Илм-фан ва инновация соҳаси ислоҳ қилинади – Президент фармони лойиҳаси

Илмий ва инновацион фаолиятни ривожлантириш бўйича давлат бошқаруви тизими такомиллаштирилади.

Президентнинг “Илмий ва инновацион фаолиятни ривожлантириш бўйича давлат бошқаруви тизимини такомиллаштириш тўғрисида”ги фармони лойиҳаси эълон қилинди.

Қуйидагилар илм-фан ва инновация соҳасини ислоҳ қилишнинг устувор йўналишлари этиб белгиланади:

  • илм-фан, илмий тадқиқот ва инновацион фаолиятни ривожлантириш бўйича давлат бошқарувини ҳамда ташкилий-ҳуқуқий механизмларини такомиллаштириш;
  • ҳудудларда илмий ва инновацион фаолиятни бошқариш тизимини жорий қилиш ва ҳудудий инновацион инфратузилмаларни ривожлантириш;
  • илғор хорижий тажриба асосида иқтисодиёт тармоқларидаги корхона ва ташкилотларда инновацияларни кенг жорий қилиш тизимини яратиш;
  • илм-фанга Давлат бюджетидан ажратиладиган маблағлар ҳажмини босқичма-босқич ошириш;
  • илм-фан ва инновациялар соҳасига молиялаштиришнинг янги механизмларини жорий қилиш, илмий ва инновацион лойиҳаларни амалга оширишда хусусий секторнинг иштирокини кенгайтириш;
  • илмий даражали кадрларни тайёрлаш тизимининг шаффофлиги ва самарадорлигини таъминлаш ҳамда илмий даражали кадрларни тайёрловчи ташкилотлар ва илмий даражалар берувчи илмий кенгашларнинг масъулиятини ошириш;
  • илмий ташкилотларнинг миллий рейтинги тизимини жорий қилиш ва илмий ташкилотлар фаолияти самарадорлигини ошириш, уларни бошқариш ва мувофиқлаштиришнинг янги механизмларини татбиқ этиш;
  • илмий ва инновацион фаолиятни бошқаришга малакали кадрларни тайёрлаш, инновациялар менежерларини етказиб бериш асосида инновацион тадбиркорликни ривожлантириш.

Қуйидагилар Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлигининг асосий вазифа ва фаолият йўналишлари этиб белгиланади:

  • мамлакатни инновацион ривожлантиришнинг узоқ муддатли сценарийлари асосида устувор соҳа ва тармоқларни илм-фан ютуқлари ва инновациялар асосида ривожлантириш стратегияларини ишлаб чиқиш, мамлакатнинг илм-фан ва инновациялар соҳасидаги глобал рейтинглардаги позицияларини яхшилаш тизимини жорий этиш;
  • ҳудудларнинг интеллектуал ва технологик салоҳиятини ошириш, илмий ва инновацион фаолиятини ривожлантиришнинг замонавий инфратузилмасини шакллантириш;
  • илм-фан ва инновациялар соҳасида халқаро алоқаларни кенгайтириш ва мустаҳкамлаш, икки ва кўп томонлама халқаро ҳамкорлик доирасида инновациялар ва технологиялар трансфери бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш;
  • илмий фаолиятга оид давлат дастурларини шакллантириш ва амалга оширилишини мувофиқлаштириш, илмий ташкилотларнинг лаборатория базасини янгилаш ва таъминотини яхшилаш;
  • илмий кадрларни тайёрлаш тизимини мувофиқлаштириш, унинг шаффофлигини таъминлашга қаратилган рақамли технологияларни жорий қилиш, докторлик диссертацияларини тайёрлашда изланувчиларга кўмак берувчи чора-тадбирларни ишлаб чиқиш;
  • ёшларни илмий ва инновацион фаолиятга жалб этишнинг самарали механизмларини жорий қилиш ва улар ташаббусларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш;
  • илм-фан ва инновациялар соҳасига бюджетдан ташқари маблағларни жалб этиш, илмий ва инновацион лойиҳаларни молиялаштиришда хусусий сектор фаоллигини ошириш, венчурга асосланган молиялаштиришни ривожлантириш ва соҳага ташқи беғараз кўмакни жалб этиш;
  • инновацион ишланмалар асосида амалга ошириладиган лойиҳаларнинг молиявий, иқтисодий ва техник экспертизасини ўтказиш ва интеллектуал мулк объектларини татбиқ этиш учун зарур шароитларни таъминлаш ҳамда норматив-ҳуқуқий базасини такомиллаштириш;
  • илм-фанга асосланган иқтисодиётни шакллантириш, иқтисодиётнинг реал сектори ва ишлаб чиқариш тармоқларининг илмий ишланма ва инновацияларга бўлган эҳтиёжларини аниқлаш ҳамда тармоқ илмий-тадқиқотларни ривожлантириш асосида илм-фан ва ишлаб чиқариш интеграциясини мустаҳкамлаш;
  • янги ишланмаларни тижоратлаштириш ва ишлаб чиқаришга жорий этиш, стартап лойиҳаларини амалга ошириш, интеллектуал мулк қатнашадиган янги корхоналарни шакллантириш ва рационализаторлик фаолиятини ривожлантириш учун зарур шарт-шароит яратиш;
  • инновацион инфратузилмаларни ривожлантириш, жойларда ташкил этиладиган инновация марказлари, технологик парклар, бизнес ва стартап акселераторлар фаолиятини ташкил этиш бўйича услубий қўллаб-қувватлаш.

Қуйидагиларни назарда тутувчи Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлигининг 2020–2021 йилдаги фаолияти натижадорлигини баҳолаш кўрсаткичлари тасдиқланади:

  • илм-фанга ажратилган маблағларнинг ялпи ички маҳсулотга нисбатан 0,2 фоиздан 0,5 фоизга ошириш;
  • жорий этилган янги технологиялар ва инновацион маҳсулотларни сонини 6,5 баробарга ошириш;
  • стартап лойиҳалар акселерацияси дастурларидаги иштирокчилар сони 3,5 баробарга ошириш;
  • тижоратлаштириладиган илмий ишланмалар сонини 2 баробарга ошириш;
  • халқаро қўшма илмий лойиҳалар сони 2 баробарга ошириш.

2021 йил 1 январидан Илмий фаолиятга оид давлат дастурларини шакллантиришнинг қуйидаги тартиби жорий қилинади:

  • Фан ва технологиялар бўйича республика кенгаши томонидан Вазирлик ҳузурида тегишли фан йўналишлари бўйича Илмий-техник кенгашлар ташкил қилинади ҳамда уларнинг таркиби тасдиқланади;
  • илмий-техник кенгашлар томонидан мамлакатда илм-фан ва технологияларни ривожлантиришнинг устувор йўналишларини белгилаш бўйича таклифлар Фан ва технологиялар бўйича республика кенгашига киритиб борилади;
  • Фан ва технологиялар бўйича республика кенгаши томонидан тегишли Илмий-техник кенгашларнинг таклифлари асосида илм-фан ва технологияларни ривожлантиришнинг устувор йўналишлари ишлаб чиқилади ва тасдиқланади;
  • Илм-фан ва технологияларни ривожлантиришнинг устувор йўналишларидан келиб чиқиб Вазирлик томонидан илмий-тадқиқот ишлари ва инновацион лойиҳалар танлови ҳамда танловга келиб тушган лойиҳаларнинг техник экспертизаси ўтказилади;
  • илмий-техник кенгашлар томонидан лойиҳалар танловига келиб тушган лойиҳалар илмий экспертиза ва очиқ муҳокамадан ўтказилиб, уларни молиялаштиришнинг мақсадга мувофиқлиги тўғрисида Вазирликка илмий хулосалар берилади;
  • лойиҳалар танлови натижаси кўра Вазирлик томонидан давлат буюртмаси асосида бажариладиган илмий лойиҳалардан иборат бўлган илмий фаолиятга оид давлат дастурлари ишлаб чиқилади ҳамда уларни амалга оширилиши таъминланади.

Илмий фаолиятга оид давлат дастурларига илмий лойиҳаларни киритиш Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Вазирлар Маҳкамасининг тегишли ҳужжатларига кўра ҳам амалга оширилиши мумкин.

Илмий-техник кенгашларнинг таркиби Вазирликнинг тақдимномаси асосида соҳага оид олимлар, давлат бошқаруви органлари ва ташкилотларнинг юқори малакали мутахассислари ўртасида доимий равишда ротация қилиб борилади.

2021/2022 ўқув йилидан бошлаб олий таълим муассасалари ҳузурида ташкил қилинган илмий ташкилотларга уларнинг фаолият йўналишларига мувофиқ магистратуранинг тегишли мутахассисликлари бўйича кадрлар тайёрлаш ҳуқуқи берилади.

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, тизимида олий таълим муассасалари бўлган вазирлик ва идоралар уч ой муддатда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга ушбу банд ижросини таъминлашга қаратилган тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритилишини таъминлайди.

2021 йил 1 январдан бошлаб Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари тузилмасида Инновацион фаолиятни ривожлантириш шўъбаси ташкил этилади.

Белгиланишича:

  • шўъбалар Қорақалпоғистон Республикаси бюджети, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетлари ҳисобидан молиялаштириладиган 2 нафар бошқарув ходими ҳамда Вазирлик томонидан бириктирилган 1 нафар бошқарув ходими таркибида фаолият олиб боради;
  • Вазирлик томонидан бириктирилган ходим шўба фаолиятини мувофиқлаштиради ҳамда меҳнат фаолиятини ва функционал вазифаларини бевосита жойларда амалга оширади;
  • Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларининг рақамли технологиялар ва инновацион ривожлантириш масалаларига масъул бўлган ўринбосари шўъбалар фаолиятига умумий раҳбарлик қилади.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *