Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ишчи гуруҳи бугун Олтинкўл туманида бўлишди

Хабарингиз бор, шу кунларда Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги томонидан тузилган ишчи гуруҳ Андижон вилоятида жисмоний тарбия ва спортни янада оммалаштириш, бу борада ҳудудлардаги мавжуд шарт-шароитлар билан яқиндан танишмоқда.

Ишчи гуруҳ вакиллари бугун Олтинкўл туманида жойлашган болалар-ўсмирлар спорт мактабида бўлишди. Ушбу туман спортнинг гандбол, белбоғли кураш ва футбол турларига ихтисослаштирилган бўлиб, туман аҳолисининг кенг қатламларини ҳам спортга жалб этиш бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқилган.

Бугунги кунда Олтинкўл туман болалар-ўсмирлар спорт мактабида 34 нафар тренер фаолият олиб бормоқда. Шундан 18 нафари олий маълумотли, 2 нафари тугалланмаган олий маълумотли бўлса, қолган тренерлар ўрта-махсус маълумотга эга.

Спорт мактабида 16 та спорт тури бўйича тўгаракларда жами 1227 нафар спортчи мунтазам шуғулланиб келишади. Спорт мактабида бокс, футбол, гандбол, белбоғли кураш, ўзбек жанг санъати, кикбоксинг ва қўл жанги спорт турларида энг кўп спортчи ёшлар шуғулланмоқда.

Ўрганишлар натижасига кўра, ишчи гуруҳ Олтинкўл тумани БЎСМнинг бугунги фаолиятидан келиб чиқиб, спорт турларига ихтисослашуви, моддий-техника базасининг ҳолатини янада ривожлантириш, спорт инвентарлари сони ва бугунги ҳолати, терма жамоа аъзоларини шакллантириш масалалари бўйича туман спорт бўлими ва БЎСМ масъуллари билан фикр алмашишди.

Ишчи гуруҳнинг Андижон вилояти бўйлаб сафари давом этмоқда. Эслатиб ўтамиз, якунда вилоят спортининг бугунги ҳолатини ўрганган ҳолда, ҳудудлардаги таклиф ва эҳтиёжлардан келиб чиқиб, ишчи гуруҳ томонидан Андижон вилоятида спортни янада оммалаштириш ва ривожлантириш бўйича махсус дастур ишлаб чиқилади.

Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги
Матбуот хизмати

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *