Коронавирус: Германияда яна карантин, ЖАР президенти иҳоталанди

Дунё бўйлаб коронавирус билан касалланиш ҳолатлари кунига ўртача 450 мингтага ортяпти ва умумий рақамлар 45 миллионга яқинлашмоқда. 1 млн 171 минг одам ҳаётдан кўз юмган, деярли 32,5 миллион бемор соғайиб кетган.

Фото: Getty Images

Сешанба куни касалланганлар сони 500 минг кишига ортди – бу эпидемия бошидан бери кузатилган кунлик энг юқори кўрсаткич.

Энг оғир вазият аввалгидек АҚШ ва Ҳиндистонда кузатилмоқда (мос равишда 9 миллиондан ортиқ ва деярли 8 милллион бемор).

Тинч океани минтақаси давлатларида, Хитой, Жанубий Корея, Япония ва Австралия вазият қониқарли деб баҳоланмоқда.

Европанинг деярли ҳар бир давлатида турли хил даражадаги карантин чекловлари қайта тикланмоқда. Оқ уй штаби раҳбари Марк Медоузнинг айтишича, Америка маъмурияти касаллик тарқалишини назорат қилиш уринишларидан воз кечди ва барча умидларини вакцина пайдо бўлиши билан боғламоқда. 

Россияда Гамалеи номидаги Эпидемиология ва вирусология марказида яратилган «Спутник-V» вакцинасини оммавий синовдан ўтказиш давом этмоқда. Чоршанба куни унинг бир нечта иштирокчилари коронавирус билан касалланганлиги маълум бўлди. Бироқ бу текширув жараёнида плацебо олган одамлар бўлиши мумкин. 

Германия канцлери Ангела Меркель ва 16 федерал ҳудуд бош вазирлари ўртасидаги бугунги видеоконференцияда «енгил локдаун» деб номланган қарор қабул қилинди. 

«Бизнинг соғлиқни сақлаш тизимимиз бугунги кунда бу муаммога дош бера олади. Аммо инфекция бундай тезликда тарқалса бир неча ҳафта ичида уни назорат қилиш имкони бўлмай қолиши мумкин», – деган Меркель.

Карантин 2 ноябрдан кучга киради ва декабргача амалда бўлади. 

«Енгил» локдаун ресторан, бар, меҳмонхоналар, кинотеатрлар ва дам олиш марказлари ёпилишини назарда тутади.

Дўконлар ва таълим муассасалари ўз фаолиятини давом эттиради. Мактаб ва боғчалар ҳам очиқ бўлади. Одамлар бир-бирларига ташриф буюришлари мумкин, лекин кўпчилик бўлиб тўпланиш тақиқланади. 

Ўтган кун давомида Германияда деярли 15 минг кишида вирус аниқланди. 

Франция президенти Эмманнуэль Макрон шу каби чоралар жорий этилишини халққа кечки телемурожаати орқали эълон қилиши кутилмоқда. 

Иложи борича максимал миқдордаги аҳолини масофадан ишлашга, ўрта мактаб ўқувчилари ва талабаларини эса масофадан ўқитишга ўтказиш режалаштирилган. 

Ўтган кун давомида Францияда 523 киши коронавирусдан вафот этди, улардан 235 нафари касалхоналарда бўлмаган. 

Римда сешанба куни кечқурун полициячилар скептикларнинг норозилик намойишини тарқатиш учун водомётдан фойдаланди. 16 киши ҳибсга олинган.

Сўнгги 24 соат ичида Италияда Covid-19 билан касалланган 221 бемор вафот этди – бу аввалги кунга нисбатан бир ярим баравар кўп. Реанимация бўлимларида беморлар сони бир кунда 127 кишига ортган.

ЖАР президенти Сирил Рамафоса ўзи иштирок этган тантанали зиёфатдаги меҳмонлардан бирининг коронавирус тести мусбат натижа кўрсатганидан сўнг, иҳоталанди.

Президентнинг ўзида касалликнинг аломатлари ҳозирча кузатилмаяпти, у масофадан туриб ишлайди. 

Мельбурннинг кўплаб аҳолиси кечаги тунни қарийб тўрт ойлик танаффусдан сўнг қайта очилган бар ва қовоқхоналарда ўтказишди. Австралия касалланиш сони бўйича дунёда 88-ўринни эгаллаб турибди, сўнгги уч кун ичида Covid-19’дан мамлакат бўйлаб икки киши вафот этди.

Чехияда тунги комендантлик соати кучга кирди. Дўконлар соат 20:00да ёпилади, 21:00дан кейин уйдан фақат ишга бориш, шошилинч тиббий ёрдам ва итни сайр қилдириш учун чиқиш мумкин. 

Бельгия клиникаларида Covid-19 билан касалланганлар сони апрель ойининг бошидаги пик кўрсаткичларга қайтди ва ҳозирда 5554 кишини ташкил қилмоқда. Аҳолиси 11,5 миллион кишини ташкил этувчи мамлакатда пандемия бошланганидан бери 11 мингдан ортиқ одам вафот этди.

Испанияда ўтган кун давомида 267 киши вафот этди – бу 1 майдан буён кузатилган энг катта кўрсаткич. 

Кўп йиллар давомида Европада энг гавжум ҳисобланган Лондоннинг Ҳитроу аэропорти пандемия шароитида Париждаги «Шарль де Голл» аэропортига етакчиликни бой берди. 2020 йил январь-сентябрь ойларида Ҳитроу 19 миллион, «Шарль де Голл» эса 19,3 миллион йўловчига хизмат кўрсатди. Ўтган йилнинг мос даврида кўрсаткичлар мос равишда 61 ва 58 миллионни ташкил этганди. Ҳитроунинг 9 ойдаги молиявий зарари бир ярим миллиард фунт (1,95 миллиард доллар).

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *