Миллатлар лигаси: Англия бор аламини Исландиядан чиқариб олди

УЕФА Миллатлар лигаси А2 гуруҳи 6-тури доирасида Англия “Уэмбли”да Исландияни қабул қилиб, ишончли ғалабани қўлга киритди.

Ўйин инглизларнинг тўлақонли устунлигида ўтди. Ўйиннинг 20-дақиқасида Деклан Райс Фил Фоденнинг узатмасини боши билан дарвозага тўғрилаб қўйди. Кейинроқ исландияликлар Мэйсон Маунтга жарима майдони ичида зарба бериш имкониятини беришди ва ярим ҳимоячи дарвозанинг ўнг қуйи қисмига аниқ зарба йўллаб, ҳисобни иккитага оширди.

Иккинчи таймда Исландия ўзига келишни бошлади, бироқ 54-дақиқада Биркир Севарссон иккинчи қўпол ўйини учун қизил карточка олиб майдонни тарк этди. 80-дақиқадада Фил Фоден Жейдон Санчонинг узатмасидан сўнг дарвозани ишғол қилди. Тўрт минут ўтганидан сўнг Фоден яна бир ҳужумни ажойиб зарба билан якунлаб, ҳисобни тўрттага етказиб қўйди.

Шу тариқа Англия 6 ўйинда 10 очко жамғариб, А2 гуруҳида учинчи ўринни эгаллади. Исландия эса турнирни очко жамғармаган ҳолда якунлади.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *