Ислом молиясида қимматли қоғозлар ва акция масаласи қандай ҳал қилинади?

Ислом молиясида қимматли қоғозлар, акциялар билан олди-сотди қилиш – рухсат этилган, жоиз амалиётлардан. Сабаби, акциялар – корхоналардаги улушни белгилайдиган ҳужжат ҳисобланади. Лекин ҳамма корхоналарнинг ҳам акцияларини олди-сотди қилиш мумкин эмас, дейди Буюк Британиядаги ислом молиясига ихтисослашган Gateway Global консалтинг ташкилотининг Марказий Осиё бўйича раҳбари Музаффар Ҳусниддинов.

Azon News’нинг «Савол-жавоб» лойиҳасида «Ислом молияси ва ҳалол тижорат» мавзусида суҳбат ташкил этилди. Унда «Ислом молияси» лойиҳаси муаллифлари – Хондамир Нусратхўжаев ва Музаффар Ҳусниддиновлар ислом молиясига оид кўплаб саволларга жавоб беришди.

– Ўзбекистонда ислом банклари очилиши нима сабабдан ортга суриляпти? Ислом банкларидан шартнома билан маблағ олиш мумкинми, агар иложи бўлса, қандай шартларда?

Музаффар Ҳусниддинов:

– Ўзбекистонда ислом банки очилиши учун ҳали қонуний асос мавжуд эмас. Лекин бу соҳада иш кетяпти деб биламиз. Яъни икки йил олдин бу соҳада президент қарори лойиҳаси ҳам муҳокамага қўйилганди, лекин қарор қабул қилинмади. Яқинда Марказий банк раиси 8та банкда ислом дарчалари очиш бўйича иш олиб борилаётгани ҳақида айтиб ўтди.

Лекин буларнинг барчаси ислом банкининг тўлиқ фаолияти учун ҳали етарли эмас. Ислом банки фаолият бошлаши учун қонуний асос мавжуд бўлиши керак. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан бу қонунлар яратилса, назорат қилувчи орган тайин қилинса (бу Марказий банк бўладими, муайян функциялар Молия вазирлигига топшириладими), солиқ масалалари кўриб чиқилганидан кейин ислом банклари фаолият бошлаши мумкин бўлади.

Ҳозирда амалий жараёнлардан бири – Капитал бозорини ривожлантириш агентлиги томонидан Ислом тараққиёт банки кўмагида Ислом қимматли қоғозларини Ўзбекистонда чиқариш бўйича қонуний асос ишлаб чиқиляпти, деган хабарлар мавжуд.

Ўзбекистондаги тижоратчилар қандай қилиб Ислом банкининг маблағларига мурожаат қилишлари мумкин, деган саволга жавоб тариқасида шуни айтамизки, тадбиркорлар ёки корхоналар Ислом тараққиёт банкига тўғридан-тўғри мурожаат қила олмайди. Чунки бу тараққиёт банки ҳамда мазкур банк давлатлар, ҳукуматлар билан ҳамкорликда фаолият юритади.

Лекин ушбу банк тизимидаги бошқа ташкилотлар – Хусусий секторни ривожлантириш ислом корпорацияси, Халқаро савдони ривожлантириш ислом ташкилоти бор. Мана шу ташкилотлар Ўзбекистоннинг тижорат банкларига муайян молиявий ресурс ажратади. Бизнинг банклар у ташкилотларнинг вакили сифатида маблағларни кимлар олиши мумкинлиги, уларнинг бизнес режаси, молиявий таҳлилини амалга ошириб, Ислом тараққиёт банкининг ушбу ташкилотларига тақдим этади. Мана шу банкларнинг ресурслари мавжуд.

Ҳозирда айнан қайси банкларда мавжудлигини билмаймиз, лекин бизнинг islommoliyasi.uz сайтимиздаги янгиликлар кузатиб борилса, қайси банклар билан фаолият олиб борилгани маълум бўлади.

Хусусан, ўтган йили Турон банк, Asia alliance bank, Трастбанк, яна бир қанча бошқа банкларда мана шу корпорацияларнинг ресурслари мавжуд эди. Ҳозирги кундаги маълумотлардан хабарим йўқ. Лекин мана шу банкларга мурожаат қилиш мумкин.

– Ислом молиясида қимматли қоғозлар ва акция масаласи қандай ҳал қилинади?

Музаффар Ҳусниддинов:

– Ислом молиясида қимматли қоғозлар ва акция масаласи ўзбекистонлик ўқувчиларимиз томонидан энг кўп берилаётган саволлардан бири. Ислом молиясида қимматли қоғозлар, акциялар билан олди-сотди қилиш рухсат этилган, жоиз амалиётлардан. Сабаби, акциялар – корхоналардаги улушни белгилайдиган ҳужжат ҳисобланади. Лекин ҳамма корхоналарнинг ҳам акцияларини олди-сотди қилиш мумкин эмас.

Биринчи тамойил бу – корхона фаолияти ислом талабларига жавоб бериши керак. Яъни спиртли ичимликлар, қурол-яроғ ишлаб чиқариш ёки бузуқ ўйин-кулгу соҳалари бўлмаслиги керак. Бу талабга жавоб берадиган бўлса, яна бир қанча кейинги талаблар бор. Корхонанинг молиявий ҳисоботини ўрганиб чиқиш орқали бу талабларга жавоб бериш-бермаслигини аниқлаш мумкин. Хусусан, корхонанинг қарз маблағлари муайян манбадан олинган бўлади. Бу корхона, капитал эгалари маблағлари ҳамда қарз маблағлари бўлиши мумкин. Қарз маблағлари фоизли қарз маблағлари бўлмаслиги керак. Замонавий уламоларимиз айтадиган коэффициент – корхонага банк кредити, облигациялар ёки депозит сертификатлари каби манбалар орқали пул жалб қилинган бўлса, мана шу маблағларнинг умумий активларга нисбатан қиймати 33 фоиздан ошса, бу корхонанинг акцияларини сотиб олиш мумкин эмас, дейилади.

Шунга ўхшаш яна 2-3та коэффициентлар бор. Юз фоиз «тоза» корхонани топиш қийин. Хусусан, Америка биржаларида. Барибир шубҳали даромадлари бўлиши мумкин. Мана шу шубҳали даромадларнинг улуши жами даромадларнинг беш фоизидан ошмаслиги керак. Агар сиз ана шундай корхона акциясини сотиб олсангиз, масалан, унинг уч фоиз даромади шубҳали бўлса, ўша корхонадан олган даромадингизнинг уч фоизини садақа қилиб юборишингизга тўғри келади.

Яна бошқа талаблар бор. Корхона спекулятив корхона эмаслигини исботлаши учун унинг узоқ муддатли активлари 75 фоиздан юқори бўлиши керак, дейилади. Яъни 75 фоиз активлари пул ва унинг эквивалентлари бўлмаслиги керак. Шунга ўхшаш талаблар бор.

Буларнинг ҳаммаси фонд бозорида амалга ошириладиган ишлар. Фонд бозорида яна облигациялар савдоси амалга оширилади. Ислом молиясида анъанавий облигациялар олди-сотдиси жоиз эмас. Қоидалардан яна бири – акциялар савдосида узун ва қисқа позициялар бўлади. Қисқа позиция қилиш ҳам мумкин эмас. Чунки бунда акциялар қарзга олиниб, кейин нархи тушган вақтда бировга сотиб юборилади. Ислом молияси қоидасига кўра, бировдан қарзга олинган нарсани сотиш мумкин эмас.

Тўлиқ суҳбатни Azon News`нинг Youtube`даги канали орқали томоша қилиш мумкин.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *