Келгуси йил ёзда Олимпия ўйинлари ўтказилишига қарор қилинди

Душанба куни Токиога ташриф буюрган Халқаро олимпия қўмитаси раҳбари Томас Бах Япония Бош вазири Ёсихидэ Суга билан глобал пандемия давом этишига қарамай, келгуси ёзда Олимпия ўйинлари режалаштирилган тарзда ўтказилишига келишиб олди, деб хабар беради Kyodo News.

Мамлакатга тўрт кунлик ташриф билан келган Бах ва Суга ўйинларга тайёргарликнинг боришини муҳокама қилдилар. Учрашувдан сўнг журналистларга берган интервьюсида Бах, томошабинлар мусобақаларни кузатиш учун спорт иншоотларига кира олишларига ваъда бериб, агар ўша кунгача вакцина топилса, ХОҚ барча спортчилар эмланишини таъминлаш бўйича ҳаракатларни кучайтиради, дея таъкидлади.

«Бугунги учрашувда келгуси йил ёзда Олимпия ва Паралимпия ўйинларини катта муваффақият билан ўтказиш учун қатъий ва ишончли қарорга келдик», деди халқаро ташкилот раҳбари.

Ушбу ташриф март ойида ўйинларни бир йилга қолдириш тўғрисида қарор қабул қилингандан сўнг, Бахнинг Японияга биринчи сафари ҳисобланади.
Бошқа мамлакатлар билан таққослаганда, Японияга пандемия нисбатан таъсир кўрсатмади. Бироқ сўнгги кунларда мамлакатда ҳар куни рекорд даражада касалланишлар қайд этиляпти.

«Биз томошабинлар бўлади, деган тахмин асосида турли чораларни кўряпмиз. Президент Бах билан Олимпия ўйинлари хавфсизлигини таъминлаш учун яқиндан ҳамкорлик қилишга келишиб олдик», деди Суга журналистларга.

Бах ташриф режасига ўйинлар мезбонлиги учун ғалабани қўлга киритганда, мамлакат етакчиси бўлган, аммо соғлиғи сабабли истеъфога чиққан собиқ бош вазир Синдзо Абэ билан учрашув ҳам киритилган. Унга ўйинларни ташкил этишга қўшган ҳиссаси учун мукофот топширилиши кутилмоқда.

Бугун у Токио-2020 ташкилий қўмитаси президенти Ёсиро Мори ва Токио губернатори Юрико Койке билан ҳам учрашди. Бах ва Мори кейинроқ қўшма матбуот анжумани ўтказдилар.

Бах сешанба куни Олимпия қишлоғи ва Миллий стадионга ташриф буюради. 2019 йил ноябрь ойида қуриб битказилган ушбу стадион Токио ўйинлари пайтида енгил атлетика ва футбол баҳсларига мезбонлик қилади, шунингдек, ўйинларнинг очилиш ва ёпилиш маросимлари ҳам шу ерда ўтказилади.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *