Мустаҳкам ирода, темир интизом ва юксак масъулият – ютуқларимиз ва фаровонлигимиз гарови

Халқимиз энг буюк, энг азиз байрами – Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма тўққиз  йиллигини қарши олмоқда. Тарихимизда ўчмас саҳифа очган буюк истиқлол туфайли Ўзбекистон ўтган давр мобайнида жаҳон ҳамжамиятидан муносиб ўрин эгаллаб, миллий тикланишдан миллий юксалиш сари дадил одимламоқда.

Айниқса кейинги йилларда Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан аҳолининг ҳаёт даражаси ва сифатини яхшилаш, тадбиркорлик ва хусусий мулк ривожига кенг имконият очиб бериш, ёшлар, хотин-қизлар, кекса авлод вакиллари, ижтимоий ҳимояга муҳтож инсонларга доимий эътибор ва ғамхўрлик кўрсатишга қаратилган ислоҳотлар  изчил амалга ошириляпти.

Аммо бугунги кунда коронавирус пандемияси туфайли бутун дунё, инсоният ниҳоятда мураккаб даврни бошидан кечирмоқда. Жаҳондаги деярли ҳамма мамлакатларни қамраб олган бу юқумли касаллик янги тарихимизда мисли кўрилмаган инқирозга сабаб бўлди.

Ҳозирги пайтга келиб дунёда деярли 24 миллион киши ана шу XXI аср вабосига чалинган, уларнинг 800 мингдан кўпроғи вафот этган. Иқтисодчиларнинг ҳисоблаб чиқишича, COVID-19дан кўриладиган зарар астрономотик – деярли 9 триллион АҚШ долларини ташкил этиши тахмин қилинмоқда. Пандемия сабабли қатор корхоналар вақтинча ёпилиши, саноатнинг кўплаб тармоқларида ишлаб чиқариш занжирининг бузилиши жаҳонда ишсизлик даражаси яна 25 миллион кишига кўпайиши кутилмоқда. Айниқса, юқори даромад берадиган халқаро туризм, транспорт ва логистика соҳаларида тушумлар икки баробаргача камайди.

Коронавирус  пандемияси бирор мамлакатни, шу жумладан Ўзбекистонни ҳам четлаб ўтмади.  Бу юқумли касаллик юртимизда пайдо бўлган дастлабки кунлардаёқ давлатимиз  раҳбари халқимизга мурожаатида  “Ўзбекистонда ҳеч бир инсон, ҳеч бир оила давлатимиз ва жамиятимиз эътибори ва ғамхўрлигидан четда қолмайди!” деб кафолат бердилар.

Жуда мураккаб шароитларда, аксарият мамлакатларда самолётлар учиши ва поездлар қатнови тўхтатилган шароитда чет эллардан ва чартер самолёт рейслари,  темир йўл ва чегара постлари орқали минглаб  фуқароларимиз олиб келиниб, карантинга олинди.

Мамлакатда COVID-19га чалинган  барча беморларни даволаш учун  тиббиёт муассасалари кучайтирилган иш тартибига ўтказилди.  Тиббиёт муассасалари, сиҳатгоҳ, оромгоҳ ва ётоқхоналар карантинга ихтисослаштирилди. Тошкент вилоятининг Зангиота ва Юқоричирчиқ туманларида жадал суръатларда махсус шифохона ва карантин зонаси қурилди. Барча ҳудудларда даволаш ўринлари ва тиббий ускуналар сони бир неча баробар кўпайтирилди, тез тиббий ёрдам ва даволаш сифати тубдан яхшиланди. Чет эллардан керакли миқдорда сунъий нафас бериш аппаратлари ва касалликни аниқловчи тест олиб келинди.

Коронавирусга қарши курашишдаги ўзига хос “жанг майдони”да тиббиёт ходимлари ҳақиқий қаҳрамонлик намунасини кўрсатиб келмоқдалар. Улар  диагностика, даволаш, карантин ишлари БМТнинг Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти тавсиялари асосида олиб бормоқда. Натижада бугунга келиб мамлакатимизда жами коронавирус юқтирганларнинг 88 фоизи соғайди. Президентимиз  Шавкат Мирзиёев бундай натижа юртимиз тиббиёт ходимларининг буюк хизмати эканини алоҳида таъкидлади.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ҳам Ўзбекистонда коронавирус пандемияси тарқалишига қарши кураш борасида давлат органлари ҳамда жамоатчиликнинг биргаликдаги саъй-ҳаракатлари билан Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги  мамлакатлари орасида энг юқори кўрсаткичда ташкил этилганлигини алоҳида эътироф этди.

Халқимиз саломатлигини сақлашга биринчи даражали эътибор берилиши билан бирга пандемия шароитида стратегик аҳамиятга эга бўлган саноат корхоналарида, муҳим қурилиш майдонларида иш кундалик режа асосида, карантин қоидаларига қатъий риоя этган ҳолда ташкил этилди. Инқирозга қарши курашиш жамғармасидан инфратузилма объектлари ва ижтимоий соҳа қурилишига қўшимча 3,6 триллион сўм ажратилди. Бу маблағлар, энг аввало, ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантиришга йўналтирилди.  Шу туфайли  2020 йилнинг биринчи ярмида “Ўзэлтехсаноат”, “Ўзавтосаноат”, тўқимачилик, чарм-пойабзал, металлургия, электр энергияси тармоқларида ўсишга эришилди.

Ҳукумат карантин даврида уйда  ҳунармандчилик билан шуғулланаётган  28 мингдан зиёд тадбиркорни қўллаб-қувватлаш учун  50 миллион доллар маблағ ажратди.

Жаҳон банки томонидан Ўзбекистонга ажратилган 500 миллион доллар кредит маблағлари замонавий агрологистика марказлари ва комплексларини ташкил қилиш, кооперативлар ва кластерларни ривожлантириш,  илмий-тадқиқот муассасаларнинг моддий-техник базаси ва фаолиятини такомиллаштириш мақсадларига йўналтирилди.

Аҳоли ихтиёрида 4,5 миллионта томорқа хўжалиги самарадорлигини оширишга ҳам катта эътибор берилмоқда. Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши ҳамда унинг ҳудудий бўлинмалари ташкил қилиниб, 244 та “Томорқа хизмати” корхона фаолияти йўлга қўйилди. Томорқада янги лойиҳаларни амалга ошириш учун давлат бюджетидан 350 миллиард сўм ажратилди.

Аҳолимизнинг ёрдам ва кўмакка муҳтож қатламларини аниқ, манзилли асосда қўллаб-қувватлаш мақсадида “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракати кенг қулоч ёйди. Карантин даврида ёлғиз кексалар ва ногиронларга 18 турдаги озиқ-овқат ва гигиена воситалари бепул етказиб берилиб турди.

Президентимизнинг “Коронавирус пандемияси даврида ижтимоий ҳимояга ва ёрдамга муҳтож аҳоли қатламларини моддий қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонига мувофиқ, бюджетдан қўшимча 2 триллион сўм ажратилиб, ушбу маблағлар 1 миллион 700 минг нафар ёрдамга муҳтож аҳоли, 3 миллион 700 минг нафар пенсионер ва жорий йил якунига қадар қўшимча 500 минг нафар ижтимоий нафақа олувчиларга йўналтирилди.

Ҳозирги пайтда мамлакатимизда коронавирус пандемияси карантини талаблари юмшатилган. Аммо бу  ниқоб тақиб юриш, ижтимоий масофани сақлаш, оилавий маросимларни ихчамлаш каби энг оддий карантин қоидалари асло бекор қилинганлигини англатмайди.  Давлатимиз раҳбари  ҳар биримиз пандемия шароитида яшаш ва ишлашга, ҳаракатларимизда эпидемилогик талабларга сўзсиз амал қилишга одатланишимиз кераклигини уқтириб,  эҳтиёт чораларига риоя қилинмас экан  карантин чекловларини қайтадан татбиқ қилишга мажбур бўлинишидан огоҳлантирди. Мустақиллик байрамини ҳам  оила даврасида нишонлаш тавсия этилди.

Спортчиларимиз  бу масалада ҳам ташаббускор бўлишлари мумкин. Улар ўз спорт маҳоратларини муттасил ошириб бориш, ўз маънавиятларини юксалтириш, фарзандлари тарбияси билан шуғулланиш билан бирга жамиятда соғлом турмуш тарзини қарор топтириш фидойилари бўлишларига ишонч билдирса бўлади. Улар ижтимоий масофани сақлаган ҳолда ўз маҳаллаларида жисмоний тарбия машқларини ташкил этиш, кўпроқ пиёда юришнинг саломатликка  аҳамиятини тарғиб этишда шахсий намуна кўрсата оладилар.

Айни пайтда биз ҳаммамиз ўз сиҳат-саломатлигимизнинг фидойиси бўлишимиз жуда муҳимдир. Карантин қоидаларига қатъий риоя этиш билан бирга ҳар бир одам ўзини чиниқтириши, жисмония тарбия машғулотлари, спорт билан мунтазам шуғулланиши, оила аъзоларини ҳам  ана шунга даъват этишлари керак. Шунинг учун ҳам халқимиз “Чиниққанга – дард юқмас” дейди.

COVID-19 пандемияси Токиода шу йил ўтказилиши белгиланган Олимпия ўйинларини 2021 йилга кўчиришга мажбур қилди. Жаҳон бўйлаб режаланган халқаро мусобақалар, миллий чемпионатлар ҳам тўхтатилди.

Ана шундай вазиятларда ҳам  давлатимиз томонидан Ўзбекистонда жисмоний тарбия ва спорт   соҳаси ҳар тарафлама қўллаб-қувватланмоқда. Мамлакатимиз шаҳарлари ва қишлоқ жойларида янги спорт иншоатлари барпо этилмоқда, миллий терма жамоалари аъзолари, тренерлар, ҳакамларнинг ўз фаолиятларини давом эттириш учун зарур шарт-шароитлар яратилмоқда. Уларнинг  моддий шароитларидан мунтазам хабар олинмоқда тегишли ёрдамлар кўрсатилмоқда.

Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси карантин шароитида ҳам  миллий терма жамоалар аъзолари ўз спорт маҳоратларини ошириб боришларига катта аҳамият бермоқда. Улар учун жаҳонда  машҳур тренерлар томонидан мунтазам равишда онлайн маҳорат машқлари ўтказилмоқда. Шунингдек, спорт турлари бўйича онлайн мусобақалар ташкил этиляпти.

Бу ўз самарасини кўрсатмоқда. Спортчиларимиз сўнгги 5 ойни карантин шароитида ўтказган бўлсалар ҳам кўрсатган натижалари мутахассисларнинг эътиборига сазовор бўлмоқда. Жумладан, улардан Нурхон Қурбонова, Наталья Семёнова, Моҳигул Ҳамдамова, Абдулазизхон Абдуҳакимов, Розиёхон Эргашева ва Шаҳноза Адҳамова эришган натижалари  уларнинг  Токио-2020 Паралимпия ўйинларига йўлланма берадиган рейтинг поғонасидан жой олиш учун етарлидир.

Миллий олимпия қўмитаси, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва МОҚ қошидаги Республика спорт тиббиёти илмий-амалий маркази билан «Спортчиларда COVID-19 ни даволаш баёноти ва тиббий реабилитация масалалари: амалий жиҳатлари» мавзусида онлайн илмий-амалий конференция  ўтказди. Туркиядан келган мутахассислар, спорт секциялари шифокорлари, спорт мактаблари, вилоятларнинг спорт бошқармалари иштирок этган  ушбу анжуман давомида Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг COVID-19 билан касалланган беморларни даволаш бўйича тасдиқланган вақтинчалик тавсиясига мувофиқ клиник кўрсатмалар ва даволаш дастурларини таҳлил қилиш каби долзарб масалалар муҳокама қилинди.

Оғир атлетикачиларимиз  энг қутлуғ байрамимиз – Истиқлолимизнинг 29 йиллиги арафасида ажойиб ташаббусни бошладилар. Улар оғир атлетика бўйича “Ўзбекистон Республикаси Мустақиллиги кубоги” онлайн халқаро турнирини ташкил этдилар. Мазкур онлайн мусобақада дунёнинг 32 мамлакатидан 150 нафарга яқин полвонлар ғолиблик учун баҳс олиб боришади. Улар орасида Олимпиада ва жаҳон чемпионлари Зулфия Чиншанло (Қозоғистон), Луис Москера (Колумбия), Ли Веньвень (Хитой) каби машҳур спортчилар бор. Ўз навбатида, Адҳамжон Эргашев, Акбар Жўраев, Муаттар Набиева каби номдор вакилларимиз Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилади.

Президентимиз таъкидлаганидек, мард ва матонатли халқимиз қанчалик қийин ва оғир синовларга дуч келмасин, ўзининг мустаҳкам иродасини намоён этиб, ўзи танлаб олган мустақиллик йўлига доимо содиқ бўлиб келган.

Ҳозирги  мураккаб шароитларга қарамасдан халқимиз ўзининг эзгу  мақсадларига албатта етади – келажаги буюк Ўзбекистонни барпо этади.

Эркин ЭРНАЗАРОВ,

Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *