МОҚ раҳбарияти енгил атлетикачилар билан учрашди

Хабарингиз бор, шу кунларда Миллий олимпия қўмитаси раҳбарияти олимпия спорт турларини ўрганиш жараёнини олиб боряпти. Бугун улар Ўзбекистон енгил атлетика федерациясининг пойтахтимиздаги марказида бўлишди.

Қўмита раиси Р.Шоабдураҳмонов, раиснинг ўринбосари вазифасини бажарувчи Ш.Ташматов, Ўзбекистон енгил атлетика федерацияси раиси А.Абдувалиев, Республика спорт тиббиёти илмий-амалий маркази директори А.Садиков бугунги учрашувда терма жамоа мураббийлари ва аъзолари билан жонли ва ўзаро самимий мулоқот олиб боришди.

Бундан кўзланган мақсад – терма жамоа аъзоларининг ўқув-машғулот йиғинлари учун яратиб берилган шароитлар, ҳал қилиниши лозим бўлган долзарб масалалар, спортчи ва мураббийларни ҳам маънавий, ҳам моддий қўллаб-қувватлаш, Токио-2020 ўйинларига кўпроқ йўлланмаларни қўлга киритиш орқали совринли ўринлар учун кураш олиб борилишини таъминлашдек вазифалардан иборат эди.

Енгил атлетика 1896 йил Aфинада бўлиб ўтган биринчи ёзги Олимпия ўйинларидан бери дастурдан мустаҳкам ўрин эгаллаб келган. Мусобақа дастлаб эркаклар ўртасида ўтказилган, аёллар ўртасидаги баҳслар 1928 йил Aмстердамда ўтган ёзги Олимпия ўйинларида жорий қилинган. Ушбу спорт турида 47 та медаллар жамланмаси ўйналади. Мустақиллик давридаги Олимпиадаларда иштирокимизга назар ташлайдиган бўлсак, «спорт қироличаси» бўйича Атланта-1996 ва Пекин-2008да 12 нафардан, Сидней-2000да 22, Афина-2004да 10, Лондон-2012да 13, Рио-2016да 16 нафар спортчимиз йўлланмани қўлга киритишга муваффақ бўлишган. Лекин шу пайтга қадар айтарли натижага эришганимиз йўқ.

МОҚ раҳбари атлетларимиз билан суҳбатлашар экан, давлатимиз томонидан соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, пандемия шароитида ҳар бир спортчи саломатлигининг барқарорлигини таъминлаш, шу қаторда, терма жамоа аъзолари нуфузли мусобақаларда юқори ўринларни қўлга киритишлари учун барча имкониятлар сафарбар этилиши, спортчилар ҳам бунга муносиб жавоб беришга тайёр бўлишларини таъкидлади. Мулоқот жараёнида МОҚ раиси ўринбосари вазифасини бажарувчи Ш.Ташматов ҳам енгил атлетикачиларимиздан аниқ мақсад сари ҳаракат қилишса, совринли ўринларни эгаллашлари мумкинлигига алоҳида аҳамият қаратди.

Ўз навбатида терма жамоа аъзолари самимий ва жонли мулоқот, шунингдек, яратиб берилаётган шароитлар учун МОҚ раҳбариятига ўз миннатдорчилигини билдиришди.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *