Карантинда стресс ва депрессиядан сақланиш учун нима қилиш керак?

Ҳозир дунёда шундай вазият юзага келдики, бу жараёнга ҳеч ким тайёр бўлмаган, ҳаёт бу қадар ўзгаришини хаёлига ҳам келтирмаганди. Буларнинг барчаси, чекланган иш режимига ўтиш ёки ҳатто ишсиз қолиш, молиявий қийинчиликлар, доимий қўрқув инсоннинг психо-эмоционал ҳолатига салбий таъсир қилади. Одамлар стрессни бошдан кечирмоқдалар, ноаниқлик ва умидсизлик туфайли тушкун кайфиятга тушадилар. Бунинг оқибатлари соғлиқ учун жуда хавфли бўлиши мумкин. Шунинг учун карантин пайтида стресс ва депрессияни қандай енгиш масаласи бугунги кунда энг муҳим масалалардан бири ҳисобланади.

Фото: Malte Mueller/Getty Images

Стресс ўзи нима?

Бу – тананинг ёқимсиз ва салбий ҳодисаларга муносабати. Карантин даврида стрессни келтириб чиқарувчи сабаблар:

• келажакнинг ноаниқлиги;

• молиявий қийинчиликлар;

• касал бўлишдан қўрқиш;

• одатдаги турмуш тарзининг ўзгариши;

• ўйин-кулги ва одатий фаолиятнинг тақиқланганлиги;

• уйда доимий бўлиш зарурати;

• дўстлар, оила билан жонли мулоқотнинг йўқлиги ва бошқалар.

Сизни биринчи навбатда нима ташвишга солмоқда? Ўзингиз учун стресснинг сабабларини аниқлаб, у билан шуғулланишни бошлашингиз мумкин. Бунинг учун мутахассислар томонидан тавсия қилинган маслаҳатларга амал қилишингиз лозим:

Вақтингизни режали ва оқилона сарфлашга ҳаракат қилинг. Сиз оддий инсонсиз, шу боис стресс, хавотир ва депрессияга тушишингиз эҳтимол. Фақат дангасалик қилманг, чунки стресс ва хавотир фаолиятингизга таъсир қилишини унутманг. Шунинг учун аввал руҳий ҳолатингизни нормаллаштиришингиз, кейин эса самарадорлик ҳақида ўйлашингиз мумкин. Стрессингиз сабаблари объектив эканлигини тушуниб олинг, шунда маълум бир хотиржамлик пайдо бўлади ва сиз стресс билан курашишни бошлашингиз мумкин.

Нима қилиш керак:

1. Ҳаракатларингизга боғлиқ ва боғлиқ бўлмаган стресс сабабларини белгиланг. Бундай вазиятда нима қилишингиз мумкинлиги ҳақида ўйлаб кўринг. Албатта, биринчи навбатда шифокорларнинг тавсияларига амал қилишингиз керак – қўлингизни тез-тез ювинг, антисептиклардан фойдаланинг ва одамлар билан мулоқот қилмасликка ҳаракат қилинг. Карантин чораларига риоя қилиш ўзингизни янада ҳимояланган ҳис қилишингизга ёрдам беради. Касалланишнинг биринчи белгисида нима қилиш кераклиги ҳақидаги тавсияларни кўриб чиқинг. Қўлингиздан келганини қилаётганингизни билиш ва англаб етиш сизга хотиржамлик ҳиссини беради;

2. Бугунги кунингиз билан яшанг. Келажак ҳақида мулоҳаза юритмаслик, бошқаларнинг келажакда нима бўлишига оид тахминларига ишонмаслик, пул тугаб қолди деб ўйламасликка ҳаракат қилинг. Буларнинг барчаси неврозларга ва доимий стрессга олиб келади. Агар безовталикни ҳис қилсангиз, ушбу машқни бажаринг: атрофингиздаги рангларга, ҳидларга, таъмларга эътибор беринг, тафсилотларни кўриб чиқинг. Психологларнинг таъкидлашича, бу ҳис-туйғуларни бошқаришда ёрдам беради;

3. Кунингизни режалаштиринг. Кундалик тартиб деярли карантиндан олдинги каби амалга оширилиши мумкин. Агар уйдан ишлаётган бўлсангиз, аввалгидек бир вақтнинг ўзида туринг. Уй ташқарисидаги одатий ўйин-кулгиларни севимли машғулотингиз билан алмаштиринг;

4. Маълумотларни саралаб чиқинг. Янгиликлар фақат ишончли манбалардан олинг. Ижтимоий тармоқларда одамлар ёзадиган ҳамма нарсага ишонманг. Янгиликларни кунига бир марта текширинг;

5. Ўз ҳисларингиз ҳақида гапиринг. Қўрқувларингизни яқинларингиз билан баҳам кўринг, бу ҳақда ташвишланманг.

Хавотир ва стрессни бошдан кечиришни тўхтатсангиз, ўзингизни ривожлантиришингиз, ўрганишингиз, яхшиланишни бошлашингиз мумкин. Бошқача айтганда, карантиндан фойда кўринг. Ва шунингдек, карантин – бу танаффус қилиш, ҳаёт ва келгуси режалар ҳақида ўйлаш учун имконият деб билишингиз мумкин.

Ухланг ва тўғри овқатланинг!

Ушбу даврда, айниқса соғлом уйқу ҳақида унутманг. Доим бир вақтда ухлашга ётинг ва уйғонинг. Камида 7 соат ухланг.

Тўғри овқатланишга ҳаракат қилинг. Овқатланиш тартиби ҳақида унутманг. Ўзингиз хоҳлаганингиздек овқатлансангиз, карантиндан кейин ортиқча вазн билан курашишингизга тўғри келади. Спиртли ичимликлардан тийилишингиз лозим. Бу дам олишга ёрдам беради деб ўйласангиз, ушбу фикрни миянгиздан чиқариб ташлаганингиз маъқул. Спиртли ичимликлар соғлиғингиз учун зарарли эканлигини ва у фақатгина енгиллик иллюзиясини беришини эсингиздан чиқарманг.

Ақлий фаолият билан шуғулланишни унутманг.

Миянгиз қанчалик яхши ишласа, стрессга берилиш эҳтимолингиз шунчалик кам бўлади ёки уни енгиш осонроқ кечади. Ҳар куни хотира, диққат ва бошқа қобилиятларни ривожлантиришга қаратилган машғулотлар билан шуғулланишга ҳаракат қилинг. Шунингдек, интернет сайтлари орқали ўзингизнинг психо-эмоционал ҳолатингизни яхшилашга ёрдам берадиган онлайн курсларни топинг ва шуғулланишни бошланг.

Соғлигимиз ўз қўлимизда эканлигини доимо ёдда тутишимиз керак. Юқоридаги қоидаларга амал қилсак, ўзимиздаги ички хавотир, қўрқув, стресс ва депрессияни муваффақиятли енга оламиз.  

Наргиза Халилова,
психология фанлари номзоди, доцент.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *