ЖССТ коронавирус тарқалишининг янги ўчоғини маълум қилди

Жанубий Америка коронавирус инфекцияси тарқалишининг янги ўчоғига айланди. «РБК»нинг хабар беришича, бу ҳақда ЖССТнинг соғлиқни сақлаш соҳасидаги фавқулодда вазиятлар дастури раҳбари Майкл Райан маълум қилди.

«Биз Жанубий Американинг кўплаб мамлакатларида касалланишлар сони ортаётганини кузатяпмиз», — деган у ва улар орасида коронавирус энг кўп тарқалаётган Бразилия эканлигини таъкидлаган.

Майкл Райаннинг айтишича, Бразилияда коронавирусга чалинганлар сони 290 мингдан ошди, вирус қурбонлари сони эса тахминан 19 минг кишини ташкил қилмоқда. Энг кўп касалланганлар Сан-Паулуда қайд этилган. Шунингдек, Рио-де-Жанейро, Пернамбуку ва Aмaзoнас штатларида ҳам касалланганлар бор. Унинг таъкидлашича, Aмaзoнас штатида касаллик тарқалиши даражаси (касалланганларнинг аҳоли сонига нисбати) юқоридир. У ерда 100 минг кишига 490 нафар бемор тўғри келмоқда.

Райан ЖССТ COVID-19’дан энг кўп жабрланган Бразилия ва унинг штатларига ёрдам кўрсатаётганини билдирган.

Жонс Ҳопкинс университети маълумотларига кўра, Бразилияда COVID-19 коронавирус инфекциясига чалинганлар сони 330 890 кишига етиб, мамлакат коронавирус билан касалланганлар сони бўйича бунга қадар иккинчи ўринда келаётган Россиядан (326 448 бемор) ўзиб кетди.

19 май куни Бразилияда COVID-19 билан касалланганлар сони бир сутка ичида рекорд даражага — 19,9 минг нафарга кўпайган ва касалланганлар сони бўйича Британиядан ўзиб кетиб, дунёда 3-ўринга чиқиб олганди.

Аввалроқ Бразилия сенати раисида коронавирус аниқлангани ҳақида хабар берилганди. Бразилия президенти эса икки маротаба коронавирусга тест топширган ва унда касаллик аниқланмаган.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *