Майк Тайсон ва Рой Жонс ўртасидаги жанг ЖОНЛИ ЭФИРда намойиш этилади

29 ноябрь куни Калифорнияда бокс афсоналари Майк Тайсон ва Рой Жонс ўртасидаги жанг бўлиб ўтади.

Жангга бўлган катта қизиқиш ва томошабинларнинг мурожаатларини инобатга олган ҳолда УЗРЕПОРТ ТВ ушбу тўқнашувни Ўзбекистонда трансляция қилиш учун эксклюзив ҳуқуқларни қўлга киритди. Бу ҳақда телеканал расмий сайтида хабар берилди.

Жонли эфир Тошкент вақти билан эрталабки соат 07:00да бошланиши режалаштирилган.

Мусобақани такроран 29 ва 30 ноябрь кунлари соат 21:00да УЗРЕПОРТ ТВда кўриш мумкин бўлади.

Майк Тайсон 2005 йилдан бери жанг ўтказмаётганини таъкидлаб ўтиш зарур. Унинг ҳисобида 58 та жанг бор, шулардан 50 тасида ғалаба қозонган. Жонс сўнгги марта рингга 2018 йилда чиққан эди. Фаолияти давомида у 66 та ғалабага эришган (47 нокаут билан), тўққизта жангда мағлуб бўлган.

Маълум қилинишича, жанг ғолиби Жаҳон бокс кенгашининг (WБC) “Frontline Battle Belt”, деб номланган махсус камарига эга бўлади.

Aввалроқ, матбуот анжумани пайтида 54 ёшли Тайсон мухлисларни “ҳақиқий жанг” ўтказишига ишонтирганди. Жонс ҳам бўлажак рақибининг сўзларини қўллаб-қувватлади. “Aгар ҳақиқий жанг бўлишига ишонмаётган бўлсангиз, демак сиз боксни тушунмайсиз. Майкга қарши кўргазмали жангга ким ҳам чиқарди? Биз шлемсиз жанг қиламиз. Кўргазмали жанг? Йўқ, барчаси реал бўлади“, – дея қўшимча қилди Рой Жонс.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *