Мамлакатимизда баскетболни янада оммалаштириш юзасидан йиғилиш ўтказилди

Кеча Республикамизда баскетбол спорт турини янада ривожлантириш ва оммалаштириш юзасидан мутасаддилар иштирокида йиғилиш ўтказилди.

Видеоконференция шаклида ўтказилган йиғилишда Жисмоний тарбия ва спорт вазирининг биринчи ўринбосари Равшан Эрматов иштирок этди. Йиғилишда баскетболнинг ривожи йўлида олиб борилаётган ишларни тўла даражада қониқарли эмаслиги қайд этилди.

Ҳозирги кунда ушбу спорт тури билан 669 нафар мураббий ва 12 000 дан ортиқ спортчилар шуғулланиб келаётган бўлсаларда, баскетбол республикамизнинг барча ҳудудларида бир хил даражада ривожланган деб бўлмайди.

Умумтаълим мактаблари жисмоний тарбия фани ўқув дастурида баскетбол спорт тури киритилган ва дарсдан кейин шуғулланувчилар мавжуд бўлишига қарамасдан, турли ёшдаги терма жамоаларни шакллантириш, селекция ишларига етарли эътибор қаратилмаётганлиги, охирги йиллар давомида халқаро майдонда арзирли натижалар қўлга киритилмаётганлиги, бундан ташқари Миллий терма жамоаларнинг ҳам рақобатбардошлилик даражаси юқори эмаслиги алоҳида таъкидлаб ўтилди.

Юртимизнинг барча шаҳар ва туманларида, ҳар бир ўқув муассасаларида спорт заллари мавжуд бўлсада, бу имкониятлардан етарли даражада фойдаланилмаётганлиги, кўплаб турар-жой мавзеларида, маҳаллаларда, чекка қишлоқларда ўйин майдончалари шуғулланувчилар эҳтиёжини қондира олмаётганлиги эътироф этилди.

Шунингдек, йиғилишда баскетболнинг оммавийлигини янада ривожлантириш, унинг томошабоплиги ва ҳомийларини шакллантириш зарурияти, эркаклар, аёллар, талабалар ва болалар баскетбол лигаларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, барча ёшдаги терма жамоаларнинг мураббийлар штабига селекция ишларига эътибор қаратиш, йил якуни бўйича Бош мураббийлар фаолиятига алоҳида баҳо берилиши каби вазифалар белгиланди.

Йиғилиш якунида спорт ўйинлари бўйича Республика Олий спорт маҳорати мактаби ва Бош мураббийлар олдига давлат ва ҳомийлик кўмаги ёрдамида миллий чемпионатни Осиё, Европа ва бошқа давлатлардаги етакчи баскетбол лигалари даражасига кўтариш, мураббийлар ва ҳакамларнинг малакасини ошириш ҳамда халқаро мусобақаларни тегишли ташкилий даражада ташкил этиш учун халқаро экспертларни янада фаол жалб қилиш бўйича муҳим вазифалар қўйилди.

Шунингдек, мамлакатимизда спорт ўйинларини ривожлантириш бўйича Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори лойиҳасини ишлаб чиқиш бўйича келишиб олинди.

Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги
Матбуот хизмати

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *