«Карантинни қачон бекор қилишни халқимиз билан бамаслаҳат, ҳар томонлама чуқур ўйлаб, албатта, кўриб чиқамиз» — Шавкат Мирзиёев

Шавкат Мирзиёев 14 апрель, сешанба куни глобал инқироз ва пандемия шароитида Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги олдида турган долзарб вазифалар муҳокамасига бағишланган видеоселектор йиғилиши аввалида карантинни бекор қилиш масаласига тўхталиб ўтди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар бермоқда.

Фото: Президент матбуот хизмати

Давлат раҳбарининг таъкидлашича, пандемия ва карантин билан боғлиқ мавжуд қийинчиликларга қарамасдан, аҳоли тушкунлик ва саросимага тушгани йўқ. Мамлакатда фаолият юритаётган бирон-бир тизим тўхтаб қолмади. Вазиятдан келиб чиқиб, аҳолининг соғлиғини ўйлаб, иш бошқа шаклда ташкил этилмоқда. Ақлий меҳнат, таълим-тарбия билан боғлиқ фаолият турлари масофадан туриб, онлайн режимда олиб борилмоқда.

«Албатта, биз яхши тушунамиз, уйда ўтириш осон иш эмас, лекин биз айни пайтда элимизнинг соғлиғини ва ҳаётини сақлаб қолиш учун энг мақбул восита сифатида шу тавсияга амал қилишга мажбурмиз. Биз карантинни қачон бекор қилишни халқимиз билан бамаслаҳат, ҳар томонлама чуқур ўйлаб ва таҳлил қилиб, албатта, кўриб чиқамиз», — деди Мирзиёев.

Давлат раҳбари, шунингдек, бу вақтинчалик қийинчилик эканлигини, у албатта, енгиб ўтилишини таъкидлади.

«Буюк шоиримиз Абдулла Орипов қаламига мансуб, ҳаммамиз ғурур билан куйлайдиган Давлат мадҳиямизда ‘Улуғ халқ қудрати жўш урган замон’, деган чуқур маъноли сўзлар бор. Чиндан ҳам, мана шундай мураккаб ва синовли дамларда биз улуғ ва меҳнаткаш халқимизнинг қудрати, ақл-заковати ва сабр-матонати, меҳр-оқибати ва самимияти билан ушбу оғир синовларни ҳам, албатта, енгиб ўтамиз», — деди Президент.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *