МОҚ раҳбари янги мавсумга тайёрланаётган оғир атлетикачиларимиз билан учрашди

Миллий олимпия қўмитаси раиси Рустам Шоабдураҳмонов Чирчиқ шаҳрида янги мавсумга тайёрланаётган оғир атлетика бўйича Ўзбекистон терма жамоаси вакиллари билан учрашди. Очиқ мулоқот тарзида ўтган учрашувда 2020 йил сарҳисоб қилиниб, келгуси йил учун қўйилган режалар муҳокама қилинди. Учрашувда МОҚ раиси ўринбосари Шерзод Ташматов, Ўзбекистон оғир атлетика федерацияси раисининг биринчи ўринбосари Шаҳрулло Маҳмудов, терма жамоа мураббийлари ва спортчилар иштирок этишди.

Биз учун аҳамиятлиси, декабрь ойи якунида Рио-2016 Олимпия ўйинлари чемпиони, Олимпиада рекордчиси Руслан Нурудиновга Халқаро оғир атлетика федерацияси томонидан қўйилган дисквалификация муддати якунланади. Бу эса жамоамизнинг янги йилга янада кучайган ҳолда қадам қўйишини англатади. Шу ўринда аниқлик киритиб ўтиш жоизки, Нурудинов мусобақаларда Токио Олимпиадаси учун етарли рейтинг очколарини йиғишга улгурмайди. Ҳамюртимиз янги йилда Осиё ва жаҳон чемпионати каби мусобақаларда яна бир карра ўз чемпионлигини қайтариш ниятида.

Бу йил ҳамма учун ноқулай шароитда ўтди. Шундай бўлсада, спортчилар меҳнат қилишдан тўхташгани йўқ. Буни ўтказилган онлайн мусобақаларда рақибларнинг натижасидан кўриб турибмиз. Шунга қарамай, барчангизга йил давомида қилган меҳнатингиз ва натижаларингиз учун ташаккур айтиб ўтамиз. Юртбошимиз бизни доимо қўллаб-қувватлаб келганлар. Насиб қилса, келаси йил Токио Олимпиадасида ҳам юксак натижаларни қайд этамиз”, – деди Рустам Шоабдураҳмонов.

Суҳбат давомида янги мавсум давомида қўйилган режалар, Токио Олимпиадасига тўлиқ таркибда йўлланма олиш, биз учун аҳамиятли бўлган мусобақалар ва ўқув-машғулот йиғинлари ҳақида атрофлича фикр алмашилди.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *