Магистрлар илмий-педагогик фаолиятга қай даражада жалб этилмоқда? — таҳлил ва муносабат

Олий таълим муассасаларида қабул сонининг ўсиб бориши профессор-ўқитувчиларга бўлган талабнинг ҳам ошишига олиб келмоқда. Бу эса битирувчи магистрларнинг илмий-педагогик фаолиятга жалб этилишини ҳам кенгайтиришни тақозо этади.

Биз мавзу юзасидан соҳа расмийлари ва мутахассислар фикрлари билан қизиқдик.

«ОТМ вакант иш ўрни ҳақида эълон бериши керак»

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Ташкилий-кадрлар бошқармаси бошлиғи Бобиромон Қодиров:

Бобиромон Қодиров

– Ҳар йилги қабул квоталари иш берувчилар эҳтиёжидан келиб чиқиб, улар берган таклиф ва тавсиялар асосида шакллантирилади. Шунингдек, иқтисодиёт тармоқларидаги мавжуд иш ўринлари ҳам инобатга олинади.

Бевосита ОТМлардаги иш ўрнига тўхталсак, ҳар 14 талабага бир ўқитувчи тўғри келадиган бўлса, қабул квотаси ошгани сари ОТМларга дарс берувчи ўқитувчилар сони ҳам ошиб боради.

ОТМга ишга қабул қилишда аниқ меъёр белгиланмаган. Буни ОТМлар ўзлари белгилайди, яъни илмий унвонга эга тажрибали ёки магистратурани битирган ёш мутахассис бўладими, буни университет раҳбарлари ҳал этади. Салоҳиятли кадрлар қанча ошса, университет учун шунча яхши бўлади.

Ҳозирда пандемия туфайли давлат унивеситетларида профессор-ўқитувчи иш ўринлари қисқартирилгани йўқ, бунга зарурат ҳам йўқ.

Агар вакант иш ўрни пайдо бўлса, ОТМ бу ҳақда вақтли нашрларда эълон бериши керак. Бу газета, ОТМ веб-сайти ёки ОАВнинг бошқа турлари бўлиши мумкин. Бир ой давомида қабул қилинган аризалар университет кенгаши томонидан кўриб чиқилади. Ундан аввал номзод ОТМ ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши олдида очиқ дарс ўтиб беради, бу – президентнинг 2018 йилги қарори билан белгиланган. Лекин магистратурани битирган номзодлар, давлат грантида таълим олган бўлса, 3 йилгача бу танловдан озод этилади ва тўғридан тўғри қабул қилинади.

2020 йил 26 августда президент янги ўқув йилига тайёргарликка бағишланган видеоселектор йиғилишида магистратурада 2-курсда ўқиётган талабаларни, истисно тариқасида, ОТМ кенгаши қарори билан 0,5 штат ўрнига педагогик фаолиятга жалб этишга рухсат берди. Бу албатта мажбурий эмас, эҳтиёждан келиб чиққан ҳолда қилинади. Бу нарса тизим учун янгилик ҳисобланади.

Лекин тизимда айрим муаммолар борлигини ёш мутахассислар олий таълим муассасаларига ишга кира олмай, илмий фаолиятдан тўсилиб қолаётганини айтишаётганидан билиш мумкин.

«Магистрни олий таълимда синаб кўришдан қўрқмаслик керак»

Ўрол Норматов, ЎзФА докторанти:

– Магистр даражасини олган мутахассис ўз имкониятларидан фойдаланмас экан, унинг бакалавр битирувчисидан фарқи қолмайди. Ўзбекистонда магистрларга имтиёзлар борлигини эътироф этиш керак. Лекин шу билан бирга магистрларга ишонч билдириш кам, айниқса, етакчи университетларда илмий даражаси юқори устозларнинг кўплиги бунга сабаб бўлади.

Магистрлар кейинги илмий фаолияти учун ОТМларда дарс бериши ёки Фанлар академияси тизимидаги институтларда ишлаши лозим.

Олий таълимга номзодларни саралаб олишда муаммоларни бир томонлама кўрмаслик керак. Чунки айнан айрим магистрларнинг билимсизлиги ҳам, баъзи университетларда эса субъектив сабаблар билан ишга олмаслик ҳам бор гап.

«Онлайн дарслар учун бир ўқитувчи етади, дейишди»

Нилуфар Раҳимова, 2014 йилда ФарДУ магистратурасини математика ихтисослиги бўйича тамомлаган:

– Ўтган йили Қўқонда хусусий университет очилганда ўқитувчи бўлиб ишга кирдим. Бир йиллик шартнома тузилган эди. Янги ўқув йилида янги шартнома тузилади, дейишди. Ўқув йили бошланиши олдидан мурожаат қилганимизда онлайн дарсда бир ўқитувчи етади, деб бизни ишга олишмади. Кейин ФарДУ, Қўқон педагогика институти, Тошкент техника университетининг Қўқон филиали, Фарғона малака ошириш марказига ишга кириш учун мурожаат қилганман, аммо ижобий натижа олмадим.

Биз каби ёшлар илмий фаолиятимизни изга тушириб олишимиз керак-ку. Мавжуд кадрларга иш бўлмаса, устига устак яна давлат гранти асосида магистрлар тайёрлашнинг мантиғи нима?

Нодавлат ОТМларда таълим сифати қандай назорат қилинади?

Дарҳақиқат, айрим хусусий университетларда таълим онлайн шаклга ўтгани муносабати билан ўқитувчи штатлари қисқартирилмоқда. Бу эса таълим сифатига таъсир этиши мумкинлиги эҳтимолдан холи эмас. Айни масалада Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси Нодавлат таълим муассасалари фаолиятини лицензиялаш бўлими бошлиғи Сардор Махсудовга мурожаат қилдик.

Сардор Махсудов

– Нодавлат ОТМларда таълим сифати 4 хил шаклда назорат қилинади.

1. Нодавлат ОТМлар фаолиятини лицензиялашда сифатли таълимни ташкил этиш шароитлари, имкониятлари ва ОТМда фаолият юритадиган профессор-ўқитувчиларнинг салоҳияти экспертлар томонидан ўрганилади ва олийгоҳ моддий-техник базаси белгиланган мезонларга жавоб бериши текширилади.

2. Лицензия талаб ва шартларининг бажарилиши режа-график асосида назорат қилинади, таҳлилий ўрганишлар олиб борилади ва аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича тегишли чора-тадбирларни амалга оширишда тадбиркорга амалий ёрдам кўрсатилади.

3. Ҳар 5 йилда олий таълим ташкилотларининг ҳар бир таълим йўналиши алоҳида аккредитациядан ўтказилади.

4. Шунингдек, фуқаролар мурожаати, мониторинг натижалари, сўровномалар ва ижтимоий тармоқлардаги маълумотлар асосида «хавфни таҳлил этиш» йули билан таълим сифати ёмонлашиш хавфи мавжуд ОТМлар аниқланиб, улардаги таълим сифати ҳолати ўрганилади.

Назорат тизими доимий бўлиб, уларнинг барчаси таълим сифатини таъминлашга, муаммоларни юзага келишидан олдин бартараф қилишга ва таълим олувчиларнинг ҳуқуқини ҳимоя қилишга қаратилган. Бунда Таълим инспекцияси нодавлат таълим ташкилотларини текширувчи эмас, балки амалий ва методик жиҳатдан ёрдам берувчи орган сифатида намоён бўлмоқда.

– Айрим нодавлат ОТМларда таълим онлайн режимда олиб борилаётгани сабабли, штатлар сони қисқартирилаётгани ҳақида мурожаат қилишмоқда. Бу қисқартириш таълим сифатига таъсир қилмайдими?

– ОТМларга педагог ходимларни ишга қабул қилиш Вазирлар Маҳкамасининг «Олий таълим муассасаларига педагог ходимларни танлов асосида ишга қабул қилиш тартиби тўғрисида»ги низом билан тартибга солинади.

Ҳозирги кунда аксарият ОТМлар бир ўқитувчига тўғри келадиган талабалар сонини кундузги таълим шакли учун 1:14 нисбатда қабул қилган. Бошқача ҳолатлар ҳам мавжуд.

ОТМлардаги ўқитувчилар штати сони анъанавий ёки онлайн таълим олиб боришдан қатъи назар ушбу ўқув йили учун бир ўқитувчига тўғри келадиган талабалар сони нисбати асосида шакллантирилади.

Республикада ўқитувчи-талаба нисбати нормативи 1:14 деб белгиланган ва ОТМга кадрлар тайёрлаш хусусиятидан келиб чиққан ҳолда кенгаш қарори асосида 50 фоизгача ўзгартириш хуқуқи берилган.

Ушбу ҳуқуқдан фойдаланиш таълим сифатига салбий таъсир қилмаслиги лозим, шунинг учун кенгаш томонидан қарор қабул қилишда таълим сифати энг асосий меъёр сифатида қаралиши лозим. Масалан, АҚШда ҳам бу кўрсаткич ўртача 1:14 нисбатда таъминланмоқда. Хусусан, Флорида университетида 1:13, Пенн давлат университетида 1:12, Мичиган давлат университетида 1:16 бўлса, Индиана университетида 1:26 нисбат.

Бу нисбатлар фарқ қилишининг асосий сабаблари – кадрлар тайёрлаш йўлга қуйилган мутахассисликларнинг хусусиятлари, талабаларнинг тайёргарлик даражаси, ўқитувчиларни қўллаб-қувватлаш хизматларининг мавжудлиги (масалан, топшириқларни баҳолашда ўқитувчига ассистент бириктирилган), машғулотни олиб бориш усуллари (масалан, лекция кўп сонли талабаларга мўлжалланган бўлса, лаборатория машғулоти кам сонли талабага мўлжалланган) ва баҳолаш турларига (тест, лойиҳа иши, кейслар, тақдимотлар ва бошқалар) боғлиқ.

«ОТМларда илмий салоҳият кўрсаткичини ошириш урфга кирган»

Эркинжон Каримов, физика-математика фанлари доктори:

– Ҳозир давлат ОТМларида илмий салоҳият кўрсаткичини ошириш учун илмий даражали кадрларни ишга олиш урфга кирган. Лекин кадрлар етишмовчилиги уларни магистрлар билан ишлашга яна мажбур қилади.

Магистратурани давлат грантларида ўқитишдан асосий мақсад – ОТМлар учун кадрлар тайёрлашга кучли асос яратиш, аслида. Айни пайтда математика йўналишида кадрлар танқислиги кузатиляпти. Яқин йилларда табиий авлодлар алмашинуви натижасида бу эҳтиёж янада ортади.

Эркинжон Каримов

Ҳозирги хусусий ОТМлар имкон қадар ўқитувчиларга сарфланадиган маблағни тежаш ҳисобига фойдани кўпайтирмоқчи. Акс ҳолда бир мутахассислик бўйича битта ўқитувчини қолдиришдек қалтис қадамга бормасди. Ўқиш тури онлайн бўлганда ҳам, бир ўқитувчи сифатли таълим беролмайди. Аслида оддий ва онлайн таълимда ўқитувчиларга бўлган эҳтиёж сезиларли ўзгармаслиги керак.

Биздаги шароитларда фаолият кўрсатаётган бундай ОТМлар ҳақиқий рақобат муҳитида бу каби иш қилишга юраги бетламасди. Айнан математика соҳасида магистратурани тамомлаётган талабаларга маслаҳатим – илмий даража олишни мақсад қилиши ва ОТМларда фаолият кўрсатишга етарли асослар яратишлари мақсадга мувофиқ.

«Докторантурага қабул ва унда ўқишни ўқув йилига мослаштириш керак»

Ғолибжон Ботиров, ЎзФА Математика институти директорининг ёш математиклар масалалари бўйича ўринбосари:

Ғолибжон Ботиров

– Илмий текшириш муассасасига ишга киришда, ихтиёрий битирувчи бу ерга ишга киролмайди. Чунки илмий текшириш институтларига ишга кириш у ерда айнан талабгор танлаган йўналишда илмий тадқиқот олиб бораётган илмий гуруҳнинг мавжуд бўлишига боғлиқ. Шунингдек, илмий текшириш институтларига устоз-шогирд тизимида ёшлар ишга кириш имкониятига эга бўлади.

Докторантурада ўқишга келсак, магистр битирувчида кейинги босқични давом эттиришда тизимли муаммо мавжуд. Бу кўпчилик илм аҳлини қийнаб келаётган нарса. Маълумки, таянч докторантурада календар йил бўйича иш юритилади, яъни имтиҳонлар декабрда ўтказилиб, январдан докторант ҳисобланади, магистр эса ўқишни июнь ойида битиради. Оралиқ 6 ойда бошқа жойда ишлашга ёки ишсиз юришига тўғри келади. Шунда ҳам камида 2 ой ишсиз қолади, нега деганда, таълим соҳасида ишлайман деса, августдан ишга қабул қилинади.

Энди ишга кирди ҳам дейлик, докторантура имтиҳонларидан муваффақиятли ўтгандан кейин ўша иш жойини ташлашга тўғри келади. Ишни ҳам, ўқишни ҳам давом эттириш илмий фаолияти сусайишига олиб келиши мумкин. Бу тизимли муаммо, ечим топиш ҳам осон эмас, тўғри. Лекин 6 ой – оз муддат эмас. Хоҳ иш бўлсин, хоҳ илмий фаолиятнинг кейинги босқичи – узлуксизлик таъминланиши керак, деб ҳисоблайман.

Энг ёмони, докторантурани тугатгандан кейин ҳам аҳвол шу. Докторантура декабрда тугаса, январдан иш излайди. Бу пайтда айниқса олий таълимдан иш топиш муаммо, вакант ўринларни ёки янги ўқув йилини кутишга мажбур.

Ёш мутахассисларнинг ОТМларга ишга киришига тўхталсам, масалан, математика мутахассислигини битирган магистрларга ОТМларда эҳтиёж юқори. Чунки бир томондан қабул квоталарининг мунтазам ошиб бораётгани, иккинчи томондан, ОТМда номутахассис фанлар: кимё, физика, биология каби йўналишларда математика дарс соатлари кўпайтирилгани профессор-ўқитувчиларга бўлган талабни оширмоқда. Айни пайтда ОТМ рус тилли гуруҳларида дарс ўтадиган математикларга эҳтиёж бор.

Йигитали Маҳмудов тайёрлади.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *