Миллий матбуот марказида Президент қарори юзасидан матбуот анжумани ташкил этилди

Хабарингиз бор, 18 май куни Ўзбекистонда жисмоний имконияти чекланган ва ногиронлиги бўлган шахсларга спорт билан шуғулланишлари учун зарур шарт-шароитлар яратиш, уларнинг халқаро спорт майдонларида муносиб иштирок этишларини таъминлаш ва давлат томонидан қўллаб-қувватлаш мақсадида Муҳтарам Президентимизнинг “Паралимпия ҳаракатини ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори имзоланди.

Бугун Миллий матбуот марказида ушбу қарор юзасидан “Ўзбекистонда Паралимпия истиқболлари” мавзусида матбуот анжумани ташкил этилди. Унда Ўзбекистон Республикаси Туризм ва спорт вазирлиги бошқарма бошлиғи Ж.Хасанов, Ўзбекистон Миллий Паралимпия ассоциацияси раиси ўринбосари Ш.Моминджанов ва Ўзбекистон Республикаси Туризм ва спорт вазирлиги матбуот хизмати ходими О.Эшмаматов иштирок этди ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари томонидан берилган саволларга жавоб беришди.

Дастлаб, Паралимпия ассоциацияси раиси ўринбосари Ш.Моминджанов Юртбошимиз томонидан Паралимпия спортига қаратилаётган эътибор ва ғамхўрлик, айниқса куни кеча қабул қилинган “Паралимпия ҳаракатини ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарор бу соҳада фаолият юритаётган барчани янада руҳлантирганини алоҳида таъкидлади.

-Президентимизнинг имзолаган қарорга мувофиқ, барча турдаги спорт таълим муассасаларида жисмоний имконияти чекланган ва ногиронлиги бўлган шахслар учун спорт бўлимларини босқичма-босқич ташкил этиш ҳамда иқтидорга эга бўлган жисмоний имконияти чекланган ва ногиронлиги бўлган шахсларни танлаб олиш, уларни спорт турларига йўналтириш, тайёрлаш ҳамда олий спорт маҳоратига эришишни таъминловчи узлуксиз ягона комплекс тизимни жорий этиш белгиланди.

Яна бир муҳим жиҳати, қарорда Миллий Паралимпия ассоциацияси негизида Миллий Паралимпия қўмитаси ташкил этилиши ҳам белгилаб қўйилган. Айтиш лозимки, ҳозирги кунда Халқаро Паралимпия қўмитасига дунёнинг 168 та давлати аъзо ҳисобланади. Улар орасида фақатгина 5 та давлат ассоциация мақомида, қолган барчаси эса қўмита мақомида фаолият юритади. Ўзбекистон Миллий Паралимпия ассоциацияси негизида Ўзбекистон Миллий Паралимпия қўмитасининг ташкил этилиши ҳам жаҳон тажрибасидан келиб чиққан ҳолда, ўз самарасини албатта беради.

Паралимпия қўмитасининг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгиланди:

• паралимпия спорт турларини оммавийлаштириш, иқтидорли спортчиларни аниқлаш, танлаш ва саралаш (селекция) ҳамда уларни профессионал спортчилар сифатида тайёрлашнинг янги тизимини йўлга қўйиш;

• ёзги ва қишки паралимпия спорт турларини ривожлантиришга кўмаклашиш, спорт объектлари ва иншоотларининг концепциялари, техник топшириқлари, техник-иқтисодий асослари/параметрлари ва бошқа лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиқишда иштирок этиш;

• паралимпия спорт турлари билан шуғулланадиган тренерлар, услубчи-йўриқчилар ҳамда бошқа мутахассисларни қайта тайёрлаш, малакасини ошириш ва касбий ривожлантиришнинг замонавий ва самарали тизимини жорий этиш;

• республикада ёки бошқа халқаро спорт федерациялари (ассоциациялари) ва бошқа ташкилотларида ўз аъзоларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ифодалаш ва ҳимоя қилиш, ўз аъзоларини ахборот, илмий-услубий ва моддий-техник жиҳатдан таъминлаш;

• паралимпия спорт турларини ривожлантириш бўйича клублар фаолиятини ташкиллаштириш ва самарали бошқариш, миллий ва халқаро спорт ташкилотлари билан яқиндан ҳамкорлик қилиш ва тажриба алмашиш.

Ш.Моминджанов Паралимпия қўмитасининг худудий бўлинмалари ҳамда паралимпия тизимида фаолият олиб борадиган мутахассислар тайёрловчи институт ташкил этилиши борасида берилган саволга ҳам атрофлича жавоб берди.

-Президентнинг янги қарори билан паралимпия спорт турларини ривожлантириш ва мувофиқлаштириш, услубий қўллаб-қувватлаш ва мониторинг қилиш мақсадида Паралимпия қўмитасининг ҳудудий бўлинмалари ташкил этилади.

Шунингдек, паралимпия спорт турлари бўйича малакали мутахассисларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимини яратиш ҳамда илмий тадқиқотлар олиб бориш кўзда тутилган. Бу борада Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университетининг Паралимпия факультети ташкил қилинади.

Шу билан бирга, Паралимпия қўмитаси ҳузурида юридик шахс мақомига эга бўлган Паралимпия спорт турлари бўйича мутахассисларни тайёрлаш институти ҳам ташкил этилади.

Институт паралимпия спорт турлари билан шуғулланувчи мураббийлар, услубчи-йўриқчилар ҳамда бошқа мутахассисларни қайта тайёрлаш ва малакасини оширишга ихтисослашган илмий-таълим муассасаси ҳисобланади.

Туризм ва спорт вазирлиги бошқарма бошлиғи Ж.Хасанов ҳам ОАВ ходимлари томонидан берилган саволларга жавоб қайтарди.

-Муҳтарам Президентимизнинг “Паралимпия ҳаракатини ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Туризм ва спорт вазирлигида 2 та штатдан кам бўлмаган тарзда алоҳида Паралимпия бўлими ташкил этилади. Ушбу бўлим Паралимпия қўмитаси билан тизимли иш олиб боради. Яна бир таъкидлаш лозим бўлган муҳим жиҳат, қарорга кўра республикамиздаги 300 дан ортиқ спорт таълим муассасаларида фаолият юритаётган паралимпия спорт турлари бўйича тренерларнинг маоши 1,5 баробарга оширилади. Бундан ташқари мамлакатимиздаги барча Олимпия захиралари спорт коллежларига бериладиган умумий квотанинг 5 фоизи айнан паралимпия спортчилари учун ажратилади.

Журналистлар томонидан Токио-2020 Паралимпия ўйинларига тайёргарлик жараёни ҳақида берилган саволларга Ш.Моминджанов қуйидагича жавоб берди.

-Паралимпия ўйинларида ўзбекистонлик спортчиларнинг иштироки йилдан-йилга яхшиланиб бормоқда. Жумладан, 2008 йил Пекинда бўлган ёзги Паралимпия ўйинлари юртимиз спортчилари учун дастлабкиси бўлган ва унда 2 нафар пара спортчисиз 2 та спорт туридан иштирок этган. 2012 йил Лондонда бўлиб ўтган Паралимпия ўйинларида 4 та спорт туридан 10 нафар паралимпиячимиз қатнашган. 2016 йил Рио-де Жанейро шаҳрида ўтказилган сўнгги Паралимпия ўйинларида эса 5 та спорт туридан – Пара енгил атлетика, Пара сузиш, Пара дзюдо, Пара пауэрлифтинг ва Пара ўқ отишдан жами 32 та спортчи баҳсларда кураш олиб бориб, 31 та медалга сазовор бўлган. Бу натижалар тарихда қолди, албатта. Энди бизни олдинда Токиода кутиб турган Паралимпия ўйинларида бунданда кўпроқ спортчилар билан, бунданда кўпроқ медаллар қўлга киритишни мақсад қилганмиз. Ишонамизки, Президентимиз томонидан Паралимпия ҳаракатига қаратилаётган бундай катта этибор ўз самарасини беради ва биз Японияда юқори марраларни заб этамиз.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *