Коронавируснинг авж олиши ва метрода юриш ўртасида ҳеч қандай боғлиқлик топилмади – NYT

Жамоат транспортида юриш «тасаввур қилинганидан кўра анча хавфсизроқ» бўлиши мумкин, деб хабар берди The New York Times. Мутахассисларнинг газетага айтишича, метрода юриш хонада овқатланишдан камроқ хавф туғдиради.

Коронавирус пандемиясининг кўлами пасайиши кузатилган давлатларда жамоат транспортида ҳаракатланиш билан боғлиқ касалланиш ҳолатлари ошгани қайд этилмади. Ушбу хулосага транспорт агентликларини сўровдан ўтказган The New York Times келди. Газета метрода юриш «тасаввур қилинганидан анча хавфсизроқ» бўлиши мумкинлигини таъкидлади.

Тадқиқот натижаларига кўра, метро, шаҳарлараро темирйўл транспорти ва автобуслар вирус тарқалишининг муҳим манбаи бўлмаслиги мумкин, дея қайд этади газета. Бу йўловчилар ниқоб тақиб юрган пайтида, транспорт эса пандемиядан олдин каби тўла бўлмаган вақтда долзарб. Мутахассисларнинг NYT’га маълум қилишича, метрода юриш кўчада пиёда юришдан кўра кўпроқ, аммо хонада овқатланишдан кўра камроқ хавф туғдириши мумкин.

Парижда касалланганлар алоқаларини текширган тиббий ходимларнинг аниқлашича, май-июль ойида қайд этилган 386та инфекция кластерининг ҳеч бири жамоат транспорти тизимига алоқадор бўлмаган, дея хабар беради NYT. Шунга ўхшаш тадқиқот апрель ва май ойларида ўтказилган Австрияда ҳам бундай ҳолатлар топилмади. Токио расмийлари вирус кластерларини «агрессив равишда» кузатиб борди ҳамда доимо тўла бўладиган шаҳар темирйўл транспорти билан ҳеч қандай боғлиқликни топмади.

Ҳонконг ҳам «жамоат транспорти билан боғлиқ касалланиш ҳолатлари ўчоғига» дуч келмади, деди NYT’га Ҳонконг Хитой университетининг Стэнли Хо номидаги юқумли касалликлар маркази директори Дэвид Хуэй. Шу билан бирга, унинг таъкидлашича, агар одамлар уйдан ишламаганида, метро ва автобусларнинг тўла бўлишига йўл қўймаслик қийинроқ бўларди. «Бундай ҳолда, менинг фикримча, касалланишнинг жиддий ўчоғи пайдо бўларди», – деди Хо.

Одамлар, одатда, офисда ўтирадиган ёки бирон жойга борадиган вақтга қараганда поезд ёки автобусда нисбатан камроқ вақт бўлишади, дейди NYT. Йўловчилар поездда камроқ гаплашади, натижада ҳавога камроқ суюқлик чиқади. Бундан ташқари, кўплаб шаҳарларда карантин чоралари ва уйдан иш олиб борилиши туфайли поездлардаги одамлар сони камайди, бу эса ижтимоий масофа сақлашни осонлаштирди.

Шу билан бирга, соғлиқни сақлаш бўйича мутахассислар далилларга эҳтиёткорлик билан қараш кераклиги ҳақида огоҳлантирмоқда, деб ёзади нашр. Катта шаҳарларда жамоат транспортидан фойдаланувчи одамлар сони пандемиядан аввал кузатилганидан анча паст. Бундан ташқари, транспортда ишлатиладиган ҳаво айланиш тизимларининг сифати турлича, вирусларнинг тўлиқ занжирини кузатиб бориш эса қийин вазифадир. 

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *