Интервью: Бектемир Мелиқўзиевнинг жанги нега қолдирилган эди?

Хабарингиз бор, профессионал боксчимиз Бектемир Мелиқўзиев навбатдаги жангини ўтказиш учун АҚШга йўл олган эди.

Аввалига унинг 24 июль куни рингга кўтарилиши ҳақида маълумот берилганди. Лекин, бир неча кун олдин унинг жанги август ойига кўчирилгани ҳақида хабарлар тарқалди. 

Шу муносабат билан olamsport.com боксчи билан қисқа суҳбат ташкил этди. Унда Бектемир Мелиқўзиев нима учун жанги қолдирилгани ва тайёргарлик жараёни ҳақида гапирди.

– Ҳозир қайси шаҳардасиз? У ерда об-ҳаво, муҳит, шароитлар қандай?

– Айни пайтда Лос-Анжелеснинг Индио шаҳарчасидаман. Бу ердаги об-ҳаво иссиқ, ҳарорат 48-49 даражагача кўтарилади. Шароитлар яхши, залда мураббийларимиз қўл остида шуғулланяпмиз. Навбатдаги жангга тайёргарлик жуда яхши кетмоқда. 

– Тайёргарликка оид савол: Кунига неча маҳал машғулот олиб бораяпсиз?

– Жангга тайёргарлик ўзининг қизғин палласига чиққан. Бир кунда 2-3 маҳал машғулот ўтказяпмиз. Душанба, чоршанба ва жума кунлари 3 мартадан, қолган кунлари эса 2 мартадан машғулотлар ўтказилмоқда. Мураббийлар билан бирга техник ва тактик томонлама ишламоқдамиз. 

– Жанг муддати сурилибди. Бунга нима сабаб бўлди? 

– Тўғри, аввалига жанг 24 июлда бўлиши керак эди. Лекин менинг Америкага қачон етиб келишим борасида аниқ маълумотлар йўқ эди. Бу борада шундай тушунмовчиликлар бўлгани, тайёргарлик учун оз муддат қолгани ҳам сабаб. Бундан ташқари, орада 4-5 ойлик танаффус бўлди, карантин вақтида Ўзбекистонда қолиб кетдим ва машғулотлар нисбатан камроқ бўлди. Жангга бемалол, ҳар томонлама тайёргарлик кўриб чиқишим лозим. Шу сабабли навбатдаги жанг август ойига кўчирилди. 

– Рақиб аниқ бўлиб улгурганми?

– Ҳозирча кимга қарши жанг қилишим аниқ эмас. Кўп боксчилар билан музокара олиб борилмоқда, лекин нима учундир уларнинг аксарияти рад жавобини бермоқда. Ўйлайманки, тез кунларда барчаси аниқ бўлади ва рақиб номи маълум бўлиши билан хабарини берамиз.

Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги
Матбуот хизмати​

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *