Мустақиллигимизнинг 29 йиллигига бағишлаб Пара енгил атлетика бўйича Республика мусобақаси ўтказилди

Аввал хабар берганимиздек, бугун Ўзбекистон Республикаси давлат Мустақиллигининг 29 йиллигига бағишлаб Пара енгил атлетика бўйича Республика мусобақаси бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси президенти Рустам Шоабдураҳмонов, Ўзбекистон Миллий Паралимпия ассоциацияси раиси Мухторхон Ташходжаев, Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва Спорт вазирлиги матбуот хизмати раҳбари Отабек Эшмаматов ва бир қатор мутахассислар иштирок этишди.

Бугунги мусобақада юртимизнинг 5 та вилоятидан жами 10 нафар пара атлет ўз кучини синаб кўрди. Ушбу спорт тадбири Паралимпия ассоциациясининг YouTube даги расмий каналида тўғридан-тўғри жонли эфирда намойиш этилгани боис уни дунёнинг бошқа мамлакатларидан ҳам мухлислар томоша қилишди.

Мусобақани Паралимпия ассоциацияси раиси ўринбосари Шарифжон Мўминжанов кириш сўзи билан очиб, барча юртдошларимизни ассоциация номидан Мустақиллик байрами билан самимий муборакбод этди. Шундан сўнг сўз олган Миллий Олимпия қўмитаси президенти Рустам Шоабдураҳмонов спортчиларга ҳамда ушбу мусобақани уюштирган барча ташкилотчиларга ўз миннатдорчилигини билдирди.

“Ассалому алейкум, азиз спортчи ва мураббийлар! Спорт аҳлига шундай катта тадбир ташкил қилиб бераётганингиз учун алоҳида миннатдорчилик билдириб ўтамиз. Карантин даврида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишда жонбозлик кўрсатмоқдасизлар. Ҳукуматимиз ҳамда Жисмоний тарбия ва спорт вазирлигининг қўллаб-қувватлаши билан биргаликда улкан ишларни амалга оширамиз”, – деди Рустам Шоабдураҳмонов.

Сўнгра, Ўзбекистон Республикаси давлат мадҳияси янгради. Кейин эса беллашувларга старт берилди. Қайд этиш жоиз, спортчиларимиз сўнгги 5 ойни карантин шароитида ўтказган бўлсалар ҳам кўрсатган натижалари мутахассисларнинг эътиборига сазовор бўлди. Айниқса, Нурхон Қурбонова (17.00 метр), Наталья Семёнова (18.36), Моҳигул Ҳамдамова (28.82), Абдулазизхон Абдуҳакимов (33.96), Розиёхон Эргашева (34.20) ҳамда Шаҳноза Адҳамова (26.20)нинг ўз йўналишларида қайд этган натижасини алоҳида айтиб ўтиш мумкин. Агар мазкур беллашув расмий халқаро мақомга эга бўлганида, бу кўрсаткичлар спортчиларимиз учун Токио-2020 Паралимпия ўйинларига йўлланма берадиган рейтинг поғонасидан жой олиш учун етарли бўлар эди.

Якунда ушбу мусобақада яхши натижалар кўрсатган спортчилар махсус мукофотлар билан тақдирланишди.

Шундан сўнг Пара енгил атлетика бўйича Ўзбекистон терма жамоаси бош мураббийи Сардор Абдуҳалиқов бугунги беллашувлар ҳар томонлама спортчилар учун фойдали бўлганини алоҳида таъкидлаб ўтди ва қуйидаги фикрларни билдирди:

“Бугунги мусобақада асосан Токио-2020 ёзги Паралимпия ўйинларида иштирок этиши режалаштирилган спортчиларимиз қатнашишди. Мени қувонтирган жиҳати шундаки, спортчилар деярли ярим йиллик танаффус бўлишига қарамай, яъни ҳеч қандай халқаро мусобақалар ва ўқув-йиғин машғулотларида иштирок этмасдан фақат уй шароитида шуғулланиб бундай яхши натижалар қайд этишди. Чунки, барибир бундай узоқ вақт мобайнида спортчининг жисмоний ҳолати ва спорт формасини юқори даражада ушлаб туриш жуда мушкул вазифа. Бунинг учун уларнинг мураббийларига ҳам ўз миннатдорчилигимни билдираман.

Шуни ҳам алоҳида айтмоқчиманки, юртимизда карантин қоидалари аста-секин юмшатилиши натижасида спортчиларимиз учун қулай шароит пайдо бўлмоқда. Шу боис биз барча санитария-гигиена қоидаларига тўлиқ амал қилган ҳолда сентябрь ойидан бошлаб ўқув-машғулот йиғини ўтказишни режалаштирдик. Ушбу машғулотларда асосан спортчиларга жисмоний юкламалар бериб, бу орқали натижаларни янада яхшилашга ҳаракат қиламиз.

Шу фурсатдан фойдаланиб, мусобақани ташкил этишда бевосита ёрдам берган Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва Спорт вазирлигига, Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитасига ва Ўзбекистон Миллий Паралимпия ассоциациясига ўз миннатдорчилигимни билдирмоқчиман.

Яна бир бор бутун халқимизни яқинлашиб келаётган энг азиз, энг улуғ байрам – Мустақиллигимизнинг 29 йиллик шодиёнаси билан чин юракдан табриклайман. Юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо бўлсин”, – деди Сардор Абдуҳолиқов.

Ўзбекистон Миллий Паралимпия ассоциацияси

матбуот хизмати

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *