Кўрсатгичлар яхши, энди лицензион мусобақани кутамиз

Токио-2020 ёзги Паралимпия ўйинлари йўлланмалари учун курашаётган Ўзбекистон пара атлетика терма жамоаси ўтган ҳафта Бирлашган Араб Амирликларида ўтказилган икки ҳафталик ўқув-машғулот йиғинини якунлаб юртимизга қайтиб келди.

Режа бўйича ушбу ўқув-машғулот йиғини якунлангач пара атлетикачиларимиз 14-17 март кунлари Дубай шаҳрида бўлиб ўтадиган халқаро Гран-прида иштирок этишлари лозим эди. Бироқ, коронавирус эпидемияси сабаб ушбу лицензион турнир бекор қилинди.

Таъкидлаш керакки, лицензион мусобақа қолдирилган бўлишига қарамай пара атлетикачиларимиз мезбон БАА ҳамда Япония терма жамоалари спортчиларига қарши синов-назорат беллашувларини ўтказишди. Бу орқали бош мураббий атлетларимизнинг тайёргарлиги қай даражада эканини яна бир бор кўздан кечириб олди.

Эътиборлиси, натижалар ҳам ёмон эмас. Аксарият спортчиларимиз ушбу кўрсатган натижалари билан Токио-2020 Паралимпия ўйинлари йўллмансига эга чиқишлари мумкин.

Юқоридаги жадвалда кўрсатилган натижалардан келиб чиқадиган бўлсак, пара атлетикачиларимиз Дубайдаги мусобақада жами 17 та лицензияни нақд қилишлари мумкин эди. Шунда Пара атлетика бўйича аввал қўлга киритилган 8 та лицензияни қўшиб ҳисоблаганда жами 25 та спортчи Токиога бориш ҳуқуқини қўлга киритган бўлар эди.

Эслатиб ўтамиз, ҳозирча лицензион турнирнинг қачон ва қаерда ўтказилиши номаълум.

Ўзбекистон Миллий Паралимпия ассоциацияси

матбуот хизмати

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *