ИИВ ҳузуридаги тақсимот маркази шифокорлари иш ҳақи масаласида шикоят йўллади

Ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳридаги гимнастика спорт комплекси ҳудудида жойлашган COVID-19 марказига жалб этилган тиббиёт ходимларининг давлат раҳбари номига йўллаган шикояти тарқалди.

Маълум бўлишича, коронавирусга чалинган шахсларни даволаш учун мўлжалланган ушбу марказ Ички ишлар вазирлиги томонидан ташкил этилган. Мурожаат ушбу марказга тегишли шартнома асосида жалб этилган 116 нафар тиббиёт ходими номидан ёзилган.

«СOVID-19 билан боғлиқ эпидемик ҳолат жиддийлигини ҳисобга олиб, кўплаб кўнгиллилар соғлигини хатарга қўйиб ишга киришишди. Биласиз, шифокорлар ушбу касалликдан вафот этиши билан боғлиқ ҳолатлар ҳам кузатилмоқда, бу шифокорлар охиригача вирусга қарши курашаётганидан дарак. Ишонинг, биз ҳам шулар каби ўз ҳаётимизни хатарга қўйиб ишга киришдик.

Биз Ўзбекистон Республикаси ИИВ тиббий бошқармаси штатига ўтказилдик ва шартнома асосида 2020 йил 30 август куни иш бошладик. ИИВ Марказий госпитали ва унинг раҳбари Ҳ.Усмонов билан тузилган шартномада иш соатлари (12 соат) ва давомийлиги (14 кун) кўрсатилган.

Шартномани тўлдираётганда кадрлар бўлими вакили фақат бир санани – Ковид-марказда иш бошлаш санасини (30.08.2020) қўйиш кераклигини айтиб туриб олди. 14 кунлик иш куни ва шартнома муддати тугаши санасини киритиш ман этилди. Шартнома остида улар айтган гапни, яъни биз шартномага ўзгартириш киритилишига розилигимиз ҳақидаги гапни ёздик. Чунки бу нуфузли ташкилот бизни бу даражада алдашини тасаввур қилмагандик.

30 августдан 9 сентябргача биз бир суткада 12 соатдан 2 смена бўлиб ишладик. Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 20 августдаги қарорига мувофиқ, иш соатларимиз ҳажми ўзгариши ҳақида бизни огоҳлантиришди, аммо махсус комиссиянинг қарори ҳали чиққани йўқ ва биз аввалги режимда ишлаб келяпмиз.

9 сентябрда бизни бир жойга йиғишди, телефонларимизни олиб қўйишди, миллий гвардия хизматчилари бизни ўраб олди. 20 сентябрда чиққан қарорни юзимизга ўқталиб, 30 кун 8 соатлик иш режимига ўтишимизни эълон қилишди. Саволларимизга жавоб беришмади: расмий ҳужжатми бу, қачон кучга кирган, билолмадик.

Бундан келиб чиқадики, ишлаб қўйган соат ва кунларимиз янги тартиб бўйича – 8 соатлик иш режими бўйича ҳисоб-китоб қилинадиган бўляпти. Шу пайтга келиб биз 11 смена ишлаб қўйган эдик, 14 кун бўлиши учун 3 смена қолганди, холос. Аммо янги тартиб бўйича биз яна 19 кун 8 соатдан ишлашимиз керак бўляпти, шундагина бизга ваъда қилинган рағбат пулларини беришаркан.

Демак, аввалги тартиб бўйича 11 кун давомида кунига 12 соат ишлаб келган шифокор 19 млн 642 минг 857 сўм ўрнига 9 млн 166 минг 666 сўм олади. Нега? Нима учун ишлаган кунларимиз учун ўша пайтда амалда бўлган қарор бўйича ҳисоб-китоб қилишмайди?

Кадрлар бўлими ходими бизга ультиматум қўйди: янги шартлар кимга ёқмаса шартномани бекор қилиши ва 11 кунлик иш ҳақини (аввал ваъда қилинганининг учдан бирини) олиб кетиши мумкинлигини айтди. Биз эътироз билдирмоқчи бўлдик, аммо сўзимизни ҳеч ким эшитмади. Аксинча, бизга таҳдид қилишди, ишлаган пулимизни ўртага қўйиб, шантаж қилишди. Аёллар йиғлашди, зеро биз ИИВ МГ раҳбарларини адолатли одамлар деб билардик.

Биз ушбу рағбат пулларини ҳалол меҳнат билан, ўзимизни аямасдан ишлаб топдик.

Нега аввал ишлаганимиз учун ўша қарор бўйича биз билан ҳисоб-китоб қилишмайди. Қолган уч кунни ишласак, бизни ҳисоб-китоб қилишса-ю, кейин янги тартиб бўйича одам олишса бўлмайдими? Бунга нима тўсқинлик қилади?», дейилади мурожаатда.

Тиббиёт ходимлари, шунингдек, давлат раҳбарининг виртуал қабулхонасига мурожаат қилишгани, аммо мурожаат устидан шикоят қилинаётган ИИВга юборилгани, қатъий талаб қилингандан сўнггина мурожаат Бош прокуратура ва Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигига юборилгани, аммо ҳозирча бирор натижа йўқлигини айтишган.

Kun.uz мурожаатда кўтарилган масалалар бўйича изоҳ олиш мақсадида ИИВ матбуот котиби Шоҳрух Ғиёсов билан боғланди. Аммо ҳозирча изоҳ берилганича йўқ.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *