Киберспорт ривожи йўлида янги қадам – Uzbekistan Esports федерацияси IESF ва AESF аъзолигига қабул қилинди

Uzbekistan Esports федерацияси Халқаро электрон спорт федерацияси (The International Esports Federation – IESF) ва Осиё электрон спорт федерацияси (Asian Electronic Sports Federation – AESF) аъзолигига қабул қилинди. Бу ҳақда бугун халқаро ташкилотларнинг расмий сайтларида маълум қилинди.

IESF’нинг маълум қилишича халқаро ташкилотга Uzbekistan Esports федерациясидан ташқари Жанубий Америкадан Аргентина ва Гватемала, шунингдек, Европадан Норвегия ва Ирландия электрон спортфедерациялари ҳам аъзо сифатида тан олинган.

Маълумот учун, The International Esports Federation – IESF 2008 йилда Европа ва Осиёнинг 9 мамлакати аъзолигида ташкил этилган эди. Шундан буён йилдан-йилга ушбу халқаро ташкилотга аъзо бўлаётганлар ортиб борди.

Ҳозирги кунда ташкилотга 71 та давлат аъзо бўлган бўлиб, IESF жаҳонда электрон спорт ўйинларининг оммалашуви ривожланиши йўлида фаол хизмат кўрсатмоқда.

Шунингдек, Осиё электрон спорт федерацияси (Asian Electronic Sports Federation – AESF) ҳам Uzbekistan Esports федерациясининг ташкилотга расман аъзо бўлганлигини эълон қилар экан, Ўзбекистонда ушбу спорт ўйинлари тобора ривожланиб бораётганини эътироф этди.

Uzbekistan Esports федерацияси президенти Азизбек Паттахов Asian Electronic Sports Federation ижроқўм аъзолигига ҳам қабул қилинган. Энди халқаро ташкилот томонидан муҳим қарорлар қабул қилинаётганда Ўзбекистон томони ҳам ўз овозига эга бўлмоқда.

Маълумот учун, Uzbekistan Esports федерацияси 2016 йилда ташкил этилган бўлиб, “Team Uzbekistan” – миллий терма жамоа спортчилари билан халқаро мусобақаларда Ўзбекистон номидан муносиб иштирок этиб келмоқда.

Бугунги кунда Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги томонидан ҳам киберспортнинг мамлакатимизда профессионал спорт тури сифатида кенг ривож топиши учун Uzbekistan Esports федерацияси билан ҳамкорликда қатор ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, ҳар йили мамлакат очиқ чемпионатлари ташкил этилиб, иқтидорли спортчиларни саралаб олган ҳолда “Team Uzbekistan” жамоаси аъзолари шакллантирилмоқда.

Uzbekistan Esports федерацияси Alibaba Sports ва SHOS Esports Siyan халқаро ташкилотларининг ҳам аъзоси саналади. Федерациянинг бу ташкилотлар билан узоқ йиллик шартномалари мавжуд бўлиб, улар томонидан ташкил этилаётган йирик турнирларда спортчиларимиз муносиб иштирок этиб келмоқда.

Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги
Матбуот хизмати

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *