Коронавирусдан даволайдиган шифокорлар «вахта» усулидан кунбай иш тартибига ўтказилади

Коронавирус беморларини даволайдиган шифокорлар «вахта» усулидан кунбай иш тартибига ўтказилади. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими раҳбари Фурқат Санаев маълум қилди.

Фото : KUN.UZ

«Мамлакатимизда беш ойдан ошиқ вақт давомида тиббиёт муассасасида қолиб ишлаётган тиббиёт ходимлари 14 кунлик «вахта» усулида эмас, балки кунбай келиб-кетиш тизимига ўтиш бўйича ўз таклифларини билдиришмоқда.

Россия, Туркия, Германия, Хитой, Корея ва бошқа ривожланган мамлакатлар экспертлари ҳам коронавирус инфекциясига чалинган беморларни даволашга мўлжалланган, саралаш ва провизор шифохоналари ҳамда коронавирус инфекциясини аниқлаш лабораториялари ходимлари иш режимини, уларнинг санитария ва гигиена қоидаларига қатъий риоя қилган ҳолда кунбай келиб-кетиш тизимига ўтказилишига ижобий муносабат билдирган», дейилади вазирлик хабарида
  
Юқоридаги таклиф ва тавсиялардан келиб чиқиб, Республика махсус комиссиясининг жорий йилнинг 17 августидаги тегишли йиғилиш баёнига кўра, шу йилнинг 20 август санасидан янги тартиб жорий этилади.

Унга кўра, коронавирус инфекцияси билан касалланган беморларни даволаш ишларига жалб қилинган ҳамда ушбу инфекцияни аниқлаш лабораторияси ходимлари 14 кунлик «вахта» усулидан, уларнинг санитария ва гигиена қоидаларига қатъий риоя қилган ҳолда кунбай келиб-кетиш тизимига ўтилади.

Иш ҳажмидан келиб чиқиб, 6 кунлик кунбай ишлаш мумкинлиги белгиланган ҳолда ҳар 30 кун учун бир ойлик иш фаолияти якуни бўйича:

  • – шифокорларга 25 млн сўм; 
  • – ўрта тиббий ходимларга 15 млн сўм;
  • – кичик тиббий ходимларга 10 млн сўм;
  • – бошқа ходимларга 5 млн сўм миқдорида махсус рағбатлантириш тўловлари (даромад солиғидан ташқари) тўланиши белгиланди.

«Кунлик қўшимча тўловлардан ташқари, асосий иш жойидаги ойлик маоши сақлаб қолиниши ҳамда ходимларнинг дам олиш ва байрам кунларидаги ишлари учун уларга белгиланган тартибда икки ҳисса ҳақ тўланади.

Вазирлик бу масала юзасидан қўшимча маълумотлар бериб боради», дейилади Соғлиқни сақлаш вазирлигиЖамоатчилик билан алоқалар бўлими хабарида.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *