Жисмоний тарбия ва спорт соҳасида илмий тадқиқотлар институти ташкил этилади

Ўзбекистонда аҳолининг барча қатламларини жисмоний тарбия ва спорт билан мунтазам шуғулланишга жалб этиш орқали аҳолида касалликка қарши иммун тизимини шакллантириш мақсад қилинган.

Президентнинг “Оммавий спортни ривожлантириш ва соғлом турмуш тарзини ҳар бир фуқаронинг ҳаётига киритишга қаратилган чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Молия вазирлиги билан биргаликда уч ой муддатда Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети ҳузурида Жисмоний тарбия ва спорт соҳасида илмий тадқиқотлар институтини ташкил этиш юзасидан Ҳукумат қарори лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритади.

Илмий тадқиқотлар институтининг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгиланади:

аҳоли ўртасида оммавий спортни ривожлантириш ва соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилиш мақсадида ёш хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда самарали илмий асосланган воситалар ва услубларни ишлаб чиқиш;

мактабгача, умумий ўрта, профессионал ва олий таълим, шунингдек, мактабдан ташқари, спорт таълими учун жисмоний тарбия ва спорт соҳаси бўйича таълим стандартлари ва фан дастурлари, дарсликлар ва ўқув қўлланмалар, шу жумладан, аудио, видeо ва электрон дарсликлар, онлайн дарслар ҳамда бошқа турдаги илмий-методик материаллар тайёрлаш;

ёшларни самарасиз ўтказаётган вақтларини мазмунли ўтказиш бўйича зарур тавсиялар ишлаб чиқиш;

республикамизда халқ ўйинлари, этноспорт турларини ривожлантириш, янги спорт турларини келиб чиқишини ўрганиш бўйича экспедициялар, илмий тадқиқотлар ўтказилишини ташкил этиш.

Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги 2021 йилдан бошлаб ҳар йили:

жисмоний тарбия ва спорт соҳасидаги фундаментал, амалий ва инновацион лойиҳалар учун 10 млрд сўмдан кам бўлмаган миқдорда грант маблағларини;

жисмоний тарбия ва спорт соҳасида илмий салоҳиятга эга бўлган кадрлар улушини ошириш мақсадида, Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги тизимидаги олий таълим муассасаларига таянч докторантура ва докторантура учун камида 10 та ўрин ажратади.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *