Коронавирус: Оксфордда умидли вакцина синови тўхтатилди, Россияда эмлаш бошланди

Оксфорд университети ва AstraZeneca компанияси Covid-19’га қарши вакцина синовларини унда қатнашаётган кўнгиллилардан бирида «яширин ҳолатдаги тушунарсиз касаллик» аниқлангани туфайли вақтинча тўхтатди. Москвада эса коронавирусга қарши эмлаш бошланди, аммо Россия президенти Владимир Путин «Ростех» раҳбари Сергей Чемезов ва рус элитасининг бошқа вакилларидан фарқли ўлароқ эмланишга шошилмаяпти.

Фото: Reuters

AstraZeneca’нинг маълум қилишича, бу танаффус – синов қатнашчилардан бири хасталанган ҳолатда қўлланадиган одатий чора. 

Коронавирусга қарши вакцина яратиш бўйича дунё бўйлаб ўнлаб тадқиқот марказлари иш олиб бормоқда. Ҳозирга қадар айнан Оксфорд университети ва AstraZeneca томонидан ишлаб чиқилаётган ва 3 клиник синовдан иккитасини муваффақиятли тарзда тугаллаган ушбу вакцинага энг кўп умид боғланганди. 

Учинчи босқичда Буюк Британия, АҚШ, Бразилия ва ЖАРдан 50 минг нафарга яқин инсон иштирок этмоқда.

Синовларнинг учинчи босқичида олимлар минглаб кўнгиллилардан фойдаланади ва бу жараён бир неча йил давом этиши мумкин. 

Вакцина синовининг вақтинча тўхтатилишини эълон қилган Stat News агентлигининг ёзишича, волонтёр билан айнан нима содир бўлган ҳозирча аниқ эмас, аммо мавжуд маълумотларга кўра, у тез орада тузалиши керак.

Вакцина ишлаб чиқарувчилар жамоатчилик ишончини қозонмоқчи

Вакцина излаб
АҚШ президенти Дональд Трамп 3 ноябрь куни бўлиб ўтадиган президент сайловларигача Covid-19 вакцинаси ишлаб чиқилишини истамоқда. Скептикларнинг президент ўзининг сиёсий манфаатларини ҳамма нарсадан устун қўяётгани ва халқ саломатлиги учун эҳтимолий оқибатларни ҳисобга олмаётганини таъкидлашмоқда.

Сешанба куни Covid-19 вакцинасини ишлаб чиқаётган тўққиз компания қўшма баёнот эълон қилди, унда улар илмий изланишлар ва этиканинг барча тамойилларига риоя қилишга интилишаётгани ва янги препаратларни синовдан ўтказишда қатнашувчи кўнгиллиларнинг соғлигига ҳеч қандай зарар етказмаслик ниятида эканликларини таъкидлашган.

Ушбу баёнотни имзолаган компаниялар қаторига AstraZeneca, Johnson & Johnson, BioNTech, GlaxoSmithKline, Pfizer, Merk, Moderna, Sanofi ва Novavax киради. 

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотларига кўра, дунё бўйлаб 180дан ортиқ вакциналар синовдан ўтказилмоқда, аммо ҳали улардан ҳеч бирининг клиник синовлари якунланмаган. 

ЖССТ, агар вакцина ишлаб чиқилган тақдирда ҳам, уни тўлиқ синовдан ўтказиш зарурлигини ва бу йил тасдиқланиши мумкин эмаслигини қўшимча қилган.

Шунга қарамай, Россия ва Хитой аллақачон ўз вакциналарини ишлаб чиқишгани ва ҳатто аҳоли айрим гуруҳларининг эмланиши бошлаганини эълон қилишди. 

ЖССТ ушбу иккала вакцинани фақатгина синов жараёнида деб ҳисоблайди.  

Шу билан бирга, АҚШ озиқ-овқат ва медикаментларни санитар назорат қилиш бўйича федерал маъмурияти (FDA) Қўшма штатларда истиқболли вакцинани учинчи босқичдан ўтмасдан олдин маъқуллаш мумкинлиги ҳақида тушунтирди, яъни препаратни қўллаш аслида президентлик сайловларидан олдин бошланиши мумкин . 

Ўтган ҳафта АҚШ Касалликларни назорат қилиш ва олдини олиш маркази штат раҳбарларини вакцинани 1 ноябргача – президентлик сайловидан икки кун олдин тарқатишга тайёр бўлиш учун баъзи талабларни бекор қилиш имкониятини кўриб чиқишга чақиргани маълум бўлди.

9 сентябрда Россияда «Спутник V» билан эмлаш бошланди. Илк эмлашлар Москвада ўтказилди.

Фото: Сергей Бобылев/ТАСС

Гап Гамалеи номидаги марказда ишлаб чиқилган ва август ойида рўйхатга олинган (дунёда биринчи) вакцина клиник синовларининг учинчи босқичида иштирок этадиган 40 минг кўнгилли ҳақида бормоқда. Параллел равишда Россия вакцинаси билан хавф гуруҳидаги одамлар – шифокорлар, ўқитувчилар ва бошқалар эмланилиши керак. Соғлиқни сақлаш вазирлиги чоршанба куни вакцинация «тез орада» бошланиши кераклигини айтди.

Москвадаги илк кўнгиллилар аллақачон эмланган, деб хабар берди шаҳар мэри ўринбосари Анастасия Ракова. Вакцинанинг биринчи партияси учта поликлиникага етказиб берилган. Вакцинанинг биринчи компоненти дарҳол, иккинчиси – 21 кундан кейин қўлланади. Эмлаш бепул. 

Айни пайтда, Мексика Россия вакцинасининг 32 миллион дозасига буюртма берган, деб хабар берди Reuters келишувга яқин манбага асосланиб. Бу билан Россиянинг бевосита инвестициялар фонди (РБИЖ) шуғулланади. 

Август ойида Қозоғистон ушбу фонд билан барча синовлар ўтганидан сўнг 2 миллиондан ортиқ дозадаги вакцинани етказиб бериш тўғрисида шартнома имзолаганди. Жамғарма раҳбари Кирилл Дмитриевнинг айтишича, Россия хорижий шериклар билан биргаликда бешта давлатда, хусусан БАА, Саудия Арабистони ва Филиппинда йилига 500 миллион дозадан ортиқ вакцина ишлаб чиқариши мумкин.

Сал аввал халқаро олимлар гуруҳи Lancet журналида чоп этилган рус вакцинаси ҳақидаги мақола графикалардаги такрорланиш ва бошқа ноаниқликларни пайқашди. Олимлар журнал муҳаррири ва мақола муаллифларига аниқланган статистик аномалияларни ойдинлаштиришни сўраб мурожаат қилишди. 

Нашр қилинган маълумотлар ишончли ва аниқ, уларни Lancet’нинг беш нафар рецензентлари кўриб чиққан, деди Гамалеи номидаги марказнинг илмий ишлар бўйича директор ўринбосари Денис Логунов. 

Путин эмланадими ёки йўқ?
«Ростех» корпорацияси раҳбари Сергей Чемезов «Спутник» билан аҳолидан аввал эмланишга улгурди. 

Фото: Россия Мудофаа вазирлиги/ТАСС

Ундан олдин Москва мэри Сергей Собянин ва Мудофаа вазири Сергей Шойгу ҳамда «Сибур» раҳбари Дмитрий Конов ўзларининг эмланишлари билан мақтанишган. Bloomberg нашри ёзда рус элитаси вакиллари – мансабдор шахслар ва топ-менежерларида экспериментал вакцинага олдиндан эгалик қилиш имкони борлиги ҳақида ёзганди. 

Чемезов журналистларга «Ростехнинг» Гамалеи номидаги марказ билан ҳамкорлик қилишини эслатди ва ўзини жуда яхши ҳис қилаётганини айтди. «Яқинда натижани текширдим – антитана бор, яъни иммунитет шаклланган», деди Чемезов.

Журналистлар чоршанба куни президент матбуот котиби Дмитрий Песковдан Путин коронавирусга қарши эмланадими ёки йўқлигини сўрашди. Песков аниқ жавоб бермади: «Президентнинг эмланилишига келсак, у қачон буни зарур деб ҳисобласа, ўзи бу ҳақда хабар беради». 

Аввалроқ Путин қизларидан бири Covid-19’га қарши эмланганлигини айтганди.

  • Сўнгги маълумотларга кўра, дунёда Covid-19дан зарарланиш ҳолатлари сони 27,8 миллиондан ошган, шундан 904 мингдан ортиқ бемор вафот этган. Пандемия бошланганидан буён 19,3 миллион киши соғайиб чиққан.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *