Ирода намойиш этган “Боруссия” 1-ўрин билан кейинги босқичга йўл олди!

Европа Чемпионлар Лигаси сўнгги тур ўйинлари бошланди. “F” гуруҳи пешқадами номига ойдинлик киритиб бериши кутилган учрашувда “Зенит” ва “Боруссия” футболчилари майдонга тушди. Кескин ҳужумларга бой ўтган баҳс меҳмонларнинг 2:1 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланди.

Ўйиндаги ҳисобни петербургликлар 16-дақиқада Себастьян Дриуссининг аниқ зарбаси орқали очди. Бироқ танаффусда мураббийдан керакли маслаҳатларни олган “асаларилар” иккинчи бўлимни бошқача ўтказди. 68-дақиқада Лукаш Пишек тарози паллаларини тенглаштирган бўлса, 10 дақиқа ўтиб, Аксель Витсель жамоасининг ғалабасини таъминлаган голга муаллифлик қилди.

Ушбу ўйинда ғалаба қозониб, 13 очко тўплаган дортмундликлар гуруҳ босқичида пешқадамликни сақлаб қолди. “Брюгге” билан муроса кўчасини танлаган “Лацио” иккинчи поғонадан кўтарила олмади.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *