Камончиларимиз учун “Мустақиллик кубоги” баҳслари бошланди

Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 29 йиллигига бағишлаб кўпгина спорт турлари бўйича мусобақалар давом этмоқда. Бугун ана шундай турнирлардан бири камондан отиш спорти бўйича бошланди. Мусобақа давлатимиз мадҳиялари садоси остида тантанали очилиш маросими билан старт олди. Тадбирда МОҚ президенти Рустам Шоабдураҳмонов, Ўзбекистон камондан отиш федерацияси раҳбарияти, спортчи ва мураббийлар иштирок этишди.

Ўзбекистон камондан отиш федерацияси раиси Отабек Имамов очилиш маросимида мусобақани очиқ деб эълон қилгач, спортчилар чигалёзди машқларини бошлаб юборишди. Мусобақа давомида МОҚ раҳбари ҳам ўз фикрларини билдириб ўтди.

Авваламбор, мана шундай юқори савиядаги мусобақани ташкил қилишда жонбозлик кўрсатган федерация мутасаддилари, спортчи ва мураббийларга миннатдорчилик билдирамиз. Биз онлайн тизимга мослашиб бўлдик ва шу тартибда ишлашда давом этамиз. Вазият шуни тақозо қилар экан, онлайн мусобақаларда куч синашамиз. Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги билан келгусида ўқув-машғулот йиғинларини ташкил қилиш борасидаги таклифларингизни кутиб қоламиз. Бирлашиб, барча мақсадларни, албатта, амалга ошира оламиз”, – деди Рустам Шоабдураҳмонов.

Таъкидлаш жоиз, мусобақа 2 кунга мўлжалланган бўлиб, бугун саралаш баҳслари, эртага эса финал беллашувлари ўтказилади. Саралаш босқичида Тошкент шаҳри, Самарқанд ва Фарғона вилоятларидан 20 нафардан зиёд спортчи ғолиблик учун курашга киришди.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *