Муроджон Аҳмадалиевнинг ҳимоя жанги Тошкентда бўлиб ўтадими? Унинг ёрдамчи менежери жавоб берди

Профессионал бокснинг 55.3 кг вазн тоифасида WBA ҳамда IBF чемпиони ҳамюртимиз Муроджон Аҳмадалиевнинг илк ҳимоя жанги Тошкентда бўлиб ўтиши мумкинлиги ҳақида хабарлар тарқалган эди. Мазкур воқейлик хусусида “Мир бокса” промоутерлик компаниясининг мижозлари бўлган ўзбекистонлик боксчиларнинг ёрдамчи менежери Алик Фролов сайтимизга берган интервьюсида ўз фикрини билдириб ўтди. 

“Ҳозирча, бу аниқ эмас. Барибир биринчи навбатдаги вариант АҚШ бўлиб турибди. Бироқ биз Муроджоннинг ҳимоя жангини Ўзбекистонда ўтказишни мақсад қилганмиз. Бу Ўзбекистон учун жуда катта воқейлик бўларди.Тарихда биринчи бор жаҳон чемпионлик камарининг ҳимоя жанги ўтказилиши ва яна бир қатор жаҳон даражасидаги боксчилар Ўзбекистонга ташриф буюриши мумкин. Бутунжаҳон бўйлаб трансляциялар амалга оширилиши баробарида ўзбекистонлик мухлислар учун ҳам бу ажойиб ҳодиса бўларди. Ўйлайманки, яқин вақтлар мобайнида юртингиз боксчиларининг кўпчилиги машҳурликка эришади ва ундан кейин, Ўзбекистон ўзига хос профессионал бокс мамлакатига ҳам айланади. Табиийки, ўшанда катта бокс кечаларини тез-тез ўтказиш имконияти ҳам пайдо бўлади. Насиб қилса, Ўзбекистонга бориш ниятимиз бор. Муроджон Аҳмадалиевнинг ҳимоя жангини юртингизда ўтказиш имконини қўлга киритсак жуда ажойиб иш бўларди”,-деди Фролов.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *