Ислом Аҳмедов: Терма жамоамиз сафида энг яхши ўйинчи ким? Айтаман, фақат кулманг…

Миллий терма жамоамизнинг Эронга қарши ўйини борасида турли таассуротлар янграмоқда. Мағлубият ўз номи билан мағлубият. Бугун яна эронликларга ютқаздик. Аммо жамоамизнинг ўйини қандай чиқди? Албатта, бу борада турли фикрлар айтилиши турган гап. Биз эса мамлакатимизда катта тажрибага эга бўлган Ислом Аҳмедовни шу мавзу бўйича суҳбатга тортдик. У Ўзбекистон – Эрон ўртасидаги баҳсга илмий томондан ёндашди ва бир қанча муҳим жиҳатлар ҳақида гапирди.

“Эрон тўпсиз ҳаракат қилиб, ўйин назоратини ушлаб турди”

–  Ислом ака, миллий терма жамоамизнинг Эронга қарши учрашувини кузатдингиз. Айтинг-чи, ўйиннинг умумий картинаси сизда қандай таассуротлар уйғотди?

–  Нима дейишим мумкин? Жавоб берса бўлади, аммо қийин савол. Вадим Абрамов терма жамоага яхши ўйинчиларни чақирди. Лекин, барибир ҳозирги пайтда ҳимоя чизиғи биз учун катта муаммо. Тўғриси, бизда яхши ҳимоячилар камдан-кам. Ўрта чизиқ ва ҳужумдаги ҳаракатларимиз яхши. Бироқ жамоамизнинг тўпсиз ўйини борасида ҳали мураббийлар штаби кўп ўйланишлари керак бўлади. Эронга эътибор бердингизми, уларни бугун тўпсиз ҳаракатлари яхши чиқди. Бу ҳам бир тактика. Бизга шу нарса етишмаяпти. Албатта, жамоамиз тўп билан яхши ўйнаяпти, аммо тўпни йўқотганда жиддий муаммоларга учраяпти. Мен тўпни қайтариш ҳақида гапирмаяпман. Эрон тўпсиз ўйнаб бизнинг йигитларимизни хато қилишга мажбур қилишди. Яна бир гап: четдан келган футболчиларимиз ўзларини аяб ўйнашяпти. Маҳаллий ўйинчиларимиз билан легионерларимиз қандай ҳаракат қилишганини солиштиринг. Балки бу ўртоқлик учрашуви бўлгани учун ўзларини аяб ўйнашгандир, майли, бу тушунарли. Лекин терма жамоа тўғрисида гап кетаётган бўлса, тўпсиз ҳаракатимизни кучайтиришимиз лозим. Ахир 90 дақиқа давомида ҳар доим тўп билан ўйнай олмайсиз-ку. Ҳамма вақт қарши ҳужумларга дуч келамиз. Ҳимоя чизиғимиз эса мураббийларимиз учун бош оғриқ. Эрон тўпсиз ҳаракат қилиб, ўйин назоратини ушлаб турди. Чунки улар шуни ўрганишган. Агар терма жамоамиз ҳам шу жиҳатни ўрганиб олса, биз билан ўйнаш рақибларимизга жуда қийин бўлади.

–  Ҳар сафар Эронга ютқазамиз. Фикрингизча, улар биз учун ноқулай рақибми?

–  Йўғ-е! Ноқулай рақиб бўлмайди. Фақат биз тайёр бўлишимиз керак. Сиз мендан фикримни сўрадингиз ва мен мутахассис сифатида жавоб беряпман. Мен бежизга тинмасдан тўпсиз ҳаракат ҳақида гапираётганим йўқ. Агар эронликларга ўхшаб биз ҳам шундай усулда ўйнай олсак борми, форслар ҳам биз учун ҳеч нарса эмас. Нафақат Эрон, балки бошқалар ҳам. Бизнинг футболчиларимиз тўп билан яхши муомала қилишади, фақат шуни тўпсиз ҳам ўрганишлари зарур.

“Мен учун Нестеров биринчи рақамли дарвозабон”

–  Кўпчилик дарвозабон масаласида танқидий фикрлар билдиришяпти. Бу ҳам бизнинг оғриқли нуқтамизми?

–  Хм, бу ҳам муаммо. Лекин бир-иккита вазиятда Суюнов яхши ўйнади. Уни кўп ҳолларда фақат ўз жойида кўрардим. Бугун эса бир марта чизиқдан ташқарига чиқиб яхши ўйнади. Ҳозирча бизда битта Суюнов!

–  Нестеров-чи?

–  Нестеров? Мен учун у барибир биринчи рақамли. Игнатий ҳар қачон дарвозада турса футболчиларда ўзига ишончи янада ортади. Бунинг устига ҳеч қачон дарвозабонларнинг ёшига қаралмайди. Бироқ ноқулай савол бердингиз. Айни пайтда Нестеровга ўхшаган посбон йўқ.

–  Демак, у терма жамоамиз керак-а?

–  Албатта, керак. Аммо мураббийларнинг ишига аралашиш нотўғри. Ўртоқлик ўйинлари келажак учун керак. Карантин қачон тугашини ҳеч ким билмайди. Барибир янги авлодни ҳам кўриб тайёрлаш керак-ку. Мураббийлар штаби шу иш билан шуғулланишяпти. Бизда эса иқтидорлар кўп. Эрон эса кучли рақиб. Тажриба ўрганиш учун Эронга қарши ўйин бошқа ўтказиладиган 10 та учрашувнинг ўрнини тўлдиради. Эрон – бу чиройли ўйин кўрсатмайдиган жамоа. Улар немисларга ўхшаб натижага ўйнайди. Эронни Осиёнинг Германияси деб ҳисоблайман.

“Футболчиларимиз Эрондан қўрқишмади”

–  Шомуродов ҳақида ҳам сўрамоқчиман. “Женоа”га ўтган ҳужумчимиз хусусида нима дея оласиз?

–  Ўзбекистон фуқароси сифатида хурсандман. Бизнинг йигитимиз шундай даражага етяпти. Умид қиламан, Италия жамоаси бу охиргиси эмас. Ундан ҳам кучли клубга ўтади. Иложи борича футболчиларимиз кўпроқ кучли чемпионатларда ўйнашлари керак. Фақат арабларда эмас. Асосан Европа томонларда ўйнашлари муҳим. Ана шунда терма жамоага қайтиб мен айтган услубларни бемалол бажара оладилар. Ички чемпионатимизнинг савиясини кўтариш ҳам муҳим. Абрамовнинг ўйин фалсафаси яхши. Фақат тўпсиз ҳаракатни кучайтириш лозим. Бироқ шу нарсани амалда қўллаш унга жуда қийин. Чунки терма жамоа клуб эмас. У ерда футболчилар қисқа муддатга йиғилишади. Агар футболчиларимиз кўпроқ четда ўйнашса мен айтаётган нарсага хорижда катта эътибор беришади. Лекин ўзимиздаги мураббийларимиз ҳам тўпсиз ҳаракатнинг маъносини тушунишига вақт керак бўляпти. Чунки мураббийларимиз тўп билан ўйнашга асосий эътиборни қаратишади. Буни ўзгартириш эса осон эмас. Ўзим инструктор сифатида мураббийларни доим ўқитаман. Уларга тўпсиз ҳаракатланишни қанча кўп тушунтирсам ҳам барибир майдонда тўп билан ишлашга қараб кетишяпти. Хорижда эса тўпсиз ҳаракатни ўрганишга мажбур. Агар ўрганмаса ўйнай олишмайди. Бугунги ўйинда фақат битта нарсадан хурсанд бўлдим: футболчиларимиз Эрондан қўрқишмаяпти.

–  Ушбу ўйин учун терма жамоамизга нечи баҳо қўясиз?

–  Баҳо? Йўқ, баҳо берсам нотўғри бўлади. Бу фақат ўртоқлик ўйини. Мураббий ушбу учрашув орқали нимани кўришни хоҳлаганини билиш лозим. Лекин жамоамиз ёмон таассурот қолдирмади. Эрон кучли рақиб ва уларга қарши йигитларимиз қўрқмасдан ўйнашди. Сизга ўйин давомида кўзга ташланган камчиликларимизни айтдим.

“Ҳимояда Кримец ва Исмоилов жуфтлиги энг кучлиси”

–  Ҳимоя ҳақида гапирдингиз. Россиялик Игорь Голбанга фуқаролик берилди ва терма жамоамизга чақириляпти. Голбан орқали ҳимоядаги муаммони “ёпиш” мумкинми?

–  Бу савол 20 йил олдин берилганида жавоб берардим. Барибир яна тўпсиз ҳаракатга бориб тақаляпти. Ярим ҳимоя ва ҳужумда шу нарса муаммо бўлса, ҳимоя чизиғи ёрдам бера олмайди. Ҳимоянинг иши қачон бошланади? Тўп йўқотилганида. Голбанга бизнинг футболчиларимизни тушуниб олишига ҳамда мослашишига вақт керак бўлади. Аммо у яхши ҳимоячи. Осиё Чемпионлар лигасида “Пахтакор” сафида Егорь Кримец билан Анзур Исмоилов юқори савияда ўйнашди. Ушбу жуфтлик мен учун энг кучлиси. Термамизга ўзига ишонадиган, ақлли ҳимоячилар керак. Бугун ҳимоя марказида ишончли ўйин бўлмади, сездингизми? Бу эса тажрибага бориб тақаляпти. Ислом Қобиловни ҳам, Рустам Ашурматовни ҳам келажаги бор. Лекин биз бугунги ўйин ҳақида гапиряпмиз. Терма жамоа нима дегани? Бугун ким кучли ва тўлиқ тайёр бўлса, ўша ўйнайди. Кўряпсизми, Абрамов ёшларга кўпроқ эътибор беряпти.

–  Терма жамоамиз таркибида кўпроқ кимнинг ўйини ёқди?

–  Айтаман, фақат кулманг, менга Лутфулла Тўраевнинг ўйини ёқди.

–  Сабаб?

–  Жуда ақлли ўйнади. Унинг ҳамма ҳаракати тўғри бўлди. Ҳимоя ва ҳужум ўртасида балансни ушлаб турди. Ҳужумни ривожлантиришда ҳам фаол ўйнади. Жуда фойдали ўйинчи бўлди. Ҳамма ҳайрон қолиши мумкин, аммо мен учун Тўраевнинг ўйини катта сюрприз бўлди. Боз устига у шу ёшида Эрондек рақиб билан ўйнаяпти. Эрон эса Малайзия ёки Вьетнам эмас. Бошқалар ҳам ёмон эмас. Тўраев эса захирага олингач, ўйин ҳам бузилиб кетди. Шунингдек, Аброр Исмоиловнинг ҳаракати ёқди. Бироқ у ёш ва ҳали ўсиши лозим. Бизнинг жамоада эронликларга ўхшаб ўйнаган футболчи Лутфулла Тўраев бўлди. Шошилмади, хотиржам ҳаракат қилади. Очиғи, ҳайрон қолдим. Эсингизда борми, ўз вақтида уни танқид қилгандим. Абрамовнинг қилаётган ишлари тўғри. Ёшларимиз бугун тажриба олишди.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *