Коронавирус белгилари оддий гриппдан қандай фарқ қилади?

Коронавирус дунё бўйлаб кутилмаганда қайта бош кўтарди.

Вирус тез кунларда дунё бўйлаб пандемияга айланиши мумкин, деган хавотирлар бор.

Аксар беморлар Хитойда, лекин вирус Жанубий Корея, Италия ва Эронда кўп одамда топилди ва бу мамлакатлар уни жиловлашга интилмоқдалар.

Пандемия – бирон юқумли касалликнинг дунёнинг турли жойларида бир одамдан бошқасига осонлик билан юқиши.

Ўтган йили вирус илк бора пайдо бўлган жой – Хитойда 77 минг одам уни юқтирди, 2 ярим мингдан зиёд киши ҳалок бўлди.

Аммо 30 давлатда яна 1200 инсон бу вирусни юқтиргани аниқланди.

Бугун душанба куни Италияда 2 киши вафот этди ва бу мамлакатдаги вирус қурбонлари сони 5 нафарга етди.

Аломатлари қандай?

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотига биноан, афтидан:

  • Вирус ваража билан бошланади ва қуруқ йўтал тутади.
  • Бир ҳафтадан кейин нафас олиш қийинлашади ва айримлар касалхонага ётиши керак бўлади.
  • Бош ва мушаклар оғрийди.
  • Одам ўзини чарчагандек ҳис қилади.
  • Эътиборли жиҳати – коронавирус юқтирган одам жуда кам ҳолларда бурни оқади ёки аксиради.

Бемор қачон хавфли?

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотига кўра, вируснинг яширин даври 14 кунгача чўзилиши мумкин.

Баъзи олимлар эса коронавируснинг инкубацион даври ҳатто 24 кунга етиши мумкин, дейишмоқда.

Хитой олимлари янада хатарли жиҳатини урғулашмоқда:

Вируснинг бирон аломати кўринмасдан олдин ҳам уни ташувчи одам касалликни бошқаларга юқтириши мумкин.

Коронавирус қанчалик қақшатқич?

44 минг беморни ўрганиш натижасида Жаҳон Соғлиқни Сақлаш Ташкилоти хулоса қилади:

  • 81% – ҳар ўнтадан саккизта одамда аломатлар енгил кечади.
  • 14% – тахминан ҳар еттинчи беморда оғир аломатлар кузатилган.
  • 5% – ҳар йигирманчи киши жуда қаттиқ касал бўлади.
  • 1% ёки 2% – Элликтадан битта ёки юзтадан битта бемор оламдан ўтади. Ўлим ҳоллари анча паст, лекин ўта ишончли эмас.

Чунки ҳозир даволанаётган минглаб одамлар ҳам оламдан ўтиши мумкин.

Айни пайтда, касалликни енгил ўтказган кўплаб одамлар шифокорга бормаган ва ҳисобга олинмагани эҳтимоли ҳам бор.

Таққослаш учун: Ҳар йили 1 миллиард одам оддий грипп юқтиради ва улардан 290,000-650,000 нафари вафот этади.

Даво борми?

Ҳозирча вирусни юқтирган одамни грипп бўлган бемор каби даволашмоқда.

Касални тирик тутиб туришга интилмоқдалар, нафас олишига ёрдам берилмоқда.

Инсоннинг ўз иммун тизими вирусга қарши курашмоқда.

Айнан коронавирусга қарши вакцина ёки махсус дори йўқ.

Аммо коронавирусга қарши зидди-заҳар ёки вакцина яратиш жараёни кечмоқда.

Жорий йил охирида у инсонларда синаб кўрилади, деган умидлар бор.

Касалхоналар эса аксилвирус дориларини ҳам синаб кўришмоқда.

Манба: BBC

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *