Замонавий бешкураш янги ўзгаришлар бўсағасида

Замонавий бешкураш халқаро иттифоқи (UIPM) Ижроия қўмитасининг кўплаб аъзолари 2024 йилда Парижда бўлиб ўтадиган Ёзги Олимпия ўйинлари учун ушбу спорт мусобақаларининг янги шаклини тақдим этишни ёқлаб овоз беришди.

Янги шакл 90 дақиқалик турнир тарзида бўлиб, Олимпия тизимида (мағлуб мусобақани тарк этадиган формат) шаклида ўтказилади. UIPMнинг баёнотида баҳсларнинг умумий давомийлигини қисқартириш ва беллашувларнинг жўшқинлигини кучайтириш мақсади кўзлангани айтилган.

UIPM президенти Клаус Шорманн қабул қилинган бу қарорни қуйидагича шарҳлади:

“Биз узоқ тарихига эга севимли спортимизнинг янги даври бўсағасида турибмиз. Замонавий бешкураш Олимпия ўйинларида даставвал беш кунлик мусобақалар тарзида ўтарди. Атлантада (1996) бир кунлик мусобақалар шаклида ўтган бўлса, Лондонда (2012) биз лазерли ўқ отишни югуриш билан бирлаштирдик. Токиодан (2020) битта беш кураш стадионида спортимизнинг ҳамма турлари бўйича мусобақалар бўлиб ўтади. Энди эса ҳамжамиятимизнинг барча бўлимлари, ХОҚ, Париж-2024 Ташкилий қўмитаси ва Olympic Broadcast Services (OBS) билан икки йил давомида ушбу масалани муҳокама қилгандан кейин замонавий бешкураш мусобақаларининг мутлақо янги – 90 дақиқалик шаклини тақдим этишга тайёрмиз.

UIPMнинг президенти сифатида бутун дунёдаги ҳамжамиятимизга ушбу лойиҳани қўллаб-қувватлаганларидан миннатдорман. UIPM Ижроия қўмитаси яна бир бор инновацияларга содиқлигини намойиш этди ва биз сиз билан ХОҚга замонавий бешкураш мусобақаларининг янги шаклини, шунингдек, 2024 йилда Париждаги ёзги Олимпия ўйинларига аралаш эстафета йўналишини киритиш таклифини беришни сабрсизлик билан кутмоқдамиз”.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *