Люцернда ўтадиган Универсиада-2021 декабрга қолдирилди

Халқаро университетлар спорти федерацияси (FISU) Швейцариянинг Люцерн шаҳрида келгуси йилнинг 21-31 январь кунлари бўлиб ўтиши режалаштирилган 30-қишки Универсиада ўйинлари коронавирус пандемияси сабабли қолдирилгани ва мусобақалар 2021 йил 11-21 декабрь кунлари бўлиб ўтишини маълум қилди.

Қарор ташкилот Ижроия қўмитаси томонидан FISUга аъзо миллий федерациялар, шунингдек, дастурдан ўрин олган олтита халқаро федерация ўртасида ўтказилган сўровнома натижасида қабул қилинди.

Эслатиб ўтамиз, Швейцариядаги талабалар ўйинлари бир вақтнинг ўзида мамлакатнинг олтита маъмурий ҳудуди – кантоннинг ҳамкорликдаги қўшма лойиҳасидир, Люцерн эса мусобақанинг асосий маркази бўлиши керак. Ташкилотчилар режасига кўра, Универсиадага 50 мамлакатдан келадиган 2500 нафардан зиёд спортчи еттита объектда ўнта спорт тури бўйича куч синашадилар. Aввалги мусобақалар 2019 йилда Красноярскда бўлиб ўтган эди.

– Коронавирус пандемияси 2020 йилга кучли салбий таъсир кўрсатди, дея қўшимча қилди FISU Бош котиби ва ижрочи директори Эрик Сенронд. – Кейинги бир неча йил ичида унинг асоратлари халқаро спорт тақвимида сезиларли ўзгариш ясади. Универсиадани кейинга қолдиришда биз мавжуд вазиятни, мамлакат бюджетини ва йирик мусобақалар жадвалларини инобатга олдик.

Таъкидлаш керак, “Люцерн-2021” Ташкилий қўмитаси спорт анжуманини бундан бошқа кечиктирмаслиги аниқ, чунки 2022 йилги қишки мавсум Пекиндаги Олимпия ўйинларига бағишланади. Икки йилга кечиктиришнинг эса иложи йўқ, чунки 2023 йилда 31-қишки Универсиада ўйинларига Aмериканинг Лейк-Плесид шаҳри мезбонлик қилиши режалаштирилган.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *