Мураббийлар учун семинарнинг айни вақти

Чирчиқ шаҳрида оғир атлетика бўйича ўсмирлар ўртасидаги Ўзбекистон чемпионати баҳслари ўз якунига етди. Мусобақага Республикамизнинг барча вилоятларидан ёш иқтидорли спортчилар қатори ҳудудлардаги мураббийлар ҳам ташриф буюришди. Маълумки, карантин даврида терма жамоаларимизда фаолият олиб бораётган хорижлик мутахассислар иштирокида онлайн семинарлар ёки маҳорат сабоқлари ташкил қилинган эди. Айни пайтда оғир атлетика бўйича Республикамизнинг деярли барча мураббийлари бир жойда тўпланганларидан унумли фойдаланган ҳолда терма жамоамизнинг маслаҳатчи мураббийи қозоғистонлик Ержас Болтаев иштирокида семинар бўлиб ўтди.

Мазкур тадбир Ўзбекистон Давлат жисмоний тарбия ва спорт университети билан ҳамкорликда назарий ва амалий кўринишда ташкил қилинди. Назарий машғулотлар ЎзДЖТСУ проректори Камил Байазитов томонидан олиб борилган бўлса, амалий жараёнларни Ержас Болтаев ҳамда Баҳром Абдумаликов ўтказишди. Тадбир давомида мутахассислар замонавий оғир атлетикада олиб борилаётган методикалар, спортчиларнинг ёши ва ҳолатидан келиб чиққан ҳолда тўғри юкламалар бериш каби йўналишларда қимматли маълумотлар бериб ўтишди. Шунингдек, тадбир иштирокчилари ўзларини қизиқтирган саволларига жавоб олишди.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *