Карантин тугади, энди ҳашар бўладими?

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги карантиндан кейин ҳашарга жалб этиш масаласига муносабат билдирди.

Вазирликнинг ахборот хизмати раҳбари Раҳимжон Маҳкамов АОКА қошида ташкил этилган брифингда карантиндан сўнг давлат ва хўжалик юритувчи ташкилотлар ходимлари, хусусан таълим муассасалари ходимларини ҳашарга жалб этиш масаласига муносабат билдирди.

Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 10 майдаги «Ўзбекистон Республикасида мажбурий меҳнатга барҳам беришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги 349-сон қарорининг 2-бандига мувофиқ, ҳашарлар фақатгина:

  •  умумхалқ ҳашарини ўтказиш тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли ҳужжати ёки Вазирлар Маҳкамасининг қарори мавжуд бўлганда;
  •  унда иштирок этадиган шахслар меҳнат қиладиган тегишли ташкилот ҳудудида меҳнатни муҳофаза қилиш ва хавфсизлик нормаларига қатъий риоя этилган ҳолда ўтказилади.

«Шу сабабли, карантин вақти бўлишидан қатъи назар ваколатли органнинг тегишли ҳужжати бўлмаганида ҳашар ўтказиш баҳонаси билан мажбурий равишда ободонлаштириш ишларига жалб қилиш – мажбурий меҳнат деб ҳисобланади ҳамда ушбу ҳаракат меҳнат қонунчилигига зиддир.

Шунингдек, Ўзбекистон президентининг 2018 йил 14 августдаги «Ёшларни маънавий-ахлоқий ва жисмоний баркамол этиб тарбиялаш, уларга таълим-тарбия бериш тизимини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш чора-тадбирлари тўғрисида» ги қарорининг 16-бандида халқ таълими ходимларини хизмат мажбурияти билан боғлиқ бўлмаган ишларга, мажбурий меҳнатга, шу жумладан, туман ва шаҳарлар ҳудудларини ободонлаштириш ҳамда кўкаламзорлаштириш ишлари, мавсумий қишлоқ хўжалиги ишлари ҳамда бошқа турдаги ишларга, уларнинг касбий фаолияти билан боғлиқ бўлмаган йиғилишлар ва бошқа тадбирларга жалб қилиш тақиқланган. Буни янги ўқув йили бошланишидан аввал яна бир карра эслатиб ўтишимиз ўринли деб ҳисоблайман», — дейди у.

Карантин чоралари юмшатилгандан сўнг, Бухоронинг Пешкў туманида жойлашган спорт мактаби директори ходимларни мажбурий меҳнатга жалб этгани ҳолати аниқланганди. Шундан сўнг, Спорт вазирлиги ҳам расмий муносабат билдирди.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *