабов стадионларга кириш қисмида шахсни аниқловчи камералар, ҳар бир гуруҳга алоҳида камералар ўрнатиш борасида Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан музокаралар олиб борилаётганини билдирди.

Қўшимча қилиш керак, юртимизда 2020/2021 ўқув йили учун ОТМларга кириш имтиҳонлари 2 сентябрдан бошланади ва имтиҳонлар кунига икки сменада ташкил этилади.

Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги

Матбуот хизмати

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *