МОҚ вице-президенти Азиз Камилов ва Паралимпия ассоциацияси раиси Мухторхон Ташходжаев пара пауэрлифтинг ҳамда пара енгил атлетика спортчилари билан учрашди

Барча соҳалар, шу жумладан спорт соҳаси учун ҳам жуда оғир кечган 2020 йил аста-секин ниҳоясига етиб бормоқда. Олдинда эса бизни улкан спорт тадбирлари ўтадиган 2021 йил кутиб турибди. Паралимпия спортчилари ҳам ушбу синовли даврда ўз куч-ғайрат ва шижоатини намоён қилиб, Паралимпия йилига пухта тайёргарликни давом эттирмоқда.

Бугун Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси томонидан Паралимпия ассоциациясига бириктирилган масъул, Миллий Олимпия қўмитаси вице-президенти Азиз Камилов Паралимпия спортчиларининг тайёргарлик жараёни билан танишиш мақсадида Пара енгил атлетика ҳамда Пара пауэрлифтинг терма жамоалари спортчилари ҳамда мураббийлари билан учрашди. Азиз Камиловга Ўзбекистон Миллий Паралимпия ассоциацияси раиси Мухторхон Ташходжаев ҳамда раис ўринбосари Шарифжон Моминджанов ҳамроҳлик қилди.

Улар дастлаб Енгил атлетика марказида ўқув-машғулот йиғини ўтказаётган Пара енгил атлетика терма жамоаси аъзолари билан учрашди. Айтиш лозимки, пара енгил атлетикачиларимиз айни дамгача Токио-2020 ёзги паралимпия ўйинларига 8 та йўлланмани нақд қилган. Аммо февраль ойида Бирлашган Араб Амирликларида бўладиган лицензион мусобақадан сўнг ушбу йўлланмалар сони яна шунчага ортиши мумкин. Шу боис терма жамоа аъзолари БААдаги мусобақага пухта тайёргарлик кўришмоқда ва ушбу тайёргарликнинг якуний қисмини январь ойида айнан Бирлашган Араб Амирликларида ўтказишни режалаштирган. Терма жамоа бош мураббийи Сардор Абдуҳолиқов МОҚ ва ассоциация раҳбарларига келажак режалари ҳақида тақдимот ўтказди.

Шундан сўнг раҳбарлар Паралимпия марказида ўқув-машғулот йиғини ўтказаётган Пара пауэрлифтинг терма жамоаси аъзолари билан учрашди. Учрашув давомида раҳбарият спортчиларнинг тайёргарлик жараёни билан танишди. Ассоциация шифокори Зарифа Бойтемирова эса спортчиларнинг соғлиги доимий назоратга олингани ҳақида гапирди.

Азиз Камилов ва Мухторхон Ташходжаев спортчилар билан учрашув давомида улардан фақат ва фақат юқори натижаларни кутишаётгани, буларга эришиш учун уларга қандай ёрдам керак бўлса, барчаси ҳал этилишини алоҳида таъкидлади.

Ўзбекистон Миллий Паралимпия

ассоциацияси матбуот хизмати

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *