Карантин қоидаларига амал қилиш – барчамизнинг асосий вазифамиз!

Бугун ZOOM видеоконференц дастурида Ўзбекистон Миллий Паралимпия ассоциацияси шифокорлари томонидан “Спорт муассасаларида коронавирус инфекциясини олдини олиш чора-тадбирлари” мавзусида онлайн видеосеминар ўтказилди. Унда ассоциация раҳбарияти, ходимлари ва тренерлар иштирок этишди.

Дастлаб, ассоциация шифокори Зарифа Бойтемирова карантин даврида спорт муассасаларида, жумладан Паралимпия ассоциацияси биносида коронавирус инфекциясига қарши кураш бўйича амалга оширилган ишлар тўғрисида сўз юритди. Бундан ташқари, тажрибали шифокор ўз нутқи давомида ассоциация худудида фаолият олиб борувчи барча ходимлар, тренерлар ва спортчиларга шахсий гигиеник қоидаларга қатъий амал қилиши лозимлигини ҳам алоҳида таъкидлаб ўтди, бу борадаги тартиблар билан таништирди.

Шунингдек, семинар давомида ассоциация худудида мунтазам равишда дезинфекция ишлари олиб борилаётгани, агарда кимда Covid-19 аниқланса, бундай беморлар учун махсус изоляция хонаси ташкил этилгани ҳақида ҳам хабар бериб ўтилди.

Семинар давомида иштирокчилар мавзу юзасидан ўзлари қизиқтирган саволларга жавоблар олишди.

Таъкидлаш керакки, айни дамда хушёрликни ошириш, ўзимиз ва бошқалар ҳаётини хавфга қўймаслик барчамизнинг асосий бурчимиздир.

Ўзбекистон Миллий Паралимпия ассоциацияси

матбуот хизмати

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *