МОҚ раҳбарияти Ўзбекистон таэквондо WT ассоциациясида бўлди

Ўзбекистонлик яккама-якка кураш усталари доимо Осиё ва Олимпия ўйинларида совринли ўринларга даъвогарлар сафида туради, деб ҳисоблайдиган бўлсак, Токио-2020 Олимпиадасида таэквондо WT бўйича ҳам медаллар кутишга ҳақлимиз.

Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси раҳбариятининг олимпия спорт турларини ўрганиш режасига мувофиқ ташрифининг навбатдаги манзили Ўзбекистон таэквондо WT ассоциацияси бўлди.

Учрашувда МОҚ раиси Р.Шоабдураҳмонов, қўмита раиси ўринбосари в.б, Ўзбекистон таэквондо WT ассоциацияси раиси Ш.Ташматов ҳамда мураббий ва спортчилар ўртасида кечган суҳбатда нафақат йўлланмалар сонини ошириш, балки Олимпиададан медаллар билан қайтиб келиш масаласига алоҳида урғу берилди.

Хабарингиз бор, куни кеча пойтахтимиздаги “Универсал” спорт саройида катталар ўртасида кёруги, пумсэ ва пара-таэквондо бўйича Ўзбекистон чемпионатида зўр муваффақият билан ўтказилди. Мазкур турнир пандемия сабаб мавсумнинг узоқ давом этган танаффусидан кейинги илк мусобақаси бўлди. Барча таэквондо усталари беллашувлар муҳитини соғиниб қолгани сезилиб турди. Кутилганидек, жаҳон рейтингида муносиб ўрин эгаллайдиган Никита Рафалович, Дмитрий Шокин, Светлана Осипова, Нигора Турсунқулова каби спортчилар ўз вазн тоифаларида ғолибликни қўлга киритишди. Ўз навбатида, ушбу спортчилар Кунчиқар юртда ўтадиган Ўйинларда медалларга даъвогарлик қила олишади.

Учрашувдан мақсад фақат яқин келажакдаги натижалар эмас, балки Ханчжоу-2022 Осиё ва Пекин-2024 Олимпия ўйинларида ҳам муносиб иштирок этиш, бунинг учун бугунданоқ ишни тўғри ташкил этиш, аниқ чора-тадбирлар асосида машғулотларни олиб бориш кераклиги таъкидланди.

Ўзаро очиқ ва самимий руҳда кечган суҳбатда ечимини кутаётган муаммолар ва камчиликлар ҳақида ҳам рўй-рост айтилди. МОҚ ва Ўзбекистон таэквондо WT ассоциацияси томонидан мураббийлар ва спортчиларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга келишиб олинди.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *