Ирина Винер-Усманова тақдирлаган илк бадиий гимнастика онлайн турнирида қизларимиз 3 та медалга сазовор бўлишди

28 июнь куни тарихда илк бор бадиий гимнастика бўйича онлайн турнир бўлиб ўтди. Унда Россия, Исроил, Қирғизистон давлатлари қатори терма жамоамиз вакиллари ҳам иштирок этишди. Мусобақада Дина ва Арина Авериналар (Россия), Лина Ашрам (Исроил) каби мазкур терма жамоаларнинг энг сара спортчилари қатнашганини таъкидлаш ўринли.

Мусобақа шартига кўра, гимнастикачилар ўз чиқишларини уй ареналарида намойиш қилишди. Мулоқот интернет орқали олиб борилгани учун баъзи ўринларда кичик ноқулайликлар ҳам учраб турди. Яна бир ноодатий вазият баҳолаш масаласи бўлди. Ҳакамлар илк бор спортчиларнинг чиқишини монитор орқали кўрганларига қараб баҳолашди. Юртимиз номидан Талия Абдураманова, Майя Филиппова, Лилия Власова, Ирина Кудряшева ва Гёзель Филиппова каби мутахассислар ҳакамлар ҳайъати таркибига киришди.

Гарчи бажариладиган элементлар кутилган бўлса ҳам узоқ муддатли изоляция ва карантин сабаб спортчиларнинг ижро маҳоратида кичик камчиликлар учраб турди. Шундай бўлса ҳам, гимнастикачиларнинг чиқиши уларни онлайн кузатиб борган томошабинларнинг эътиборига сазовор бўлди. Таъкидлаш жоиз, беллашув давомида “Tashkent live” компанияси қизларимизнинг жамоавий машқини жонли эфирда узатилишини таъминлаб борди.

Яна бир алоҳида эътироф этиладиган жиҳати, мусобақа гарчи онлайн режимда давом этган бўлса ҳам халқаро регламентнинг барча талабларига жавоб беради. Зеро, унинг давомида очилиш маросими, иштирокчилар паради, расмийларнинг спортчиларни қутловчи нутқи, холис баҳолаш ва ҳатто гала-концерт ҳам ташкил қилинган. Мазкур спорт тури бўйича ташкил қилинаётган биринчи онлайн мусобақанинг очилиш маросимида Халқаро гимнастика федерацияси FIG бадиий гимнастика техник қўмитаси президенти Наталья Кузьмина ва Бутунроссия бадиий гимнастика федерацияси президенти Ирина Винер-Усманова иштирок этгани яна бир аҳамиятли вазият бўлди.

Мусобақа давомида Екатерина Фетисова яккалик, Екатерина Пирожкова бошчилигидаги Нилуфар Шомуродова, Динара Равшанбекова, Камола Ирназарова, Ксения Александрова, Севара Сафоева каби қизларимиз гуруҳ машқларида юртимиз шарафини ҳимоя қилишди. Халқа ва булавада ўз дастурини намойиш қилган Фетисова якунда кумуш ва бронза медаллари билан тақдирланди.

Гуруҳ машқларида қатнашган қизларимиз мусобақада катта ирода ва сабр намойиш қилганларини айтиб ўтиш мумкин. Трансляцияда юзага келган муаммолар сабаб қизларимиз 3 бор ўз чиқишларини гиламда намойиш қилишларига тўғри келди. Шундай бўлса ҳам, якунда улар кумуш медалга сазовор бўлишди.

Мусобақанинг тантанали тақдирлаш маросими машҳур “Лужники” гимнастика саройида бўлиб ўтди. Унда сўзга чиққан Ирина Винер-Усманова мусобақа иштирокчи ва ғолибларини қутлаб ўтди.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *