Маданият вазирлиги Самарқандда бузилган тарихий бино бўйича кескин муносабат билдирди

Самарқанд вилояти Маданий мерос бошқармаси раҳбари Амир Темур кўчасидаги бино бузиб бўлингач, вазирлик қошидаги маданий мерос Департаментга хабар бергани маълум қилинган.

Самарқанд шаҳар, Амир Темур кўчасида жойлашган 14-уйнинг бузилиши бўйича ижтимоий тармоқларда кескин муҳокама қилинаётган фикрлар бўйича Маданият вазирлиги ўз муносабатида Самарқанд шаҳар ҳокимлигидан Амир Темур кўчаси, 14-уй бузилиши бўйича тушунтириш беришларини талаб қилади.

Маданий мерос департаменти экспертлари томонидан ушбу объект 2010 йилда маданий мерос объекти рўйхатидан чиқарилган бўлса ҳам у тарихий қурилиш иншоотининг бир қисми ҳисобланар эди. Нега Маданият вазирлиги Амир Темур кўчаси, 14-уй объектининг бузилиши, шунингдек у ердаги бузилишлар ҳақидаги суд қароридан хабардор қилинмади?

Маданият вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Бош Прокуратурасига 1990-2000 йилларда тарихий объектларни қайси сабабларга биноан рўйхатдан чиқарилганлиги бўйича қуйидаги сўровнома асосида текширув ўтказилиши масаласи бўйича мурожаат қилади:

1. Объектлар нега рўйхатдан чиқарилди?

2. Ушбу хулосалар ким томонидан қабул қилинган?

3. Хулосалар маданият вазирлиги ва вилоят ҳокимиятининг қайси раҳбари томонидан тасдиқланган?

4. Рўйхатдан чиқарилган бошқа объектларнинг тақдири нима бўлган?

Айни пайтда Ўзбекистон Республикаси Бош Прокуратураси томонидан Маданий мерос департаментининг барча вилоятдаги инспекциялар фаолияти, шу жумладан, Самарқанд вилоят маданий мерос бошқармасининг фаолияти ҳам ўрганилиб, маданий мерос сақланишига нисбатан бир қанча қонунбузарликлар аниқланди.

Маданият вазирлиги ушбу қонунбузарликлар учун барча айбдорлар ва Самарқанд вилояти маданий мерос бўлимидаги алоқадор шахсларнинг мазкур ноқонуний хатти-ҳаракатларига нисбатан жавобгарлик чора-тадбирлари қўлланишини билдиради. Самарқанд вилояти Маданий мерос бошқармаси раҳбари бино бузиб бўлингач, Департаментга хабар берган.

Маданият вазирлиги таъкидлайдики, агар тарихий объектнинг бузилиши Самарқанд шаҳар ҳокимлиги томонидан амалга оширилган ҳамда Маданият вазирлиги бу жараённи тасдиқламаган бўлса, у ҳолда бузилишга оид масъулиятни шаҳар ҳокимлиги ўз зиммасига олиши ва бунга алоқадор шахслар амалга оширган ноқонуний хатти-ҳаракатлари учун қонунда белгиланган тартибда жазоланиши шарт.

Маданият вазирлиги шуни билдиради:

Самарқанд вилояти Маданий мерос бўлимини бошқариш эксперт кенгашининг барча қарорлари бекор қилинади. Сабаб, Самарқанд вилояти Маданий мерос бўлимини бошқариш эксперт кенгашининг таркиби ҳақидаги зарур ҳужжатлар тақдим қилинмаган ва шу туфайли улар Маданий мерос департаменти, Ўзбекистон Республикаси маданият вазири томонидан тасдиқланмаган; Маданий мерос департаменти ҳузуридаги Илмий-тадқиқот кенгашида мутахассислардан бирининг мажбурий иштирок этиши талаблари бажарилмаган.

Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги Самарқанд вилояти ҳокимияти ва Самарқанд шаҳар ҳокимлигидан ЮНЕСКО ҳудудларига қўйилган барча талаб меъёрларига қатъий амал қилинишини талаб қилади.

Айни пайтда Маданият вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан 2019 йил октябрь ойида тасдиқланган маданий мерос объектлари рўйхатига кирган маданий мерос объектларини сақлаб қолишни ўрганибгина қолмай тарихий-маданий аҳамиятга эга, аммо рўйхатга кирмаган объектларни ҳам асраш масаласини ўрганиб чиқмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Самарқанд шаҳри, Амир Темур кўчаси 14-уй манзилидаги, Самарқанд давлат тиббиёт институтининг 800 ўринли янги барпо этилган ўқув биноси олдидаги собиқ қаҳвахона биноси бузилиши бошлангани ҳақида хабар берган эдик.

Самарқанд шаҳар ҳокимлиги маълумотига кўра, бино шаҳарсозлик талабига жавоб бермайди. 2017 йилда мазкур ҳудуддаги шаҳарсозлик талабларига мос келмайдиган бино ва иншоотлар бузилиши ҳамда эгаларига компенсация тўловлари берилиши кўзда тутилган.

Бироқ, мазкур бинони бузиш ишлари анча вақтдан буён низоли бўлгани сабаб қолдирилиб келинган.

Иш жорий йилнинг 3 июнь куни фуқаролик ишлари бўйича шаҳар судининг очиқ суд мажлисида кўриб чиқилиб, даъвогар — шаҳар ҳокимлиги фойдасига ҳал этилган.

Ҳокимлик, ҳамда Самарқанд вилоят мажбурий ижро бюроси маълумотларига кўра, жавобгар, нотураржой объектининг эгаси В.Элона айни вақтда Ўзбекистон Республикаси ҳудудида бўлмаганлиги сабабли унинг номига очилган ҳисоб рақамга 640 миллион сўм товон пули ўтказиб берилган.

Ўзини В.Элонанинг ишончли вакили деб таништирган Мақсуд Абдужабборов эса бино бузилишини хусусий мулкка тажовуз ҳамда ноқонуний деб билишини маълум қилмоқда. Унга кўра, Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш инспекцияси рухсати билангина ушбу бино бузилиши мумкин.

Шаҳар ҳокимлиги мутасаддилари эса мазкур собиқ қаҳвахона тарихий бино ҳисобланмаслиги ва бу бўйича тегишли ташкилотларнинг хулосалари мавжуд эканини таъкидлаган.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *