Макрон Литвада. У Светлана Тихановская билан учрашади

Фото: Литва миллий телерадиокомпанияси

Франция президенти Эммануэль Макрон расмий ташриф билан Литвада бўлиб турибди. Ташриф давомида Макрон минтақадаги кўплаб муҳим мавзулар ҳақида гапирди.

Макрон охирги 19 йил ичида Литвага борган илк Франция президенти бўлди. У Литвага борганидан мамнунлиги ва қийин кунларда уни жуда яхши кутиб олишганинидан хурсанд бўлганини айтди. Ўз навбатида, Литва президенти Гитанас Науседа Франция етакчисининг ташрифи икки мамлакат ўртасидаги муносабатларнинг янада яхшиланишига олиб келишини маълум қилди.

Макрон Литва Европа оиласидаги ўз ўрнига қайтаётганини айтиб, 19 йил ичидаги Литвага борган илк Франция президенти сифатида бу мамлакат қандай йўл босиб ўтганини айтишга ҳақли эканини таъкидлади. Франция етакчиси Литванинг олиб бораётган ислоҳотларини қўллаб-қувватлади.

Макрон ташриф давомида Россия билан муносабатлари ҳақида ҳам гапирди: «Стратегик жиҳатдан давлатлар билан мулоқот олиб бориш жуда муҳим. Биз ҳурмат ва шаффофлик асосида олиб бораётган мулоқотлар чегараларимиздаги можаролар ҳал этилган даврда яшашимизга имкон беради.

Европада тинчликка фақат Россия билан ҳамкорликда эришиш мумкин. Чунки ҳудуднинг географияси ва тарихи шуни талаб қилади. Биз худди Россиядан олисдаги оролда бўлгандек яшай олмаймиз. Шу сабаб ўзаро хавфсизлик режасини ишлаб чиқиш, ҳамкорлик масалаларини кўриб чиқиш керак. Бу эса Европа суверенитетининг мустаҳкамланишига ҳисса қўшади», деган Макрон.

Франция президенти ташриф давомида Украина ва Беларусь ҳақида ҳам фикр билдирди. У Беларусга нисбатан қўлланган санкцияларни қўллаб-қувватлаб, Александр Лукашенконинг сайловларда ғалаба қозонгани ва унинг президентлигини тан олмаслигини маълум қилди.

Литва президенти Гитанас Науседа Макрондан Беларусдаги сиёсий инқирозни яхшилашда қатнашишини сўради. Франция президенти эса Литвада бўлиб турган ва Беларусь президентлик сайловларида ғалаба қозонганини айтаётган мухолифат етакчиси Светлана Тихановская билан учрашишга розилигини маълум қилди. ОАВга кўра, бугун 29 сентябрь куни Макрон ва Тихановская ўртасида учрашув бўлиб ўтади.

Олдинроқ Le Figaro нашрига интервью берган Светлана Тихановская Россияда Беларусь масаласида Франция президентининг фикрларини инобатга олишлари мумкинлигини айтганди.

Маълумот учун, Болтиқ бўйи давлатлари Латвия, Литва ва Эстония Александр Лукашенко ҳамда Беларусь ҳукуматидаги яна 29 кишига нисбатан санкция эълон қилган. Уларга Латвия, Литва ҳамда Эстонияга кириш тақиқланган. 1-2 октябрь кунлари ўтказилиши кутилаётган Европа Иттифоқи кенгашида иттифоқнинг Беларусь бўйича қарори қабул қилиниши кутилмоқда.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *