Маҳмуд Қошғарий асарларида жисмоний тарбия ва спорт мавзуси

Маҳмуд ибн Ҳусайн ибн Муҳаммад ал–Қошғарий – XI асрнинг қомусий олими, фиқҳ ва ҳадис илмининг билимдонидир. Қошғарда туғилган, қорахонийлар давлатининг пойтахти Боласоғунда яшаган.

Маҳмуд Қошғарийнинг “Девону луғотит–турк” асари (1068) туркий энциклопедия кўринишида бўлиб, унда умумий тарихий-маданий, этнографик ва тилшунослик маълумотлари тўпланган ва жамланган. “Девон” – маданият ёдгорлиги бўлиб, ўзида ахлоқий қадриятлар ва тарбия тартибларини, аввалги аждодлардан барча меросни ўзлаштирган ҳамда XI асрдаги халқларнинг ўзига хос дунёқарашини жамлаган. Китобда қадимий зороастр-шомонийлик дунёқарашлари билан бирга, янги мафкура – ислом ва сўфийлик каби тармоқлар тасвирланган.

Маҳмуд Қошғарийнинг “Девону луғатит-турк” асари ўзбек тилига профессор Солиҳ Муталлиби томонидан таржима қилинган ва 1960-1963 йиллар Тошкентда нашр этилган.

Маҳмуд ибн Ҳусайн ибн Муҳаммад ал–Қошғарий қадимги туркман, ўғуз, яғмо, қирғиз халқларининг шаҳару қишлоқларини кезиб чиқиб, уларнинг сўз ва атамалари тўғрисида луғат-қомус тузиш ниятида туркий уруғларнинг сўзларини тўплаган. У турли хил сўз маъноларини ўрганди, уларни чиройли қилиб тартибга солиб “Девону Луғатит-турк”, яьни туркий сўзлар девонини олти йил давомида ёзган. Бу девонда Туркистондан то Термизгача, Касбий Орол соҳилларидан Тангритоғ (Тянь-Шан) тоғи этакларигача бўлган ҳудудда яшаган халқлар тарихи, ўлкамиз географияси, уруғ, қабила, элатларнинг тил хусусиятларини, сўз атамаларини ўз даврига нисбатан мукаммал даражада ўрганиб чиқди.

Маҳмуд Қошғарийнинг биз учун қимматли бўлган ушбу асарида жисмоний тарбия ва спортга оид масалаларга ҳам тўхталганини эътироф этиш жоиз.

Маҳмуд Қошғарий ўзининг “Девону Луғатит-турк” асарида спортнинг сузиш турига алоҳида эътибор беради. Сувда чўмилиш, сув кечиш, сувда қувиш, шўнғиш мусобақалари Ўрта Осиё элатлари ўртасида кенг тарқалганлиги тўғрисида маълумотлар беради.

Маҳмуд Қошғарий девонининг яна бир муҳим хусусияти шундаки, унда халқ ўйинларининг 150 га яқин тури тилга олинади ва шундан 20 га яқин ўйинларга батафсил таъриф берилади.

Олим ўйин турлари, ўйинларнинг болалар ва катталарнинг ёш хусусиятларига нисбатан тақсимоти, машғулот, мусобақа турларини баён қилади. Ушбу асардан ўша даврда кураш спорт тури ҳам мавжудлигини билиб оламиз. Байрам вақтларида ўтказиладиган жисмоний машқлар орасида қўлда махсус таёқ билан от чопиб ўйналадиган човгон (тўп) ўйини ҳам машҳур бўлган. Чавгон ўйини – Марказий Осиё халқларининг қадимий ва севимли от спорти ўйинларидан бўлганлигини англатади.

Маҳмуд Қошғарий чавгон ўйинининг таърифини, қоидаларини, майдоннинг ўлчамидан тортиб, дарвоза ва коптокнинг ўлчами ва нимадан тайёрланганигача батафсил маълумот берган.

Девонда ўша даврда отда пойга чопиш, қувлашиш, тез йўртиб юриш, йўрғалатиб юриш, тоққа чиқиш, пастликка тушиш каби “баҳс”лар баёни ҳам келтирилган.

Ҳозирда биз “спорт мусобақалари” деб ишлатадиган иборамизни Маҳмуд Қошғарий девонида ўша даврда “баҳс” ибораси билан атаган.

Шуни ҳам алоҳида эътироф этиш керакки, ўша даврда мерганликда баҳс қилишга алоҳида эътибор берилган. Унинг турлари жуда кўп бўлган. Жумладан: ўқ-ёй отиб, қуш ва хайвонларни овлаш, арқон тахтали сопқонларда тош отмоқ, баландга илиб қўйилган қовоқни мўлжалга олиб отмоқ каби. Қовоқни мўлжалга олиш “Олтин қовоқ” баҳси деб аталган. Бундай баҳсларнинг қоида ва шартлари, хиллари, ғолибларга бериладиган совринлар, асбоб-анжомларнинг номлари батафсил баён этилган.

Халқимиз ўртасида кенг ривожланган ўйинлардан бири кураш ҳақида юқорида кисқача тўхталдик. Кураш баҳслари ҳам турлича бўлган: бағдоди, чалиш, енг силкиш, бўйин қайириш каби.

Девонда болалар ўйинлари ҳам кўп учрайди. Уларнинг баъзилари йўл-йўлакай санаб ўтилган бўлса, айримлари тафсилоти билан келтирилган. “Жангли-мангли” деган ўйиннинг ҳам тавсифи қизиқарли.

Ошиқ ўйини, тўп ўйини, чўпон болалар ўйинлари, чиллак ўйинлари, қизларнинг арғимчоқ ўйинигача санаб ўтилган. Айрим келтирилган ўйинлар бугунгача ўйналаётган ўйинларни эслатади. Масалан, “ўтиш-ўтиш” деб аталган ўйин, “кесак қўйди”, “дарра солди” – “мушт кетти” ўйинларига ўхшаб кетади.

Девонда келтирилган “Оқсуяк” ўйини XV асрда буюк мутафаккир Алишер Навоийнинг “Маҳбуб ул-қулуб” асарида ҳам учрайди. Кўп жойда “Оқсунгак”, “Оқсуяк” тарзида ишлатилган. Ҳозирги болалар ҳам “Оқсуяк” ўйинини ўша тарздаги қоида асосида ўйнайдилар.

Эътибор бериб қарасак, бу ўйин ер куррасининг кўп жойларида учрайди. Инсонлар орасидаги муносабатларда харакатли ўйинлар чегара билмайди.

З.Расулов – Жисмоний тарбия ва спорт вазирининг
Маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш,
давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини
таъминлаш масалалари бўйича маслаҳатчи

М.Акбарова – Жисмоний тарбия ва спорт бўйича
мутахассисларни илмий-методик таъминлаш,
қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш марказининг
Ахборот ресурс маркази бошлиғи​

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *