Каратэчиларимиз билан яна бир онлайн машғулот

Карантин даврида терма жамоаларимиз билан ташкил қилинаётган онлайн машғулотлар давом этади. Бугун ана шундай тадбирлардан бири Ўзбекистон каратэ WKF Миллий федерацияси билан ўтказилди. Мазкур тадбирда МОҚ ҳамда Ўзбекистон каратэ федерацияси раҳбарияти, спортчи ва мураббийлар иштирок этди.

Машғулотни терма жамоамизнинг эронлик мураббийи Шаҳоб Султани олиб борди. Мутахассис бугунги машғулотда каратэнинг кумитэ йўналишидаги асосий жиҳатлар, жанг тактикалари ҳақида гапириб берди.

“Илгари айтиб ўтганимдек, ҳар бир мураббий машғулотдан олдин шогирдлари учун алоҳида иш режасини тузиб олиши керак. Бу машғулот жараёнининг самарадорлигини оширади. Менда 30 йил аввалги ўқув-машғулот режаларим сақланиб турибди. Ўз устида ишлашда нафақат амалиётни, балки назарияни ҳам бирдек олиб борган ҳолда муваффақиятга эришиш мумкин”, – деди Шаҳоб Султани.

Албатта, бундай даврда психологик барқарорликни сақлаб туриш мураккаб жараён ҳисобланади. Шу боис тадбир давомида федерация психологи Камола Атабекова пандемия пайтида стрессни қандай енгиш ҳақида маъруза қилди. Сўнг федерация шифокори Баҳриддин Аҳмедов “Иммунитетни мустаҳкамлаш учун 10 та маслаҳат” мавзусида гапириб берди. Тажрибали шифокор сўз ўрнида тўғри уйқу, овқатланиш, жисмоний фаоллик ва спиртли ичимликларнинг зарари тўғрисида ҳам қимматли маълумотлар бериб ўтди.

Онлайн тадбир якунида МОҚ раҳбари ўз фикрларини билдириб ўтди.

Аввало, барчангизга карантин даврида ҳам спортни ташлаб қўймаганингиз учун ташаккур айтаман. Энди энг муҳими ўзингизни ҳимоя қилишдир. Секин-аста эпидемиологик вазият юмшаб бормоқда. Буёғига янгиликларни кузатиб борамиз. Раҳбарият ҳам барча жараённи назоратда ушлаб туриши лозим. Шаҳоб Султанига эса бугунги машғулот учун алоҳида раҳмат айтамиз”, – деди Рустам Шоабдураҳмонов.

Шунингдек, МОҚ раҳбари яқинлашиб келаётган Мустақиллик байрами муносабати билан спортчиларимизни рағбатлантириш мақсадида онлайн мусобақалар ташкил қилиш бўйича кўрсатмалар бериб ўтди.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *